Соғлом оила - соғлом келажак

Ҳомиладорликнинг 6 ҳафтаси

Ҳар бир янги кун ҳомиладор аёл учун ўта муҳим ва ўзига хос бўлади, ҳомиладорликнинг 6 ҳафтаси ҳам, албатта, бундан мустасно эмас. Бу даврда аёл кишининг организмида қизиқарли ва ажойиб ўзгаришлар содир бўлади. Шифокорлар ҳомиладорликни ҳафталарда ҳисоблашади – улар учун бу 42 акушерлик ҳафтасини ташкил этади. Онажонлар эса интизорлик билан ҳар бир кунни ҳисоблашади – таниш-билишлар ҳомиладорлик 9 ойлигининг ҳозир айнан қайси палласида турганингизни қизиқиб сўрашади.

Ҳомиладорликнинг 6 ҳафтаси

Ўзининг ҳомиладор эканлигини билган аёл бениҳоя хурсанд бўлади. Унинг қорнида жойлашган мўъжиза ҳафта сайин ривожланиб боради, онасининг танасини ўзгартиради. Янгидан-янги, илгари кузатилмаган сезгилар пайдо бўла бошлайди. Ажраб чиқаётган гормонлар баъзида хуш кайфият ёки тушкунликни олиб келади. Болакай соат сайин ўсиб боради.

Ҳомиладорликнинг 6 акушерлик ҳафтаси ёки бўйида бўлгандан бошлаб тўртинчи ҳафта

Кўпгина ёш оналар ҳали ҳам акушерлик ҳомиладорлигини муртаклик ҳомиладорлиги билан чалкаштириб юборадилар. Аслида акушерлик тақвими охирги ҳайз кўришнинг биринчи кунидан бошлаб ҳисобланиши билан ажралиб туради. Ҳаммаси муваффақиятли кечса, ҳомиладорлик айнан мазкур ҳайз циклида бошланади.

Ҳомиладорликнинг 6 акушерлик ҳафтаси – аёл бўйида бўлган кундан ҳисоблаганда 4 ҳафтадир ва у мурғак юракча уриши билан бошланади, аммо унинг уриши ҳали стетоскопда эшитилмайди, лекин муртакдаги зарб ураётган нуқтани ултратовуш аппаратида кўриш мумкин. У бир дақиқада 150 марта – катта киши юрагидан икки баравар тезроқ уради. Аёлнинг организмида гормонлар юзага келтирадиган жиддий ўзгаришлар юз беради.

Онанинг организмидаги гормонал ўзгаришлар

Бундай ўзгаришлар ҳар куни содир бўлади. Организмни турли хил инфекциялардан ҳимоя қилиш учун зарур бўлган прогестерон гормони кучли тарзда ҳосил бўла бошлайди. У ҳомилани қон билан муттасил таъминлаган ҳолда бачадоннинг шиллиқ деворларини мустаҳкамлайди. Лекин айни пайтда унинг кўпайиб кетиши ҳазм қилиш тизимига салбий таъсир кўрсатган ҳолда озуқанинг ҳазм бўлишини секинлаштиради ҳамда кўнгил айнаш ёки қусуқни келтириб чиқаради, яъни бир сўз билан айтганда бу токсикоз деб аталади.

Ҳомиладорликнинг 6 ҳафтасидаги белгилар

Ҳомиладорликнинг ушбу ҳафтаси кўпинча бир қатор ёқимсиз белги-аломатлар билан ўтади. Уларнинг баъзилари безовталикни келтириб чиқариши мумкин, масалан, оз миқдорда жигар ранг ажралмаларнинг чиқиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Аммо улар кам миқдорда бўлса ва қориннинг пастки қисмида тез-тез оғриқ турмаса, унда хавотирланишга ҳожат йўқ, бу ўзгараётган гормонал фонга нисбатан табиий реакциядир.

Шундай қилиб, ҳомиладорликнинг 6 ҳафтасида қуйидаги белги-аломатларни ажратиб кўрсатишади:

  • кучли сўлак ажралиши;
  • толиқиш;
  • тез-тез сийиш;
  • кайфиятнинг тез-тез ўзгариб туриши;
  • эрталабки соатларда қусиш;
  • айрим ҳолларда қорин оғриши;
  • мушаклардаги бўшашиш;
  • сут безларининг оғирлашуви.

Фарзанд кутаётган аёлларнинг ҳаммаси ҳам ҳомиладорликнинг 6 ҳафтасида у ёки бу белги-аломатларни ўзида кузатавермайди. Бўлғуси оналарнинг амалда учдан бир қисми мазкур муддатда ўз организмидаги ўзгаришларни умуман сезмайди.

Ҳомиладорликнинг 6 ҳафтасидаги сезгилар

Ҳайз кўришнинг тўхташи ҳамда яққол белги-аломатларнинг сезилмаслигидан ташқари, ҳомиладорликнинг 6 ҳафтасида кўкракнинг катталашуви ва эмчакларнинг қорайиши кузатилади, шу муносабат билан кўкракда сезилар-сезилмас оғриқлар пайдо бўлади. Бачадонда рўй бераётган ўзгаришлар сабабли айрим вақтларда қориннинг пастки қисмида ёқимсиз сезгилар пайдо бўлиши мумкин.

Гормонлар янги сезгиларни келтириб чиқаради. Аёл ҳидларга ўта таъсирчан бўлиб қолади, айрим ҳидлар унда токсикоз ёки ҳатто жиззакиликни қўзғатиши мумкин. Ҳомиладорликнинг олтинчи ҳафтасида егуликка нисбатан кутилмаган хоҳиш-истаклар пайдо бўлиши мумкин. Айрим пайтларда ҳолсизлик ва бош айланиши вужудга келади, тана ҳарорати ошади. Гормонал фондаги бундай сезгилар кўпинча ўз-ўзидан 10–14 ҳафталарга келиб ўтиб кетади.

Ҳомиладорликнинг 6 ҳафтасида эмбрионнинг ҳолати

Ҳомиладорликнинг олтинчи ҳафтасида эмбрион нўхат донасидек бўлади, лекин шунга қарамай боланинг асаб тизими — нерв боғланмалари ва тугалланмалари таркиб топади, бош мия шакллана бошлайди. Қўл ва оёқчаларнинг куртаклари пайдо бўлади. Ҳафтанинг охирига бориб бармоқларнинг куртаклари таркиб топади.

Юз шакл топишни бошлайди, кўзлар ўрнида чуқурчалар пайдо бўлади, бурун ва қулоқчалар қисмида бурмалар сезилади. Асаб тизими билан бир вақтда мушак тўқималари ҳам ривожланади, шунинг учун эмбрионда сезиш қобилияти вужудга келади – у ташқи қўзғатувчиларга нисбатан сезувчан бўла бошлайди.

Танада қон айланишни бошлайди. Тўқима муртакларидан бўлғуси органлар – ўпка, талоқ (қоражигар) шаклланишни бошлайди, илик ва тоғай муртаклари кўринади. Ичак таркиб топаётгани кўзга ташланади, у учта ҳалқага эга. Қизилўнгач муртаги ва ошқозон учун кенглик вужудга келади.

УЗИдан ўтиш

Ҳомиладорликнинг 6 ҳафтасида УЗИ барча аёллардаги ҳомиладорликни тасдиқлайди, бачадон катталашган бўлади, юрак уриши яхшигина эшитилади ва кўринади, ҳомиладорликнинг 6 ҳафтасида ҳомила ҳажми тахминан 4 мм ва оталанган тухум 25 мм гача бўлади.

Нимадан эҳтиёт бўлиш керак?

Ҳомиладорликнинг 6 ҳафтасида ноодатий ажралмалар аёлни сергак торттириши керак, уларни сезгач, дарҳол ўзининг гинекологига мурожаат қилиши лозим. Шамоллашга оид касалликлар, юқори ҳарорат, тасодифий йиқилишлар, иссиқ ванналар ҳомиладорлик учун таҳликали бўлиши мумкин.

Бу даврда овқатни кам-кам миқдорда еган маъқул. Таомнома оқсил ва витаминлар, денгиз ва сут маҳсулотларидан таркиб топгани мақсадга мувофиқ. Баъзан ғайриоддий туюладиган истак-майлларингизни чекламанг, улар сизнинг организмингизда бирор-бир компонентнинг етишмаслигидан юзага келиши мумкин.

Агар бола тушиб қолиши хавфи бўлмаса, мазкур ҳафтада жинсий алоқа билан шуғулланиш мумкин.

Гинекологнинг мунтазам кўрикларидан ўтиб туринг, бу юзага келадиган муаммоларни ҳал қилишингизда сизга ёрдам беради.

Манба: Homiladorlik.uz

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте, как обрабатываются ваши данные комментариев.