Ҳомиладорлик – ўта нозик ва ноёб жараён ҳисобланади. Шунинг учун унинг қандай кечиши жуда муҳим аҳамиятга эга. Ҳомиладорликнинг 5 ҳафтаси акушерлик ҳисоб-китобларига мувофиқ бўйида бўлган пайтдан бошлаб учинчи ҳафта ҳисобланади. Бўлғуси она ҳомиладорликнинг 5 ҳафтасида уни нималар кутаётгани, аёл киши қандай белги-аломатларни ҳис этиши мумкинлиги, бу муддатда бола қандай ривожланаётгани ҳақида бошқалардан кўра кўпроқ билгиси келади.
Умуман олганда, бу ғоятда қулай вақт ҳисобланади. Аёлнинг организми секин-аста мослашмоқда, ҳомила ўсиб-улғайишда давом этмоқда. Шунинг учун агар ҳомиладорлик режалаштирилган ва узоқ кутилган бўлса, қолаверса, сиз унинг мавжудлигини тахмин қилаётган бўлсангиз, унда ниҳоятда эҳтиёткор бўлинг ва ўз саломатлигингиз борасида қайғуришни бошланг. Чунки айнан шу даврда боланинг барча ички органлари ва тизимлари таркиб топа бошлайди.
Ҳомиладорликнинг 5 ҳафтасидаги сезгилар
Агар бўлғуси она ўз ҳолатидаги ўзгаришларни ҳали сезмаган бўлса, ҳомиладорликнинг дастлабки белгилари уни тез орада хабардор қилади. Аёлларнинг аксар қисми ўзларининг ўзгарган мақомлари ҳақида айнан ҳомиладорликнинг 5 ҳафтасида билиб қоладилар. Мазкур давр симптомларнинг намоён бўлиши бошланиши билан кечади ва улар бўйича ҳомиладорлик рўй берганини таҳмин қилса бўлади.
Албатта, бунда энг биринчи ва муҳим белги-аломат ҳайз кўришнинг кечикиши ҳисобланади. Ой кўришнинг тўхташидан ташқари, аёлни лоҳаслик ва ўзини нохуш ҳис этиш безовта қилиши мумкин, булар аёл организмида рўй бераётган гормонал қайта қурилиш бошланиши билан боғлиқдир.
Сиртдан қараганда ҳали ҳеч қандай ўзгаришлар сезилмайди. Аммо ўз танасига синчиклаб назар ташласа, бўлғуси она эмчакларининг гардиши қорая бошлаётганини, шунингдек, авваллари ўзига мос тушиб турган бюстгалтери бирдан тор келиб қолганини сезиши мумкин. Камдан-кам ҳолларда киндикдан пастга қараб қорайган чизиқча пайдо бўлади. Мазкур белгилар ҳомиладорликнинг кечки муддатларида аниқ кўринсада, лекин улар ҳозир ҳам ўз нишоналарини кўрсатиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Ҳомиладорликнинг 5 ҳафтасидаги аломатлар:
Ҳомиланинг беш ҳафталик муддатида тест доим ҳам орзиқиб кутилган иккита чизиқчани кўрсатавермайди. Сабаби қонда ҳомиладорлик гормонининг даражаси ҳали жуда кам бўлади. Лекин бўлғуси она ўзида қайд этиши мумкин бўлган қуйидаги бир қатор белгилар юзага чиқа бошлайди:
- кўнгил айниши, айниқса эрталабки вақтларда;
- сут безларининг катталашуви ва сезувчанлигининг ошиши;
- баъзиларда қорин тортқилаб оғрийди;
- шунингдек турли ҳидларга нисбатан таъсирчанлик ошганлиги қайд этилади;
- уйқучанлик, ланжлик, тез толиқиш ва ҳ.к.
Зеро, алоҳида ҳар бир кишининг организми ўзига хос бўлгани каби, ҳар бир ҳомиладорлик ҳам ўзига хос хусусиятларга эга бўлиши мумкинлигини унутмаслик керак. Сиз умуман ҳеч қандай нохушликларни сезмаслигингиз ва танангизда юз бераётган ўзгаришларни ҳис қилмаслигингиз мумкин. Бу ҳам табиий ҳол, чунончи мазкур муддатнинг ўзи ҳали катта муддат эмасда. Ҳомиладорликнинг 5 ҳафтасида бирор-бир аломатларнинг юзага чиқмаслигидан эса қўрқмаслик керак, бу ҳам табиий ҳолатдир.
Аёл ҳомиладорликнинг 5 ҳафтасида бир қатор янги ўзгаришларни ўзида ҳис этиши мумкин. Бунда жиззакилик, таъсирчанлик ва нозик кўнгиллик ҳолатлари кузатилиши, ёки аксинча, хушчақчақлик ва аллақандай руҳий шижоат пайдо бўлиши мумкин. Бу ҳолатлар тез-тез алмашиб туриши эҳтимолдан холи эмас. Баъзан сиз куч ва қувватга тўлиб-тошасиз, баъзан ёш боладек йиғлоқи ва ожиз бўлиб қоласиз. Кескин ҳаракатлар ёхуд тана ҳолатининг ўзгариши оқибатида бош айланиши мумкин, баъзида қорин оғрийди. Ҳомиладорликнинг 5 ҳафтасида ҳатто ажралмалар чиқиши ҳам мумкин, агар улар кўп миқдорда бўлмаса ва кучли оғриқлар билан келмаса, уларни табиий ҳол ва меъёрда деса бўлади.
Ҳомиладорликнинг 5 ҳафтасида нималар содир бўлади
Ҳомиладорликнинг 5 ҳафтасида ҳомила ҳали жуда кичик бўлади. Лекин УЗИдан ўтаётганда унинг мавжудлигини сизга аниқ айтишади. Аксарият ҳолларда шифокор бачадон бўшлиғида оталанган тухум борлигини аниқлай олади холос.
Бўлғуси кичкинтойда ички органлар муртакларининг шаклланиши давом этмоқда. Шу даврда жажжи болакайнинг нафас йўл ва асаб тизимлари шаклланишни бошлайди. Айни пайтда у бош мия муртаги билан тугайдиган бор-йўғи биргина асаб трубкаси сифатида намоён бўлади. Ҳомила организмининг ҳужайралари фаол тарзда бўлинишни давом эттирмоқда. Айнан шу муддатда қон томирлари ва юрак тизими шакллана бошлайди. Тез вақт оралиғида у ўз фаолиятини бошлаб юборади. Гарчи тасаввур қилиш қийин бўлсада, лекин жимитнинг юраклари ура бошлайди. Ҳомиладорликнинг 5 ҳафтасида ҳомиланинг ҳажми узунасига бор-йўғи 2 мм ни ташкил этади.
Ушбу муддатда боланинг тушиб қолиш хавфи ҳали ҳам юқорилигича қолади. Шунинг учун ўта фаол ҳаракатлар қилиш, спорт билан шуғулланиш ва жисмоний зўриқишлардан яқин тўққиз ойга ўзни чеклаб туриш керак.
Манба: Homiladorlik.uz