Лекин бу муддатидан олдин туғишга кирмайди. Ушбу даврдан бошлаб сизнинг ҳомиладорлигингиз тиббий меъёрларга кўра ҳомиланинг етилган даври ҳисобланади.
Ҳомиладорликнинг 37 ҳафтасида ҳомиланинг вазни
Ҳомиладорликнинг 37 – 38 ҳафталарида болакай туғилишга тайёр бўлади. Ҳомиладорликнинг 37 ҳафтасида туғиш – акушерлик амалиётида кам учрайдиган ҳолат эмас. Болакай ҳатто тезроқ туғилишга ҳаракат ҳам қилади – унинг организмидаги барча тизимлар ишга тушиб кетишга тайёр, ўпкаларнинг етилишига хизмат қилувчи кортизон гормони ривожланмоқда, ичакда бир оз меконий (биринчи ахлат) тўпланган, кичкинтойнинг қорни ва бошчаси айлана бўйича деярли бир хил.
Болакайнинг бўйи бу даврда 48–50 см, ҳомиланинг вазни – 2,8–2,9 кг ни ташкил этади, бу биз кўзимиз билан кўриб ўрганиб қолган янги туғилган чақалоққа айнан ўхшайди.
Организм ривожланиш жараёнини давом этмоқда, барча нервлар муҳофаза қобиғи билан қопланмоқда, бу жараён бола туғилганидан кейин ҳам ҳаётнинг биринчи йили мобайнида давом этади. Қулоқ ва буруннинг тоғайлари қаттиқлашмоқда, бошда сочлар ўсган.
Бу муддатда сочлар 0,5–4 см гача ўсиб етади. Лануго (танадаги тукчалар) ғойиб бўлиши керак, сирсимон мой (верних cасеоса) кичкинтойнинг бутун танаси бўйлаб тарқалиши ёки фақат бурушиқ жойларда қолиши мумкин.
Ҳомиладорликнинг 37 ҳафтаси – сезгилар
37 ҳафтада яқинлашган туғруқнинг аломатлари пайдо бўлиши мумкин: шилимшиқ тиқин (тарам-тарам йўлли сарғиш ажралмалар) чиқиши, қориннинг пастлашуви (болакай чиқиш томон йўл олган), бироз ахлатнинг суюлиши.
Бачадонингизнинг катталиги максимал даражага етган: оғирлиги тахминан бир килограммни, ҳажми эса 4–5 литрни ташкил этади. Бачадоннинг юқори қисми ҳозир қов симфизидан 37 см ва киндикдан 16–17 см юқорида турибди. Қовуққа тушаётган босим ҳам ошиб бормоқда, оёқ ва чот оралиқларида санчиқли оғриқ пайдо бўлиши мумкин, бел синиб тушаётгандек туюлади, қорин кунига бир неча маротаба қаттиқлашиб қолади.
Тез орада ўз вазифасини ўтаб бўладиган йўлдош «қаримоқда». Кичкинтой яқинда туғилади ва унинг кетидан у ҳам она қорнидан тушиб келади. Акушер-доялар йўлдош чиқиб келганини ва туғруқ муваффақиятли тугаганини қайд этадилар – она организмида ортиқча ҳеч нарса қолмади.
Ҳомиладорликнинг 37 ҳафтаси: ажралмалар
Туғишини кутиб юрган аёллар мазкур муддатда ўзларида сарғиш ёки ҳатто жигар ранг ажралмалар (баъзида тарам-тарам йўлли қон аралашмаси билан бирга) чиқаётганини қайд этишлари мумкин. Ажралмалар таркиби чўзилувчан қоришмадан иборат бўлади. Ҳомиладорликнинг 37 ҳафтасига пушти-сарғиш рангли ажралмалар ва қорамтир рангли шилимшиқлар чиши хосдир, буларнинг ҳаммаси бачадон бўйинчасига кириш жойни тўсиб турувчи шиллиқ тиқин чиқишининг биринчи аломатлари ҳисобланади.
Ҳомиладорликнинг 37 ҳафтаси: қорин тошдек қотади
Агар сиз ҳомиладорликнинг 37 ҳафтасида тез-тез қорин тошдек қотаётганини ёки муттасил оғриқлар бўлаётганини қайд этсангиз, буни шифокорга айтганингиз маъқул. Мазкур муддатда бачадон гипертонус ҳолатида бўлиши мумкин ва кутилган вақтдан илгарироқ туғруқ юз беришига сабаб бўлиши эҳтимоли бор. Қориннинг пастга тушиши ҳам туғруқ яқинлашганидан дарак бериши мумкин. Ўзингизга нисбатан қулоқ тутинг – эътиборли бўлинг, ҳомиладорликнинг 37 ҳафтасида сезгилар тамоман бошқача бўлиши мумкин.
Доктор, сиз нима дейсиз?
Мазкур муддатда шифокор ҳомила атрофидаги сувлар бир оз оқаётган ёки оқмаётганини билиш учун қинни текшириб кўради, бачадон бўйинчаси қанчалик юмшоқ ва юпқа бўлганлигини аниқлайди. Унинг очилиш даражаси ҳам текширилади. У очилишни бошлаган ҳам бўлиши мумкин.
Туғиш жараёнида бачадон бўйинчаси шу қадар силлиқланадики, унинг деворчалари ингичкалашиб қолади, бу эса чақалоқнинг туғруқ каналларидан ўтишига имкон беради. Тажрибали акушерлар бачадоннинг очилиш даражасини «бармоқлар сони бўйича» аниқлайдилар. 4 бармоққа очилгани – 4 сантиметрга очилганликни билдиради. Лекин туғруқ бошланмагунга қадар бачадон бўйинчаси 1 бармоқдан кўпига очилмайди.
Шифокор кўригининг яна бир муҳим жиҳати: доктор ҳомиладорликнинг 37 ҳафтасида ҳомила қай ҳолатда ётганини аниқлайди ва тосингизнинг кенглигига баҳо беради.
Ҳомиладорликнинг 37 ҳафтасида туғиш
Туғруқ вақтининг қатъий тарзда яқинлашавериши онада ҳаяжон ва енгил хавотирни қўзғайди. «Ҳаммаси қандай кечаркин? Нималарни ҳис этар эканман-а? Ҳаммаси жойида бўлармикин? Нималар бўлса ҳам, ҳаммаси бир зумда ва оғриқларсиз ўтсинда ишқилиб. Ҳеч нарсани ҳис қилишни хоҳламаяпман» – бу охирги ҳафталарни ўтказаётган бўлғуси онанинг ҳаёлидан ўтадиган табиий ҳаяжон ва ўй-фикрлардир.
Ваҳимага тушиш ва руҳан эзилавериш керак эмас. Ўзингизни муҳим бир ишни бажаришга қаттиқ чоғланг. Бу шунчаки оддий иш эмас, у ҳаётингиздаги муҳим ва шарафли ишдир. Энг қувончли фикрни миянгизга қуйиб олинг: яқин орада сиз узоқ кутилган болажонингиз билан учрашасиз – ҳеч нарсадан қўрқманг, Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши ўтади!
Манба: Homiladorlik.uz