Соғлом оила - соғлом келажак

Ҳомиласиз ҳомиладорлик бу қандай синоат?!

«Ёшим 26 да. Касбим муҳандис бўлсада, ҳозирги кунда уй бекасиман. Эрим билан турмуш қурганимизга етти йил бўлди, аммо ҳанузгача гўдак йиғисига маҳталмиз.
Яқинда машҳур профессор опада даволандим, шифо топишимга имоним комил эди. Шу сабаблими, икки ой ўтар-ўтмас ҳайз кўришдан тўхтадим. Кўнглим айниб, бот-бот қайт қилгим келиб қийналсамда, қувончим олам-жаҳон эди. Қарангки, бир неча ой ўтар-ўтмас тўлишиб, қорним ҳам дўппайиб қолгандек эди, назаримда. Ҳаммамиз бўлғуси фарзандни умид билан кута бошладик. Эрим туғилажак «ўғил»га, мен эса «қизалоқ»қа исм излаб овора эдик. Қайнонамнинг «илк фарзанд туғилганига қадар сир тутилса, яхши бўлиши» ҳақидаги ўгитига амал қилиб, ўзимни гинекологга ҳам кўрсатмай юрдим. «Ҳомиладор»лигимга деярли тўрт ойдан ошганда, аёллар маслаҳатхонасига йўл олдик. Мени кўрикдан ўтказган гинеколог опа бошини чайқаб, ултратовуш текширувига юборди. Не ажабки, иккала дўхтир ҳам менинг умуман ҳомиладор эмаслигимни айтишди. Дунё кўзимга қоронғу бўлиб кетди. Уйим мусибатхонага айланди. Кўнглимнинг бир четида япроқ мисол қалтирабгина турган умид ҳам яна ой кўрганимдан сўнг мутлоқ узилди. Ё раб, бу не кўргилик?!»

Н.

бепуштлик ҳақида

Дарҳақиқат, «сохта ҳомиладорлик» деган тиббий атама билан номланувчи ҳолат ҳаётда учраб туради. Хусусан, табиатан неврозга мойил, таъсирчан аёлларда бу ҳол кўп учрайди. Фарзанд кўришни астойдил истовчи бундай аёлларда ҳайз тўхташи билан бирга «токсикоз» аломатлари – кўнгил айниши, қайт қилиш ҳам рўй беради. Шунингдек, қорин дўппайиши, семириш ҳам кузатилиши мумкин. Бундай аёлларда гонодотроп гормонлар ишлаб чиқарилиши ошиб, сариқ тана пайдо бўлади. Шу боис ҳомиладорликни аниқловчи тестлар ҳам ижобий (тасдиқ) натижа бериши мумкин. Бу каби ҳолат Тоғай Муроднинг «Ойдинда юрган одамлар» қиссасида ҳам ўзининг қойилмақом ифодасини топган:

«Онамиз тўлишиб-тўлишиб қолди. Ёноқларида сепкил тошиб-сепкил тошиб қолди.
– Оймоманинг бўйида бўпти, кўз тегмасин.
– Яратганнинг ўзи нольасини эшитибди, кеч бўлсаям берибди.
– Фарзанднинг эрта-кечи бўладими.
– Ишқилиб, эсон-омон қутулиб олсин.
Онамизни кўрмишлар ана шундай дедилар!
Аслида… ундай эмас!
Аёл зоти чинакам фарзанд доғида куйса…
Фарзандни қалбан орзу қилса… Худди бўйида бўлмишдай тўлишади! Аёл руҳияти шундай, аёл тани шундай, аёл қалби шундай!
Табиат аёлни фарзанд учун яратади.
Фарзанд – аёл бахти бўлади, шон-шарафи бўлади, юз-хотири бўлади!
Она – аёл зоти учун олийдан-олий мартаба бўлади!»

Эр ва хотин ҳар жиҳатдан мутлақо соғлом бўлсада, фарзанд кўра олмасликлари тез-тез учрайдиган ҳолатлар сирасига киради. Қуйида шундай ҳолатлардан бирини мисол тариқасида келтириб, тиббий нуқтаи назардан имкон қадар изоҳлашга ҳаракат қиламиз:

«Биолог ўқитувчиман, ёшим қирққа яқинлашиб қолди. Айримларга ибрат бўлар деган ниятда ўтмишим ҳақида сўзламоқдаман. Эрим икковимиз асли водийлик бўлсакда, пойтахт дорулфунунида ўқиб юрган пайтларимиз танишганмиз. Ўқишни тугатиш арафасида турмуш қурдик. Ҳаш-паш дегунча таҳсилни тугаллаб, ўз қишлоғимиз мактабида иш бошладик.

Аммо йиллар ўтсада, тирноққа зор яшадик. Бормаган жой, кўрсатмаган дўхтиримиз қолмади ҳисоб. Шифокорлар: «Иккингиз ҳам соппа-соғсиз, сиқилмасдан кутиш лозим», дейишарди. Фолбину, сохта «кароматгўй»ларга ташиб бор-будимизни тамомласакда, асло наф кўрмадик. Нуқул атрофдагилар қўлини нуқиб бизни кўрсатишаётгандек туюларди. Гоҳо ўғил тўйлардан кечроқ қайтган эримнинг болишлари кўз ёшдан нам бўлиб қолганини сезардим. Қайниларим бағри ҳам бирин-кетин фарзандлар билан тўла бошлади.

Энди қайнонам тугул, мендан анча кичик овсинларим ва қайнсингилларим ҳам дағал муомала қилиб, гап билан узиб оладиган бўлишди. Барча сизга ташланса ҳам эрингиз меҳр кўрсатиб, тасалли берса бас, оилангизга ҳеч ким раҳна сололмас экан. Шу тарзда тўққиз йилга яқин умр кечирсакда, эр-хотин бир-биримиздан безиш ўрнига, тобора яқинлашиб борар эдик…
Шундай кунларнинг бирида бошимизга катта мусибат тушди. Уч фарзанднинг отаси бўлган ўртанча акам, келинойим ва кичик жиянчам автоҳалокат туфайли бевақт ҳаётдан кўз юмишди… Азада ота-онам, жигарлар фарёди бир томону, «аяжоним» дея онасини қидирган жияним Шоҳистанинг бўзлаши бир томон бўлди. Чидаёлмай эндигина иккига кирган жиянчамни маҳкам бағримга босганимда, дилимдаги нидо тилимга кўчганини сезмай қолдим:

«Эй, фалак, бу дунёда бағри бутун ҳам борми?!!»
Акамнинг беш ёшли тўнғич ўғли Аслиддин бироздан сўнг тенгдошлари билан ўйнаб кетди…

Бўйнимдан маҳкам қучганча уйқуга кетган Шоҳиста жиянчам босинқираб чиқди. Тонгга яқин бироз кўзим илинган экан, акам тушимга кириб: «Шоҳиста қизимни сенга топширдим», дея кўздан ғойиб бўлди. Бу ҳақда ҳеч кимга оғиз очмадим. Уйимга қайтгандан кейин ҳам бу тушни яна кўрдим. Навбатдаги тушларимнинг бирида акам ғазаб билан: «Сенга нима дегандим, ахир?!» дея қўл силтаб, терс бурилиб кетди. Ортидан ҳўнграб йиғлаб қолдим. Кўзимни очсам, ўнгимда ҳам титраб йиғлаётган эканман, тепамда эрим ҳангу—манг. Ҳаммасини эримга йиғлай-йиғлай сўзлаб бердим. Эртасига уйимизга бордим. Остонадаёқ Шоҳиста югуриб чиқиб, бўйнимга осилди, бир «аммажоним», бир «аяжоним», дея чулдираб ҳаммани йиғлатди.

Онам ичкарига имлаб: «Шоҳиста сеникида тура-турсин, ҳеч кимга илакишмай, ичикиб қоляпти», деди. Хуллас, у оиламизга, эримга тезда ўрганиб ҳам қолди. Орадан бироз вақт ўтгач, уни истаб-истамай яна онамникига етаклаб кетарканман, ортимиздан эрим маъюс тикилиб қолди. Уйга борганимда, онам кўзига ёш олиб, акам тинмай тушига кираётганлигини, қизини менга беришларини қайта-қайта сўраётганлигини айтиб берди. Мен кўрган тушни онажоним ҳам кўрган эканлар.
Хуллас, одамларнинг гап-сўзига эътибор ҳам бермай, Шоҳистани фарзанд қилиб олдик. Бахтиёр яшай бошладик. Қарангки, қизимизнинг қадами қутлуғ келиб, орадан ярим йил ўтар-ўтмас, ҳомиладор эканлигимни сезиб қолдим. Ҳозир уч фарзанд – икки қиз ва ўғлимни камолга етказмоқдаман.
Бошимдан ўтганларни қанча қисматдош ёш оилаларга сўзлаб беришимга тўғри келди. Қарангки, биз каби фарзанд сақлаб олиб, ўзлари ҳам ували-жували бўлганлар талайгина экан. Менимча, тиббий текширувда соғлом деб топилган бефарзанд жуфтлар шу йўлни ихтиёр этсалар, яхши бўларди».

С.

Сабаби ноаниқ ёки нисбий бепуштлик ҳар юз фарзандталаб оиланинг тўрт-бештасида учрайди. «Тушунарсиз бепуштлик» ташхиси билан пойтахт шифохоналарига юборилган эр-хотинларда бефарзандлик сабаблари аниқланади. Умуман олганда, аёлларни лапароскопик усулда текшириш, эркакларнинг шаҳват суюқлигини тўла анализ қилиш, ҳар икки томонда гормонал, бактериологик тадқиқотлар ўтказиш масалага ойдинлик киритиши мумкин.

Шифокорлар бу ташхисни қўйишда бежиз эҳтиёткорлик қилишмайди. Чунки чуқур текширувлар ўтказилганда бундай оилаларнинг тонзиллит (томоқ муртаги яллиғланиши), стоматит (оғиз бўшлиғи яллиғланиши) ва бошқа турли вирусли касалликларга мойиллиги аниқланган. Суриштирувларда қариндошлари орасида бепуштлик, қандли диабет, ўсма касалликлари ва ҳомила тушиб қолиши тез-тез учраб туриши маълум бўлган. Улар орасида «нисбий бепуштлик»ка чалинганлар сони аслида анча кам. Бундайларнинг бир қисмида иммунтанқислик ёхуд секреция безлари касалликларига мойиллик мавжудлигининг ўзи ҳам репродуктив фаолиятга зимдан салбий таъсир этиши мумкин. Аниқланишича, бефарзандларнинг 64 фоизи сурункали стресс, яъни асаблари таранг ҳолатда юришаркан. Уларда ҳадиксираш, асабийлашув, йиғлоқилик, одамови бўлиб қолиш каби ҳолатлар намоён бўлади. Сурункали стресс нафақат руҳий-эмоционал ҳолатга, балки ички секреция безлари фаолиятига ҳам салбий таъсир этиб, пушт учун зарур гормонлар ишлаб чиқиш жараёнига путур етказади.

Шунинг учун моҳияти мавҳум бепуштлик гумон қилинган оилаларга гоҳида юқоридаги воқеа каби йўл тутиш тавсия қилинади. Дарҳақиқат, айрим оилалар фарзанд асраб олгач, ўзлари ҳам ували-жували бўлиб кетишади. Бу ҳолат тиббий нуқтаи назардан қуйидагича изоҳланади. Доимо изтироблар комида яшаётган эр-хотин оилада бола пайдо бўлгандан сўнг сиқиқ кайфияту атрофдаги гап-сўзлардан қутуладилар. Натижада, аста-секинлик билан руҳий ҳолат ўз маромига келиб, ички секретор безлар ва жинсий аъзолар фаолияти яхшилана боради. Бу эса уларнинг репродуктив саломатлиги тикланиб, чинакам ота-оналик бахтига эришишларига олиб келади.

Ушбу ўринда мавзуга яқин бўлган бир мактубдан кўчирма келтирсак:

«Эрим билан яхши кўришиб турмуш қурганмиз. Деярли тўрт йил фарзандли бўлмаганимиздан сўнг қайнонам ўтирсам ўпоқ, турсам сўпоқ дея бошлади. Аммо эрим мени еру кўкка ишонмас, ажралишни хаёлига ҳам келтирмасди. Ўзимни игна устида юргандек омонат ҳис қилардим. Неча бор уйимга қайтиб кетсам, эрим ёлвориб олиб келарди. Шифокорлар икковимизни ҳам соғлом дейишарди. Қайним уйлангач, эримдан хафа бўлган онаси бизни «жой алмаштириш кор қилиши мумкин» дея алоҳида уйга кўчириб юборди. Биз кўпқаватли уйнинг бетон деворлари ичида ўзимизни анча эркин ҳис қила бошладик. Қарангки, кўчиб келганимизга уч ой ўтмасдан ҳомиладор бўлганлигимни сезиб қолдим. Ҳозирги кунда, уч фарзандим бор. Демак, фарзандсиз одамларга кексаларнинг «жой ўзгартириш» ҳақидаги ўгитлари ҳам қўл келар эканда?!»

Дарҳақиқат, чуқурроқ мушоҳада қилингудек бўлса, бу воқеадаги «жой ўзгартириш»нинг нафини қуйидагича изоҳлаш мумкин: ёш оила атрофдагиларнинг гап-сўзларию, аралашувларидан халос бўлгач, руҳий ҳолати изга тушган. Натижада, жинсий аъзолар маромида фаолият кўрсатиб, аёл ҳомиладор бўлган. Кўпчилик оилаларнинг табиб, муллалардан даво топишлари ҳам руҳий таъсиротга боғлиқ. Умуман олганда, фарзанд кўра олмаётган эр-хотинлар атрофдагилар томонидан сиқувга олинмаса, аксинча, далда берилса, бас, ҳаммаси ўз изига тушади.

Ушбу мақолаларни ҳам ўқинг:

Манба:  Tib.uz

Мақола сизга ёқдими? Ундай бўлса, баҳоланг!
1 баҳо2 баҳо3 баҳо4 баҳо5 баҳо

Загрузка...

Телеграмдаги расмий каналимизга аъзо бўлинг!

Аъзо бўлиш
loading...