Соғлом оила - соғлом келажак

Ҳомиладорликдан сақловчи таблеткалар фойдалими?

Контрасептив таблеткалар нафақат ҳомиладорликдан сақлайди. Уларнинг аёл саломатлигига яна бир қанча ижобий таъсирлари бор. Қуйида айримларини санаб ўтмоқчимиз.

Онкологик касалликлар хавфини камайтиради

Орал контрасептив воситалардан узоқ вақт фойдаланиш натижасида эндометрий ҳамда тухумдонлар саратонига 70 фоиз чап бериш мумкин. Контрасептив таблеткалар овулясия жараёнини тўхтатади. Жинсий аъзолар касалликлари кузатилган аёлларга айнан шу жараённинг юз бермаслиги саратон касаллигини олдини олишга ёрдам беради. Одатда, овулясия даврида тухумдонлардаги ҳужайралар ўз тартибини ўзгартиради. Соғлом аёлда ҳар ойда овулясия кузатилади. Лекин гинекологик сурункали касалликлар мавжуд ҳолатдарда тухумдонларнинг тинимсиз ишлаши турли ўсмаларнинг ривожланишига сабаб бўлиши мумкин.

Ҳомиладорликдан сақлайдиган воситани узоқ вақт қабул қилиб юриш зарар қилмайдими деган савол юзага келиши табиий. Хавотирга ҳожат йўқ: шифокорларнинг фикрига кўра уларни ҳатто 20 йил ҳадиксирамасдан ичса бўлаверади. Фақат ҳомиладор бўлишни истасангиз, тўхтатасиз.

Ҳуснбузарлар йўлига ғов бўлади

Аксарият орал контрасептив воситаларнинг таркибида аёллар жинсий гормони — эстрогеннинг сунъий кўриниши мавжуд бўлади. Бу гормон тери саломатлигига ижобий таъсир кўрсатади. Ўз навбатида, эстроген тестостерон, яъни эркак жинсий гормони миқдорини пасайтиради. Одатда, аёл организмида эркаклик гормони кўпайиб кетса, терининг ёғ ишлаб чиқариши фаоллашади. Контрасептив таблеткалар қабул қилганда ҳуснбузарлар камайишининг сири ана шунда. Икки ойда натижа кўзга ташланиб қолади.

Ҳайз оғриқларидан қутқаради

Ҳомиладорликдан сақловчи бу дорилар таъсирида овулясия рўй бермайди. Шу сабабдан бачадон девори ва бўшлиғида одатдагидан камроқ ўзгаришлар бўлади. Ҳайз қони миқдори камаяди, давомийлиги қисқариши мумкин. Бундан ташқари, оғриқлар сусаяди. Баъзи ҳолларда бу оғриқларни бутунлай унутиш мумкин. Даволаниш курслари орасида маълум вақт танаффус қилинсагина ҳайз белгилари аввалги ҳолатига қайтиш эҳтимоли бор.

Ҳайз олди синдроми енгиллашади

Ҳайз даврининг иккинчи ярмига келиб организмдаги гормон даражаси ўзгаради. Бу ўз навбатида ҳайз олди синдроми (ҲОС)га сабаб бўлади. Ҳомиладорликдан сақловчи воситалар гормонал фонни барқарорлаштиргани учун ҲОС анча энгиллашади. Бироқ баъзи аломатлар (кўкраз безларининг дағаллашуви, шишлар ва б.) қолади. Беморда қай бир аломат кузатилганига қараб шифокор-гинеколог маълум бир дори турини тавсия этади.

Эндометрозни даволашга ёрдам беради

Эндометриоз — гинекологик касаллик бўлиб, бунда бачадон ички қобиғи териси (эндометрия) ҳужайралари кичик тоснинг бошқа соҳаларида ҳам ўса бошлайди. Бу касаллик тинимсиз қаттиқ оғриқ билан кузатилади. Вақтида даволанмасликнинг бепуштликка олиб келиши мумкин. Орал контрасептив воситалар бачадон ташқарисида жароҳат юзага келиш эҳтимолини камайтиради. Эндометриянинг ўсишига сабаб бўлувчи гормонлар даражасини пасайтиради.

Ҳайз даврини барқарорлаштиради

Контрасептив таблеткалар қабул қилаётган аёлларда ҳамма нарса режа асосида амалга оширилади, чунки ҳайз даври барқарорлашади. Кутилмаганда ноқулай вазиятга тушиб қолмасалигингизга кафолат бор. Улар ҳайз даври қачон бошланишини олдиндан билиш имконини беради. Бир ойлик курс тугаганидан сўнг 2-3 кун ўтиб ой кунлари бошланади.

Тухумдонлардаги ўсма (киста)ни даволаш

Тухумдонлар кистаси эндокрин тизим касалликларидан бири ҳисобланади. Танада соч толалари кўпайиши унинг дастлабки аломатларидан саналади. Орал контрасептив воситалар касалликни тўлиқ даволай олмасада, оғриқларни анчагина камайтиради.

ДИЛНОЗА тайёрлади.
«Darakchi.uz» нашри.