Ҳомиладорликнинг 35 ҳафтаси – боланинг оғирлиги
35 ҳафтадан кичкинтой ҳафтасига 200–220 грамдан вазн йиғишни бошлайди, ҳозир у анча қувватга тўлган: боланинг вазни – 2,4–2,6 кг, бўйи эса – 46–47 см. Ҳомиладорликнинг 35 ҳафтаси: боланинг вазни мазкур ойлар мобайнида яшаб келган жойига нисбатан катта. Болакайга «уйчаси» борган сари торлик қилиб бормоқда, авваллгидек эркин ҳаракатлана олмайди. Энди унинг ўмбалоқ ошишлари кўпроқ думалашларни эслатади. Сиз бола танасининг дам у, дам бу қисмини дўппайтираётганини кузатиб ҳузурланишингиз мумкин.
Кичкинтойнинг тирноқчалари ўсиб чиққан, ҳомиладорликнинг 35 ҳафтасида улар шунчалик узунки, ҳатто қорнингизда у ўзини беихтиёр тирнаб олиши ҳам мумкин.
Бу даврда туклар йўқолади, ёғли тўқималарнинг кўпайиши давом этади. Тўқималар айниқса елка атрофи соҳасида фаол йиғилади, бу болакайнинг елкачалари такомиллашувидан нишонадир.
Қулайроқ жойлашиб олиб…
Ҳомиладорликнинг 35 ҳафтаси болалар она қорнида то туғилгунга қадар ўзгартирмайдиган охирги ҳолатни танлаш муддати ҳисобланади.
Кўпинча, ҳомиладорликнинг 35 – 36 ҳафталарида аксар болалар тўғри ётиб олади: боши билан пастга қараган, юзи онасининг орқасига йўналган бўлади. Бундай ҳолат бош билан ётиш дейилади. Бош суяги ҳали охиргача қотиб бўлмаган ва туғруқ йўлларидан ўтаётганда шаклини бир оз ўзгартира олади, бу эса туғиш жараёнини енгиллаштиради. Кичкинтойингиз учун бундай боши билан пастга қараб ётиш ҳам қулай, ҳам мақбулдир, унинг мазкур муддатда ғужанак бўлиб ётиши ҳам табиий ҳол.
Агар болангиз тўнкарилиб олишни истамаган бўлса, хавотирга тушманг, туғруқлар, катта эҳтимол билан, муваффақиятли ўтади. Тажрибали акушерлар бунинг учун барча иқтидорларини ишга солишлари лозим.
Ҳомиладорликнинг 35 ҳафтаси – сезгилар
Қорин роса ўсган ва кўп қийинчиликларни туғдирмоқда! Бачадон йириклашиб, ошқозонни эзиб, ўпкаларингизни эса деярли япалоқ шаклга келтириб қўйган, у диафрагмага гўё ётиб олган. Яна озгина сабр қилинг: 35 ҳафтанинг охирига бориб болакай пастга тушишни бошлайди, тўйиб-тўйиб нафас оласиз.
Ҳозир эса, агар ростдан ҳам нафас олишингиз қийинлашган бўлса, мазкур ғалати бир машқни бажаринг: тизза ва кафтларни ерга қўйган ҳолда туриб бир неча марта чуқур нафас олиб чиқаринг.
Бачадоннинг туби киндикдан 15 см ва қов симфизидан 35 см га кўтарилган. Киндикнинг ўзи дўппайиб қолган кўринишга эга. Бу ҳомиладорликнинг мазкур муддати учун одатий ҳолдир. Ушбу даврда кичкинтой сизнинг организмингиздан фаол тарзда кальций моддасини истеъмол қилади. Таомномангизда қаймоғи олинмаган сут ва сут маҳсулотларига алоҳида эътиборингизни қаратинг.
Ҳомиладорликнинг 35 ҳафтаси: қорин тошдек қотади
Муддат анча катталашган, ҳомиладорликнинг 35 ҳафтасида кўпгина аёллар учун ноқулайликлар ҳисси хос бўлади: оёқдаги оғриқлар ёки қориннинг пастки қисмидаги тортувчи оғриқлар вақти-вақти билан безовта қилади. Албатта, гўдагингиз анча катталашган, унга жой торлик қилмоқда, онанинг қорни доим таранг ҳолатда турибди. Айрим аёлларда ҳомиладорликнинг 35 ҳафтасида муайян ноқулайликлар вужудга келиши мумкин: қорин тошдек қотади, оёқлар шишади, чарчаганлик ҳисси – буларнинг ҳаммаси сизни деярли ҳолдан тойдиради.
Бироқ бу аломатларни енгиллаштириш ёки уларни бутунлай четлаб ўтиш мумкин. Баъзида бунинг учун жуда осон ҳаракатлар керак. Масалан, муттасил ўтирадиган ҳаёт тарзидан воз кечиш тавсия қилинади: амалда ҳар 10–20 дақиқада юриб ҳаракатланиш керак. Бундан ташқари қўл ва оёқларда шишлар пайдо бўлишининг олдини олиш мақсадида кўп суюқлик ичмаслик керак. Эрталаблари ва кун давомида ҳомиладорлар учун мўлжалланган енгил бадантарбия билан шуғулланган яхши ҳамда тўғри ва кам-камдан овқатланган маъқул.
Ҳомиладорликнинг 35 ҳафтасида туғруқ
Болакай «етилган», у туғилиш вақтини кутиб ётган чақалоққа ўхшайди. Гарчанд ҳомиладорликнинг 35 ҳафтасидаги туғруқ меъёр деб ҳисобланмасада, ваҳимага тушмаслик керак. Ҳозирги асосий вазифа – мавридни ўтказиб юбормаслик! Агар қўққисдан белда бирор оғриқ юзага келса ва у даврий тусга эга бўлса, ажралмалар чиқса ёки қорнингиз тошдек қотганини сезсангиз, бу ҳақда зудлик билан шифокорни хабардор қилганингиз маъқул. Шунда, агар мазкур муддатда туғруқ келиб қолса ҳам, Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши ўтади ва она узоқ вақтдан буён кутаётган кичкинтойини бағрига босиб олади!
Хотиржам ҳомиладорлик
35 ҳафта – максимал даражада яхши кайфият ва хотиржамлик даври ҳисобланади. Агар ҳозирги муддатда туғиш билан боғлиқ қандайдир ваҳима сизни чулғаса, уни дарҳол ҳайдаб юборинг. Кечки томон яхши филмлар томоша қилинг, сокин мусиқа тинчлантиришини унутманг, алла айтишни канда қилманг. Болаларга онаси айтган қўшиқлар доим ёқади.
Ишончингиз комил бўлсин: ҳаммаси яхши бўлади. Ҳомиладорлигингиз муддати ҳам тугай деб қолди. Бу ғанимат кунлардан ҳузурланиб қолинг. Агар дадил бўла олмасангиз, яқинда туғадиган аёллар курсларига қатнанг.
Кўпчилик орасида инсон ўзини доим дадилроқ ҳис этади. Одамлар билан мулоқот қилишдан ташқари бундай курсларда билимингизни янада оширасиз, тўлғоқ вақтида ўзингизни қандай тутишни билиб оласиз. Бу эса туғруқ вақтида дадилроқ бўлишингизга ёрдам беради.
Манба: Homiladorlik.uz