Узоқ вақт ёлғиз қолмасликка ҳаракат қилинг. Агар ёнингизда ҳеч ким бўлмаса, телефон доим ўзингизда турсин. Ҳомиладорликнинг 38 ҳафтасидаги туғруқ ўз вақтидаги ва маромига етилган туғруқ ҳисобланади.
Кичкинтой ўзини қандай ҳис қилмоқда
Болакайнинг оғирлиги 3 кг га етган ёки шу вазн атрофида, бўйи – 48–50 см. У ҳали ҳам йўлдош орқали озиқланади. Болакайнинг танасида момиқ туклар ғойиб бўлиши, сирсимон мой (верних cасеоса) миқдори камайиши керак.
Бу муддатда ўғил болаларнинг тухуми моягига тушади. Ҳомиладорликнинг 38 ҳафтасида бола ўзини бачадон ичида анча сиқилган ҳис қилади, шунинг учун камроқ туртинади. Бироқ унинг ҳаракатлари анча мувофиқлашиб қолган ва у бачадон деворларидан ташқаридаги ҳаётга тайёр турибди.
Меъёр бўйича кичкинтойнинг юраги дақиқасига 120–160 зарб уради, у ташқарига чиқиш мақсадида боши билан онанинг тосига тираниб олган. Туғилишга тап-тайёр.
Она ўзини қандай ҳис қилади
Ҳозир йўлдошнинг оғирлиги 1–2 кг келади, унинг катталиги диаметрда – 20 см ни ташкил этади. Бачадон киндикдан 16–18 см узоқлашган, у қов симфизидан 36–38 см баландликда турибди. Бу муддатда сиз янада кўпроқ ноқулайликни ҳис этишингиз мумкин: шишлар кўпайиши, яхши ухламаслик ва ёлғондакам тўлғоқлар бўлғуси онани мазкур ҳафта давомида таъқиб қилади.
Агар уйқу келмаса, кечки томон бир стакан иссиқ сут ичинг (уни ҳазм қила олсангиз), чап ёнбошингиз билан ётиб кўринг; оёқларингиз камроқ шишиши учун узоқ вақт ўтириш ва оёқда туришдан ўзингизни тийинг, шўр овқатлардан воз кечинг, оёқларингизни баландликда тутинг. Агар тўлғоқлар безовта қилсаю, лекин сиз унинг чин ёки ёлғондакам эканлигини тушуна олмаятган бўлсангиз, тўлғоқ яна бошланган вақтда хона бўйлаб юриб кўринг – ёлғондакам тўлғоқ ҳаракат пайтида ўтиб кетади.
Кўкрагингиз оғирлашиб қолган, шунинг учун у табиий газламали кийим талаб қилади. Ҳозир сиз зич ип газламадан тайёрланган кўкракбоғ таққанингиз маъқул. Организмингиз туғруққа тайёргарлик кўрмоқда, гормонал фон ўзгаряпти, тоз суякларингиз силжиб, тоғай ва боғламлар юмшамоқда.
Сиз туғадиган бола ўғил ёки қиз бўлишини ҳам ҳойнаҳой аллақачон билиб бўлгансиз.
Ҳомиладорликнинг 38 ҳафтаси: қорин
Онанинг қорни ўзининг максимал катталигига етган. Териси чўзилган ва вақти-вақти билан қичишиб туради, бундан ҳар куни махсус ёғли крем ёки бодом мойини суртиш билан халос бўлиш мумкин. Кўпгина аёллар ҳомиладорликнинг 38 ҳафтасида қориннинг пастки қисмида оғриқни, киндикнинг ўз уясидан бўртиб чиқиб «пуфакча» ҳосил бўлганини кузатишлари мумкин. Бу ўринда битта маслаҳат бера оламиз – тушкунликка тушиш керак эмас, буларнинг ҳаммаси туғруқдан кейин ўтиб кетади ва ўз ўрнига қайтади.
Иккинчи ҳомиладорлик
Агар сиз ҳомиладорликнинг 38 ҳафтасида турган бўлсангиз ва бу сиз учун иккинчи ҳомиладорлик бўлса, у ҳолда туғруқ тўсатдан бошланиб қолиши мумкинлигига тайёр туринг. Шуни билингки, иккинчи ва ундан кейинги фарзандлар тезроқ ва кўпинча осонроқ туғилишади. Бироқ оғриқ сезгилари баъзида кучлироқ бўлади.
Демак, ҳомиладорликнинг 38 ҳафтаси – иккинчи туғруқ: аёлнинг танаси туғруққа тайёр ва у «нима қилиш»ни яхши билади. Ўз сезгиларингизга қулоқ солинг ва «бошланди» дегунча, ҳар ҳолатга шай туринг!
Ҳомиладорлик – 38 ҳафта: қорин тошдек қотади
Она организми қорнида ётган боланинг дунё юзини кўриши учун бутунлай тайёрланган. Агар ҳомиладорликнинг 38 ҳафтасида қорин тошдек қотса, ажралмалар пайдо бўлса, вақти-вақти билан қориннинг пастки қисмида оғриқлар бўлса, орқа тортқилаб турса – бу белгиларнинг барчаси туғруқ яқинлашганлигидан дарак беради. Баъзиларда мазкур белгилар унча кучли сезилмаса, айримларни улар ҳоритади.
Агар кичкинтой жим турса
Ҳомиладорликнинг 38–39 ҳафталарида болакай тиқилинчда на шўхлик қила олади, на ортиқча бурила олади. Шунинг учун у ухлашни маъқул топади. Лекин баъзи қимирлашларни она вақти-вақти билан пайқаши лозим.
Болажонингизга, ўзингизга қулоқ солинг. Мабодо бола жуда узоқ вақт жим қолса, дарҳол текширтириш учун шифокорга мурожаат қилинг.
«Саришталик синдроми»
Ҳомиладорликнинг 38 ҳафтасида бўлғуси оналар уй юмушларини бажаришга ақл бовар қилмайдиган даражадаги ғайрат билан киришишади. Улар ҳозирнинг ўзида ҳамма нарсани эплаб ташлайдигандек бўлишади. Уй бекасининг бундай фаоллигига окситотсин моддасининг ажраб чиқиши сабабдир, у одатда, бевосита туғруқ олдидан ажраб чиқишни бошлайди.
Агар сизда ҳам уй-ҳовлиларни ёғ тушса ялагудек қилиб «кўтариш» нияти пайдо бўлган бўлса, бу ишни қилаверинг. Лекин ўзингизни эҳтиётланг, ҳомиладор аёллар қурби кўтармайдиган оғир юмушга қўл урманг. Мазкур муддатда швабра ишлатадиган бўлсангиз, у сизни туғруқхонагача етаклаши мумкинлигини унутманг.
Ҳомиладорликнинг 38 ҳафтаси – туғруқнинг даракчилари
Асосий воқелик содир бўлиши узоқ ҳафталардан буён кутилмоқда. Организм туғруққа таппа-тайёр. Тана аста-секин туғруқ яқинлашаётгани тўғрисида белгилар бера бошлайди. Одатда бу «даракчилар» ўхшаш бўлади:
- қориннинг тушиши;
- тортишиш ҳисси;
- қорин устки қисмининг вақтинча тош қотиши;
- бачадон тонусининг ошиши;
- ажралмалар чиқиши;
- вазннинг бироз камайиши.
Ҳомиладорликнинг 38 ҳафтасида туғиш
Бу муддат нормал ҳолда туғиш учун жуда мос келади. Агар сизнинг ҳолатингизда болани кесарев усулидаги жарроҳлик амалиёти орқали туғдириш режалаштирилган бўлса, унда сиз ҳозирдан туғруқхонага ётишингиз керак. Шифокор жарроҳлик амалиёти санасини белгилаши мумкин.
Кўнглингизни чўктирманг ва туғруқ енгил ва асоратларсиз ўтишига ишонинг.
Бола ҳам, она ҳам бунга тайёрлар! Ваҳимага ўрин йўқ! Ўй-фикрларингизни жамланг, ўзингизни бўш қўйинг ва яхшиликка жаҳд қилинг!
Туғруқхонангизни биласизми?
Кўз ёришга аҳд қилган экансиз, демак туғруқхонадаги тартиб-қоидалардан ҳам хабардор бўлган бўлсангиз ажаб эмас: ўзингиз билан нималар олишингиз керак, дори-дармон харид қиласизми ёки керакли дориларнинг ҳаммаси муассасанинг ўзида борми. Бўлмаса, ҳозир уларни тайёрлаб қўйишнинг айни вақти.
Ашёлар солинган каттагина халтадан ташқари туғруқхонага асосий нарсани – тетик кайфият ва яхши ҳиссиётларни ўзингиз билан бирга олишни унутманг. Яқинда оилангизда хурсандчилик ва байрам бўлади.
Манба: Homiladorlik.uz