Соғлом оила - соғлом келажак

Ҳомиладорликнинг 4 ҳафтаси

Ҳомиладорлик ҳар бир аёлнинг ҳаётида энг ҳаяжонли ва ёқимли воқеа ҳисобланади, шубҳасиз. Ажойиб янгиликдан хабар топгач, ҳар бир бўлғуси она унинг кичкинтойи қандай ривожланаётгани, ҳис-туйғу борасида ва ҳар бир босқичда аёлнинг организмида қандай ўзгаришлар содир бўлаётгани ҳақида кўпроқ билишни истайди. Табиийки, бўлғуси оналар 4 ҳафтада ҳомиладорликни қаднай қилиб аниқлаш мумкинлигини ва кичкинтойлари қачон туғилишини ҳисоблаб чиқишни хоҳлайдилар.

4 акушерлик ҳафтасида нималар содир бўлади?

Акушерлик ҳисоб-китоби бўйича ҳомиладорликнинг 4 ҳафтасида эмбрион энди-энди «ўз уйчаси» томон йўл олаётган бўлади. Унинг ўз манзилига етиб олмагунича ва саккиз ярим ой давомида у истиқомат қиладиган пуфакча ҳосил бўлмагунча жуда кўп оғир йўлларни босиб ўтишига тўғри келади.

Бу даврнинг хавфлилиги – бачадондан ташқари ҳомиладорлик бўлиб қолиши хавфининг мавжудлиги. Агар эмбрион финал нуқтасига етишга улгурмаса ва туғруқ йўлларида улғаядиган бўлса, шифокорлар бачадондан ташқари ҳомилани қайд этадилар. Кўп ҳолларда бунинг муайян сабаблари бор. Шукрки, бундай ҳолат анча кам учрайди. Шунинг учун ортиқча хавотирланишга ўрин йўқ. Иложи борича оғир-босиқ бўлиш ва агар ҳомиладорлик қайд этилган бўлса, унинг ҳар бир лаҳзасини хурсандчилик билан қабул қилиш керак.

Ҳомиладорликнинг 4 ҳафтасидаги белгилар

Ҳомиладорликнинг 4 ҳафтасидаги белгиларни бир қанча усуллар билан аниқласа бўлади. Биринчиси – ҳайз кечикиши. Аёл циклидан келиб чиқиб, агар кечикиш ҳеч бўлмаса бир кунни ташкил этадиган бўлса, қўрқмасдан ҳомиладорлик тестини ўтказиш мумкин: бунда натижа 98 фоизгача аниқлик билан чиқади.

Ҳомиладорликнинг 4 ҳафтасида гинеколог бачадон бўйнида рангга ва тузилишга доир ўзгаришларни кузатиши мумкин. Шунга қарамай, қатъий бир хулосани бериб бўлмайди.

Бу муддатда УЗИ қилишга ҳали вақт эрта, сабаби ҳомила ҳали ўз манзилига етиб боргани йўқ. УЗИ натижани 8 ҳафтага яқин қолганда кўрсатиши мумкин.

Ҳомиладорликнинг 4 ҳафтасида ҳомиланинг ривожланиши

Ҳомиладорликнинг 4 ҳафтасига қадар ҳомила худди кўп қатламли ялпоқ дискка ўхшаш бўлади. Айни шу пайтдан бошлаб у муайян ўзгаришларга дучор бўлади ва борган сайин эмбрионга «айланади». Ҳомиладорликнинг 4 ҳафтасида ҳомиланинг ҳажми энига – 1 мм дан ошмайди, узунасига – 0.36 мм атрофида бўлади. Мана шу босқичда йўлдош ва амниотик суюқлик пайдо бўлади.

Таажжубланарли жиҳати шундаки, ҳомиладорликнинг 4 ҳафтасида бўлғуси кичкинтойнинг боши шакллана бошлайди. Шу вақтнинг ўзида учта асосий қатлам – эктодерма, эндодерма ва мезодермани ажратиб кўрсатишади. Айнан шулар мия, қалқонсимон ва ошқозоности безлари, қон, мускул ва скелетнинг шаклланишига бевосита таъсир кўрсатади.

Ҳомиладорликнинг 4 ҳафтасидаги сезгилар

Одатда, аёл киши ўз организмида кескин ўзгаришларни ҳис қилиши учун бу жуда қисқа муддат ҳисобланади. Фақатгина ўта юқори сезувчанликдагина бирор нарсани ҳис этиш мумкин. Кўпинча аёл ҳомиладорлик ҳиссиёти билан ҳайз олди синдромини чалкаштириб юбориши мумкин.

Ҳомиладорликнинг 4 ҳафтасида қорин пастида зирқираган оғриқ, кўкракда сезгирлик, кайфиятнинг тушиб кетиши кузатилиши мумкин – буларнинг ҳаммаси шунингдек ҳомиладорлик белгиларидир, айрим ҳолларда бу муддатда токсикоз юзага келиши мумкин. Лекин, одатда, оналар ҳатто ҳеч қандай ўзгаришларни сезмайдилар. Ҳомиладорликнинг бундай қисқа муддати аёл организмида камдан-кам ҳолларда яққол ўзгаришлар билан кечади. Айрим ҳолларда ҳайз бошланишини бир оз эслатадиган жигарранг ажралмалар чиқиши кузатилиши мумкин.

Витаминли комплекслар

Ҳомиладорликнинг дастлабки ҳафталаридаги энг машҳур дори-дармон фолий кислотаси ҳисобланади. Уни ҳатто ҳомиладорликни режалаштираётган ва унга тайёргарлик кўраётган пайтдан бошлаб, то ҳомиладорликнинг ўн иккинчи ҳафтасигача қабул қилишни тўхтатмасликни қатъий тавсия этишади. Фолий кислотаси боланинг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади, хусусан нерв тизими ҳамда кўпгина аъзо ва тўқималарнинг ривожланишига ёрдам беради.

Ҳомиладорлар учун махсус ишлаб чиқилган витаминлар комплексини қабул қилса ҳам бўлади. Улар бола учун фойдали бўлгани каби она учун ҳам фойдалидир, унинг суяк тизимини мустаҳкамлайди ва гемоглобинни бир маромда ушлаб туради.

Анестезиянинг ҳар қандай туридан ўзини сақлаш лозим. Ҳатто тишларни даволашни ҳам иложи борича ҳомиладорликнинг иккинчи триместрига қолдирган маъқул. Бошқа дориларни фақат шифокор ёзиб берсагина қабул қилиш мумкин. Ўзбошимчалик билан даволаниш асло мумкин эмас!

Туғишга қанча қолди?

Шифокорлар туғруқнинг дастлабки санасини айнан акушерлик муддат бўйича ҳисоблайдилар. Умуман олганда, у 40 ҳафтани ташкил этади. Айнан шуларни санаб чиқиб, улар туғруқ санасини белгилайдилар. Лекин, умуман олганда, бола 38 ҳафтадан бошлабоқ етилган ҳисобланади ва аёлнинг ихтиёрисиз мустақил ривожланиши мумкин бўлади. Одатда болалар 38 ҳафтадан бошлаб 42 ҳафтагача оралиқда туғиладилар. Буларнинг ҳаммаси аёл организмининг хусусиятлари, унинг руҳий ва жисмоний омилларига боғлиқ бўлади.

Манба: Homiladorlik.uz

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте, как обрабатываются ваши данные комментариев.