Кўпи ўтиб, ози қолди. Тез орада сиз бўлажак она мақомини ортда қолдириб, ОНАга айланасиз! Вужудингизда уриб турган жажжи юракча ҳам сиз билан учрашишни интиқлик билан кутмоқда. Вақти соати етиб, кичкинтойингизни, албатта, қўлингизга оласиз. Унгача эса 12 ҳафтани биргаликда босиб ўтишга тўғри келади.
Оналик бахти остонасидасиз…
Ҳомиладорликнинг 28 ҳафтасига қадар юрагингиз остида пайдо бўлган янги ҳаётни “ҳомила” деб аташган бўлса, энди у бола мақомини олади. Бачадон ҳажми катталаша бошлайди, бола ҳам тиним билмай ўсади. Ётганингизда ёки ўтирганингизда нафас қисиши каби ноқулайликлар табиий саналади. Бачадон катталашгани ҳисобига ошқозон ҳажми кичрайгани боис кам-камдан тез-тез овқатланинг. Бир сутка давомида бачадонда тахминан 10 мартагача қисқаришлар кузатилиши мумкин, бу организм туғруқ жараёнига тайёрланаётганидан дарак беради. Туғруқ кунидан икки ҳафта илгари боланинг боши кичик тос қисмига жойлашади, шу сабабли қорин ҳам пастга тушгандек кўринади. Бу эса ўз навбатида, аёлнинг кичик ҳожатга чиқиш эҳтиёжини оширади.
Назоратга олинг!
Ҳомиладорликнинг сўнгги уч ойлигида бўлажак она ўз вазнини қатъий назоратга олиши даркор. Кун давомида ҳомиладор аёл 50 гр., ҳафтасига тахминан 300 гр. вазн йиғиши нормал саналади. Суткасига 1,5 литрдан кўп суюқлик ичмаслик (шўрва, чой, сут ва мевалар ҳам шу ҳисобга киради) тавсия этилади. Шўр, дудланган, қовурилган маҳсулотларни бутунлай чекланг. Шунингдек, ичган суюқлигингиз миқдорига тенг равишда пешоб ажралаяптими, йўқми уни ҳам кузатиш ёдингиздан чиқмасин. Пешобнинг миқдори кам бўлса, албатта, шифокорга учрашинг.
Нималар қилинади?
Бўлажак она ишласа, оилавий поликлиникаси томонидан ҳомиладорлигининг
30-ҳафтасида туғруққача таътилга йўлланма тақдим этилади. Бу йўлланмага асосан, ҳомиладор аёлга ишхонасидан кўзи ёригунга қадар 70 календарь куни ҳамда туғруқдан сўнг 56 календарь куни (туғиш жараёни қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда 70 календарь кун) муддати билан ҳомиладорлик ва туғруқ таътиллари берилади. Шунингдек, гинеколог шифокор аёлга алмашинув варақасини беради, унга аёлнинг бошдан кечирган хасталиклари, ҳомиладорлик ва унинг қандай ўтгани, таҳлиллар ҳақида маълумотлар киритилади.
Бефарқ бўлманг!
- Оёқ, қўл, қорин ва юздаги шишлар — танада ортиқча суюқлик йиғилиб қолганидан дарак. Агар вақтида шифокор кўригидан ўтилмаса, асоратлари оғир бўлиши мумкин. Натижада, пешобдан оқсил ажралиши, қон босимининг ошиши каби нохуш ҳолатлар вужудга келиши эҳтимоли бор.
- Қонли ажралмалар — йўлдошнинг кўчганда ёки муддатидан аввалги туғруқда кузатилади. Бу ҳолатда “Тез ёрдам” чақиринг.
- Қориндаги оғриқ — қулай ҳолатда ётинг, тинчланинг. Агар оғриқ 2-3 дақиқадан сўнг ўтиб кетса, бу ёлғон дард бўлади. Аксинча, оғриқ зўрайса, шифокор ҳузурига боринг.
- Бола қимирламай қўйса — гинеколог кўригидан ўтинг, УТТ қилдиринг.
- Оёқ оғриса, вена томирлари шишса — бу вена қон томирларининг кенгайиши ҳисобига бўлади. Айни ҳолатда камроқ юриш, ёнбошлаб ётиш, кунига икки марта оёқларни танадан юқори қўйиб ётиш тавсия этилади.
Эксперт: Зумрад СОБИРОВА, гинеколог.
Журналист: Дилноза МИРТОЛИПОВА.
Манба: «Суғдиёна» газетаси.