Ҳомиладорликнинг 7 ҳафтаси бўйида бўлгандан бошлаб бешинчи ҳафтага ва ҳайз кўриш тўхтаганининг учинчи ҳафтасига мувофиқ келади. Ойма-ой ҳисоблаганда, у иккинчи ойнинг иккинчи ярмига тўғри келади. Бу даврда организмда қайта қурилиш жараёнлари юз беради, гормонал фон ўзгаради ҳамда ҳомиладорлик аломатлари янада равшан кўрина бошлайди. Кўпчилик токсикоз, умумий толиқиш ва мадорсизликка учрайди, лекин айрим бахти кулганлар учун бу тамоман ёт нарсалар. Лекин аёл кишининг айнан шу палладан бошлаб ўзгара бориши – айни ҳақиқат!
Ҳомиладорликнинг 7 ҳафтаси – сезгилар
Юқорида айтиб ўтганимиздек, бу вақтда токсикоздан қочиб қутулиб бўлмайди. Айнан у туфайли овқатланишда ўзгаришлар юз беради: баъзида иштаҳа умуман бўлмайди, баъзида эса аёл олам-олам нарсаларни еб ташлагиси келади. Ҳомиладорликнинг 7 ҳафтасида турганларнинг одатий ҳолати – ланжлик ва уйқучилик. Бунга эса асосан гормонлар, аниқроқ айтганда, уларнинг ўзгарувчанлиги, улар нисбатидаги алмашишлар сабаб бўлади. Ана шу сезгилар ва ўзгаришларга қарамай, сиртдан қараганда, ҳомиладорликнинг ўзини ҳамма ҳам пайқайвермайди.
Бу муддатда «кутилмаган совға»лар ҳам оз эмас. Баъзи ҳомиладор аёлларнинг авваллари унчалик хушламайдиган таомларга нисбатан иштаҳалари карнай бўлади. Бошқалар кўплаб қизиқарли нарсаларни билишга интилишади, санъатга ошиқ бўлиб қолишади ёки саёҳатга чиқишни истаб қолишади. Умуман айтганда, ҳомиладорликнинг еттинчи ҳафтаси ўзининг ажойиботларини намойиш қилади.
Ҳомиладорликнинг 7 ҳафтасида нималар содир бўлади
Ҳомиладорликнинг 7 ҳафтасида ҳомилали аёлларга хос бўлган белги-аломатларнинг ҳаммаси намоён бўлади, лекин буни атрофдагилар ҳали кўрмаслиги мумкин. Хусусан, кайфиятнинг тез-тез ўзгариши, кўнгил айниши, иштаҳанинг йўқолиши юз бериб, ҳомиладорлик ҳақидаги тасаввурни озгина хиралаштириши мумкин. Лекин кўпчилик билмайдики, бу даврда аёлнинг қиёфаси ўзгаради ва у ниҳоятда чиройли бўлиб кетади! Кўзларда жилва барқ уради, бу шундай сир-асрорки, у фақатгина ўзингизга маълум.
Озиқ моддалари, минерал ва витаминлар боланинг озиқланиши учун ҳам сарф бўлаётгани сабабли аёл тери ва сочлари ҳолатининг ёмонлашиши эҳтимолдан холи эмас. Гормонлар ҳомиладор аёлларнинг хлоазмаси ривожланишига (пигментларнинг пайдо бўлишига) таъсир кўрсатиши мумкин. Шунинг учун тўғри овқатланиш ниҳоятда муҳим, зарурат туғилганда витамин-минералли комплексларни қабул қилиш керак. Бу даврда фолий кислотаси алоҳида аҳамиятга эга, у кичкинтойнинг асаб тизими шаклланиши учун ўта зарур.
Ҳомиладорликнинг 7 ҳафтасидаги аломатлар
Маълумки, ҳар бир ҳомиладорлик алоҳида ўзига хос тарзда кечади, лекин шунга қарамай, ҳомиладорликнинг 7 ҳафтасидаги кўпгина аломатлар бўлғуси оналарнинг барчасида бир хил учрайди. Кўкраклар йириклашади, у ҳажман ўртача 1 ўлчамга катталашади. Биргина эҳтимолий дилсиёҳлик – оғриқли сезгиларнинг пайдо бўлиши. Гормонал ўзгаришлар ҳисобига ёғли тўқималар қайта таркибланади ва аёлнинг қадди-қомати янада думалоқроқ кўриниш касб эта бошлайди.
Аёлнинг қин эпителийси тез-тез янгиланиб туради, шунингдек қон қуйилиши кўпаяди, бунинг оқибатида ҳомиладорликнинг 7 ҳафтасида ажралмалар аранг сезиладиган ҳид билан озгина сарғиш кела бошлайди. Бунинг ҳаммаси табиий ва меъёрдаги ҳолатдир. Бироқ ҳомиладорликнинг 7 ҳафтасида қорин оғриғи муайян даврийликда учраса ва қолаверса қонли шиллиқ чиқса, гинеколог шифокорга кўриниш керак бўлади. Бу бачадон гипертонусининг симптоми бўлиши мумкин.
Бола қандай аҳволда?
Ҳомиладорликнинг 7 ҳафтаси эмбриофетал даврининг бошланиши ва эмбрионал даврнинг тугаши билан тавсифланади. Ана шу вақтдан бошлаб кичкинтой ҳомила деб аталади. У барча бичим ва органларга эга бўлган жажжи одамчага айланган бўлади, фақат асаб ва эндокрин тизимларининг етилишига ҳали вақт бор. Бош мия фаол тарзда шаклланади. Ҳафта охирига бориб жинсий бўртиқ ҳосил бўлади, ундан бўлғусида боланинг жинсий органлари шаклланади. Ойқулоқлар тўлиқ йўқ бўлиб кетган бўлсада, лекин кичиккина дум ҳали сақланган бўлади. Ҳомиланинг қадди бироз ростланиб олади ва унинг бўйни қаерда бўлишини ажратиш мумкин. Мазкур босқичда қўл-оёқлар аниқ кўринади, лекин бармоқлар ҳали ажралмаган бўлади. Оёқлар қўлларга нисбатан бироз секин ўсади.
Юз қиёфаси ҳам айнан шу даврда шаклланади. Оғиз аниқ кўринади, бурун тешиги ажралиб туради ва жағлар шаклланади. Ҳомиладорликнинг 7 ҳафтаси охирига бориб ҳомиланинг ҳажми 5–13 мм, вазни эса 0,8 граммни ташкил этади. Унинг жинсини УЗИ орқали ҳали аниқлаб бўлмайди, лекин исталса, бошқа усуллар билан аниқлаш мумкин.
Асосий текширувлар
Барча муҳим текширувлар бўлғуси она аёллар маслаҳатхонасига дастлабки мурожаат қилганда ўтказилади. Тос суягининг ҳажми ва аёл вазни ўлчанади, инфекция учун мазок олинади. Мазкур муддатда креслода ўтказиладиган кўрик одатда амалга оширилмайди.
Гинеколог сийдик ва қон, ОИТВ инфекцияси, гепатит, РW (захм) таҳлилига қон топшириш учун йўлланма беради. Терапевт ва стоматолог кўригидан ўтиш шарт. Ҳомиладорликнинг 7 ҳафтасида УЗИга камдан-кам ҳолда йўлланма берилади, лекин кўпҳомилалилик фактини тасдиқлаш ва қайд этиш учун берилиши мумкин.
Нималардан эҳтиёт бўлиш керак
Юқорида айтиб ўтилганидек, бу вақтда бола тушишининг хавфи юқори бўлади. Пайдо бўлган токсикоз сабабли аёл ўзини бироз ноқулай ҳис қилади. Бундай эрта муддатда бола ҳам анча заиф бўлади, чунки бу даврда ривожланишнинг оғир иллатлари шаклланиши мумкин. Уларни четлаб ўтиш учун шифокорнинг тавсияларига тўлиқ риоя қилиш керак.
Ҳомиладорлик даврида наркотик моддалар, алкогол маҳсулотлари ва дориларни қабул қилиш мумкин эмаслигини унутмаслик керак, чекишдан ҳам воз кечиш даркор. Буларнинг барчаси болада ўзининг салбий асоратини кўрсатиши мумкин. Инфекция тушишидан ва ўзбошимчалик билан даволанишдан сақланиш керак.
Ҳомиладорликнинг еттинчи ҳафтаси – аёллар маслаҳатхонасида ҳисобга туриш ва даволовчи шифокорнинг кўрсатмаларига риоя қилишнинг зарур даври ҳисобланади.
Манба: Homiladorlik.uz