Ҳомиладорликнинг 8 акушерлик ҳафтаси олтинчи эмбрионал ҳафтага тўғри келади. Агар одатий ойлар бўйича ҳисобланадиган бўлса, бу иккинчи ойнинг тугашидир. Бу вақтда аксарият аёллар ҳомиладор эканликларини билган бўладилар. Билмаганлар ҳам буни пайқай бошлайдилар, сабаби ушбу вақтда белги-аломатлар кучаяётган бўлади. Шундай қилиб, бу вақтда аёл ва эмбрионда қандай ўзгаришлар юз бераётган бўлади?
Ҳомиладорликнинг 8 ҳафтасидаги сезгилар
Авваллари пайдо бўлган ҳомиладорликнинг белги-аломатлари бу вақтга келиб янада яқол сезила бошлайди. Гормонлар даражаси ошиб боради – сиртдан қараганда, бу ҳолат кайфиятнинг тез-тез ўзгариши, йиғлоқилик, серуйқуликда намоён бўлади. Бачадон ҳам ҳажман катталашишни бошлайди. Гарчанд аёл буларни ҳали сезмасада, лекин унинг ички органларига ноқулайлик туғила бошлайди. Сийиш тез-тез қистайди, қабзият пайдо бўлиши ҳам мумкин. Ҳомиладорликнинг 8 ҳафтасида ажралмалар ҳам кўпайиши мумкин, лекин, агар улар қичима билан кечмаса, унда хавотирга ўрин йўқ. Баъзиларда жигар ранг ажралмалар келиши мумкин. Белда оғриқ бўлмаса ва ўзини ёмон ҳис қилмаса – бу ҳам хавотирли эмас. Бироқ бу ҳақда шифокорни хабардор қилиб қўйган ҳар ҳолда яхши.
Бу вақтда токсикоз аксарият ҳомиладор аёлларнинг асосий муаммосига айланади. Доимий сўлак оқиши, овқатдан безиш, қайт қилиш бемалол овқатланишга йўл қўймайди. Бир томондан, кўпчилик аёллар буни бошдан кечиришади, лекин бошқа томондан, агар қайт қилиш кунига 5 мартадан ортиқ юз берадиган бўлса, шифокорга мурожаат қилиш керак.
Ҳомиладорликнинг 8 ҳафтасида ҳомиланинг ривожланиши
Мазкур ҳафтада кичкинтой янги «мақом»га эга бўлади. Энди у муртак эмас, балки ҳомила деб аталади. Йўлдош ривожланади, бачадон-йўлдош қон айланиши яхшиланади. Ушбу ҳафтадан бошлаб ҳомила озуқани киндик орқали ола бошлайди. Ҳомиланинг ҳажми жимитдак (бор-йўғи 1.5–2 см) бўлишига қарамай, у одам кўринишига эга. УЗИда унинг қўлчалари, оёқчалари, боши аниқ кўринади. Юз бичимлари шакллана бошлайди.
Ички органлар такомиллашиб боради. Юрак тўрт камерали бўла бошлайди, ўпкада бронхлар илдизлар каби тармоқ отади, буйраклар вужудга келади. Жинсий аъзолар пайдо бўла бошлайди: ўғил болаларда – тухумлар, қизларда эса – тухумҳужайралар ишлаб чиқариладиган тухумдонлар вужудга келади. Бироқ боланинг ўғил ёки қиз эканлигини сиртдан ажратиб бўлмайди. Жўшқин суръатларда асаб тизими такомиллашади. Кичкинтой фаол равишда ҳаракат қила бошлайди: қўл-оёқларини сиқиб-очади, у ёқ-бу ёққа ағдарилади. Буларнинг ҳаммаси УЗИда яққол кўриниб туради. Лекин ҳомиладорликнинг 8 ҳафтасида ҳомила ҳали жуда кичик бўлади, шунинг учун унинг бу ҳаракатларини она сезмайди. Аёл ғимир-ғимирларни сезишига ҳали бир неча ой бор.
Мазкур ҳафтада барча органлар шаклланиб бўлган, кейинги ҳафталарда энди ҳеч қандай янги аъзолар пайдо бўлмайди. Шунчаки мавжуд аъзолар такомиллашиб боради, ҳомиланинг ўзи эса – ўсади ва вазн йиғади.
Шифокор кўриги
Агар аёл ҳали ҳисобга турмаган бўлса, ҳозир буни қилишнинг айни вақтидир. Шифокор кўрикдан ўтказади, тараққий этаётган бачадон ҳомиладорлигини тасдиқлаш учун тиббий таҳлилга (анализга) йўлланма ёзиб беради, керакли витаминларни танлайди ва УЗИдан ўтишни тайинлайди.
Гинекологдан ташқари терапевт, стоматолог ва венеролог кўригидан ўтиш зарур. Шуни қайд этиш лозимки, агар ҳомиладорликнинг 8 ҳафтасида қориндаги бўртиқ ҳаммага кўриниб тургандек туюлса ҳам, ўз ҳолатингиз ҳақида докторни хабардор қилиб қўйинг. Ҳамма ҳомиладорликлар ҳар хил бўлади ва барча аёлларда қорин ҳам турличадир: сизга сўзсиз тушунарли бўлган нарса бошқалар учун умуман тушунарсиз бўлиши мумкин! Агар бўлғуси онанинг сурункали касалликлари бўлса ёки у муайян дориларни мунтазам ичиб юришга мажбур бўлса, бу ҳақда даволовчи шифокорга айтган маъқул. Зарур ҳолларда шифокор қўшимча таҳлил ва текширувларни тайинлайди ҳамда дориларни қабул қилиш тартибига тузатиш киритади.
Таҳлиллар
Қоннинг биокимёвий таҳлили – аёл ички органларининг ҳолатини баҳолашга, қандай микроэлементлар етишмаётганини аниқлашга имкон беради.
Сийдик таҳлили:
- Қандга умумий таҳлил – буйраклар ҳолатини баҳолашга,
- Нечипоренко бўйича – яширин яллиғланишларни аниқлашга,
- Қандга – қондаги глюкоза даражасини белгилашга имкон беради.
Тавсиялар
Агар аёлни бирор нарса ортиқча безовта қилмаса, у одатий ҳаёт тарзини кечиравериши мумкин. Спорт билан шуғулланса бўлади, лекин юкламалар шиддатини пасайтириш керак. Жинсий алоқа ҳам тақиқланмайди. Агар бола тушиб қолиши хавфи мавжуд бўлса, буларнинг барчасини вақтинча тўхтатиб туришга тўғри келади.
Кўплаб аёлларда бу даврда толиқиш кучаяди, асабийлик юзага келади. Бундай ёқимсиз аломатларнинг олдини олиш учун тоза ҳавода сайр қилиш тавсия этилади. Овқатланишга алоҳида эътибор бериш керак. Сабзавот, мевалар, оқсил ва сут-қатиқли маҳсулотлар кундалик таомномадан албатта жой олиши лозим. Пишириқлар, конфетлар, кофе, шунингдек аллергияни қўзғатувчи турли хил маҳсулотларни таомномадан чиқариб ташлаш керак.
Манба: Ҳомиладорлик.уз