Тўққиз ой ўтиб бўлса-да, чақалоқ ҳалигача дунёга келмаган ва туғруқ бошланмаган бўлса, бу хавотир учун сабаб бўла олмайди. 42-ҳафтадан кейинги ҳомиладорлик муддатидан кўп кўтарилган ҳисобланади. Ҳали ихтиёрингизда маълум вақт бор.
Бола ўзини қандай ҳис қилмоқда?
У туғилишга тайёр. Барча органлар ва тизимлар етарлича ривожланган ва ҳар қандай лаҳзада ўз функцияларини мустақил бажаришга киришиши мумкин. Смазка деярли тўлиқ йўқолди, аммо терининг ҳимояга муҳтож бўлган энг нозик қисмларида — бурмалар ва чуқурчаларда қолди.
Тирноқ ва сочлар ўсиши ўша суръатда давом этмоқда. Ичак перистальтикаси (тўлқинсимон керилиш ёки сиқилиш ҳаракатлари) нормада, унинг баъзи бўлимларида меконий тўпланган.
41-ҳафтада йўлдош қатъий тарзда қариб боради, ҳомила ва она организмини ажратиб турган қобиқ тобора юпқалашиб, ўзи орқали катта-катта молекулаларни ўтказиб юборади. Сизнинг организмингиздаги антижисмлар боланинг қонига ўтиб, унда сизнинг иммун тизимингиз катта қийинчиликсиз енга оладиган касалликларга қарши илк ҳимояни ҳосил қилади.
Она ўзини қандай ҳис қилмоқда?
Организмда ўтган ҳафтадан буён ҳеч қандай жиддий ўзгариш содир бўлмаган. Бу пайтда “Бола қачон туғилади?” — деган савол долзарб бўлиб қолади. Ўзингизни ҳам, болани ҳам, табиатни ҳам шошилтирманг. Ҳомиладорликнинг 41-ҳафтасидаги туғруқ ўз вақтидаги ҳисобланади, ушбу муддатда туғилган бола қоринда узоқ вақт кўтарилган ҳисобланмайди. Шифокор белгилайдиган туғруқ санаси шунчаки тахминий бўлади, холос.
Аниқ муддат эса цикл давомийлиги, тухум ҳужайранинг чиқиш ва уруғланиш вақти каби қатор омилларга боғлиқ бўлади.
Муддатидан кўп кўтарилган ҳомиладорлик
Ҳомиладорлик 42-ҳафтадан кейин муддатидан кўп кўтарилган деб ҳисобланади. Ҳомила қоринда узоқ қолиб кетишига қоғоноқ сувининг кескин камайиб кетиши ва шу туфайли туғруқ фаолиятининг жуда суст кечиши, олд сувларнинг йўқлиги (ясси қорин), бачадон бўйнининг етилмаганлиги, меконийдан ифлосланган сув, боланинг бош суягидаги лиқилдоқ ва чокларнинг энсизлиги, бола терисининг қуруқлиги кабилар сабаб бўлиши мумкин.
Агар ҳомиладор аёл 30 ёшдан ошган ва биринчи марта туғаётган бўлса, ҳомилани қоринда қанча узоқроқ вақт кўтариб юриш эҳтимоли ошади.
42-ҳафтадан кейин туғруқни турли усуллар билан қўзғатишади.
Давомли ҳомиладорлик
Демак, ўнинчи ой бошланган бўлса-да, ҳомиладорлигингиз нормал ҳолатда эканлигини аниқлаштириб олдик. Бу даврда болани кўтаришда давом этиш ёки туғруқни сунъий равишда қўзғатишга рози бўлиш — фақат ўзингизнинг танловингиз.
Нима бўлганида ҳам, ушбу босқичда йўлдошдаги қон айланиши ёмонлашиши ва болага озиқ моддалар камроқ етиб боришини тушунишингиз лозим. Қарор қабул қилиш учун, ҳомиланинг ҳолати ва йўлдошдаги қон айланишини аниқлайдиган қатор текширувлардан ўтиш керак бўлади.
Агар барчаси жойида бўлса, ўз ҳомиладорлигингизни дадил тарзда давом эттираверсангиз бўлади.
Манба: Farzand.uz