Соғлом оила - соғлом келажак

Ҳомиладорликнинг 31 ҳафтаси

Туғруқ тобора яқин. Болакай кун сайин ўсади, вазни ошиб боради, янгидан-янги одатларни ўзлаштиради. Она қандайдир ноқулайликни ҳис этади, юриши оғирлашади ва нафас олишга қийналади. Кичкинтой борган сайин кўпроқ жойни эгаллаб боради ҳамда ишора беради: ҳадемай туғиламан!

Ҳомиладорликнинг 31 ҳафтаси – боланинг вазни

Эртаклардагидек – кун эмас, соат сайин ўсиб борамиз. Болача фаол тарзда мушак массасини тўплайди, ҳомиладорликнинг 31 ҳафтасида боланинг вазни 1,5–1,6 кг га етади, бўйи 39–42 см бўлади. У бармоғини сўришни ўрганган!

Кичкинтойнинг мияси фаол ривожланишда давом этади, асаб толалари атрофида ҳимоя қобиқлари пайдо бўлади, шунинг учун болакай импульсларни энди анча тезроқ узатишга қодир. Яна бир муҳим ўзгариш шуки – кичкинтой энди ўрганишга қобил бўлади. Шу ҳафтадан бошлаб унинг кўз қорачиқлари деярли катталарникидек бўлиб қолган, ҳомила ёруғлик ва қоронғиликка сезгир, териси остида оқ ёғли тўқима шаклланиб, болакайнинг ранги биз уни чақалоқлигида кўришимиз мумкин бўлганидек пуштирангга кириб боради.

Энди сизнинг болангиз оғриқни ҳис эта олади. Агар сиз билмаган ҳолда қорнингизни одатдагидан қаттиқроқ босиб юборсангиз, шу зумдаёқ кичкинтойнинг жавобини ҳис этасиз – қимирлаб норозилик билдира бошлайди. Кескин товушлардан сесканади, яъни 31 ҳафтадан бошлаб боланинг ташқи олам сигналларига таъсирчанлиги ошади. Ҳомиладорликнинг 31 ҳафтасида жимит онасининг товушини яхши эшитади ва унга аталган алла оҳангларини тушунади.

Ҳомиладорлик – 31 ҳафта: қимирлашлар

Бу муддатда ҳам кичкинтой, олдин бўлганидек, ўқтин-ўқтин қўл ва оёқчалари билан бетартиб ҳаракатлар қилиб қолади. Лекин энди унинг турткилашлари анча кучли чиқади. Онаси қорнига қараб туриб, унинг қаърида «ҳаёт қайнаётгани»ни кузатса бўлади.

Ҳомиладорликнинг 31 ҳафтасида жимитнинг ўзига хос ҳаракатлари: қўл-оёқлар мушакларининг ривожланиши учун зарур бўлган қимирлашлар, кескин товуш ёки чўчиш оқибатида юзага келадиган силкинишлар, ҳиқичоқ вақтидаги ўқтин-ўқтин бўладиган туртинишлар.

Мабодо у ҳозир туғилса…

Бир қарашда, аввалги ҳафтадан бор-йўғи етти кун ўтган. Лекин бу муддатда болажонингиз кескин ўзгарган, ҳозир у бир ҳафта олдинги жимит эмас.

Кун сайин унинг ўпка тўқимаси «етилиб» бормоқда, алвеоляр халтачаларда эпителиал ҳужайралар – сурфактант деб номланувчи алоҳида моддани ажратиб чиқарувчи қатлам пайдо бўлган. Мазкур модда эндигина туғилган одамга ўпкасини ростлашга ва мустақил равишда илк бор нафас олишга имкон беради.

Фарқини англаб етяпсизми? 30 ҳафтада буларнинг ҳеч бири йўқ эди. Болакай ҳомиладорликнинг 31 ҳафтасида туғилган тақдирда, унинг яшаб қолишга имконияти анча салмоқли бўлади.

Ўзини ўзи инсулин билан таъминлайди

Ошқозон ости бези ҳужайраларининг миқдори кўпаяди, унинг массаси ошади. Ошқозон ости бези оқсиллар, ёғлар ва углеводларни парчалаш учун ферментларни ишлаб чиқишга деярли тайёр. Лекин бу туғилгандан кейин юз беради.

Ҳозир эса ошқозон ости бези қондаги қанд даражасини меъёрда ушлаб турувчи инсулин билан мустақил равишда бола организмини таъминлаб бермоқда.

Жигарнинг такомиллашиш жараёни давом этмоқда: айни пайтда қонни токсинлардан тозалашга хизмат қилувчи бўлакчаларнинг шаклланиши охирига етмоқда. Бу муддатда кичкинтойнинг буйраклари яхшигина ишга тушиб кетган, у сийдигини ҳомила атрофидаги суюқликка чиқаришда давом этмоқда.

Она ўзини қандай ҳис этмоқда

Сиз анчагина, тахминан 8,6 килограммга оғирлашгансиз. Бу вазн ҳомила, йўлдош, ҳомила атрофидаги сувлар, катталашган бачадон ва томирдаги қоннинг умумий миқдори оғирликларининг жамламасидан ташкил топгандир. Қорин катталашишда давом этмоқда. Бачадон яна кўтарилган ва у ҳозир киндикдан 11 см юқорида ҳамда қов симфизидан 31 см баландликда жойлашган.

Ҳомила дадил ўсиб бормоқда ва қорин бўшлиғида ўзи учун кўпроқ жой талаб қилмоқда, шунинг учун кўкрак қафаси ҳамда тосдаги нохуш сезгилардан нольиб ўтирманг. Катталашаётган бачадон барча органларни «ўрнашиб олган» жойидан қўзғатади ва уларнинг фаолиятида баъзи қийинчиликларни юзага келтиради. Бу айниқса ошқозонга тегишли. Шундан жиғилдон қайнай бошлайди. Жиғилдон қайнаши ҳам бунинг тасдиғи.

Ортиқча еб қўйишдан эҳтиёт бўлинг!

31–32 ҳафталардаги ҳомиладорлик – бирор ширинроқ нарсани еб кўришга муттасил талаб бўлиб турадиган давр. Бинобарин, кўп аёлларда ҳатто бир-бирига умуман мос тушмайдиган маҳсулотларни тановул қилишга хоҳиш пайдо бўлиб қолиши ҳам мумкин. Сиз бир вақтнинг ўзида котлетни ширин пирожний билан, тузланган бодрингни аччиқ кофе билан истеъмол қилгингиз, ўта ширин шарбатни тузланган балиқ билан ичгингиз ва бошқа ҳоказо ўзаро мос тушмайдиган таомларни аралаштиргингиз келиб қолиши мумкин. Ҳомиладор аёл нималарни хоҳлаб қолмайди дейсиз!

Албатта, турли хил маҳсулотларни истеъмол қилиш кичкинтой учун фойдали бўлади. Лекин ортиқча килограммлар ҳақида унутманг! Айни шу вақтда улар керак бўлмаган жойларда тўплана боради. Организм шундоғам ҳомиладорлик оқибатида ниҳоятда катта юкка эга бўлиб турибди, баъзи аёллар эса яна ортиқча еб уни қийноққа соладилар. Шунинг учун шифокорлар тўғри ва қисмларга бўлиб, кам-камдан овқатланишни тавсия қилишади. Кунига тахминан 6 марта овқатланишингиз керак. Акс ҳолда ортиқча вазн баъзи асоратларни ва шишларни келтириб чиқариши мумкин.

Ҳомиладорликнинг 31 ҳафтасидаги муаммолар

Ҳарсиллаш ва белдаги оғриқлар 31 ҳафтанинг муаммоси бўлиши мумкин. Бу одатдаги ҳолат. Туғруқ жараёнига тайёрланар экан, белингиз, ташбиҳ билан айтадиган бўлсак, таътилга чиқишга қарор қилган бўлади. Унинг барча мушак ва пайлари ҳозир бўшашган, улар келгусида туғиш фаолиятида тўлиқ иштирок этиш мақсадида дам олмоқда.

Мазкур ҳафтада оёқларингизда бўртган томирлар пайдо бўлиш эҳтимоли кучаяди. Нажотбахш компрессион ич кийимлар мавжудлигини унутманг.

Яна ҳомиладорликнинг 31 ҳафтасида организм релаксин – тос суяги бирикмаларининг бўшашишига олиб келувчи моддани фаол тарзда ишлаб чиқаришни кучайтиради. Тос ҳалқаси янада қайишқоқ ва чўзилувчан бўлиб қолади.

Организм кутилаётган асосий воқелик соатига тобора яқин келмоқда. Қадам ташлашингиз ҳали ҳам ўрдак юришни эслатади, лекин бу вақтинча, туғруқдан кейин ҳаммаси ўз жойини топади.

Қон босими. Вазн. Шишлар

Бу муддатда йўл қўйиладиган қўшимча вазн ҳафтасига кўпи билан 300 граммни ташкил этади. Меъёрдаги қон босими – симоб устуни 120/70 мм. Ҳомиладор аёлнинг ҳимоя кучлари 31 ҳафтада анча заифлашган, оғиз оқариши пайдо бўлиши ҳам мумкин.

Буйраклар суюқликни қайта ишлаш ва тузни ҳайдаб чиқаришни етарли даражада уддалай олмаслиги мумкин, бунинг натижасида қўл-оёқларда шишлар вужудга кела бошлайди.

Бунинг олдини олиш учун қуйидагиларни бажаринг: ўтирган вақтингизда имкон борича оёғингизни бир оз баландликка қўйинг; поябзал ва кийимлар тор бўлмаслиги керак; туз истеъмол қилишни чекланг; кунига камида бир ярим литрдан сув ичинг; мунтазам равишда сийдик таҳлилини топшириб туринг; компрессион колготка ёки пайпоқлар кийинг.

Манба: Homiladorlik.uz

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте, как обрабатываются ваши данные комментариев.