Соғлом оила - соғлом келажак

Ҳомиладорликнинг 30 ҳафтаси

Ҳомиладорликнинг 30 ҳафтаси – бу кўп нарсани англатади. Биринчидан, она қорнидаги бола – муайян кўникма ва реакцияларга эга бўлган, амалда шаклланиб қолган одамча ҳисобланади. Иккинчидан, декретга чиқиш вақти келган. Учинчидан, туғруққа оз қолган.

Ҳомиладорликнинг 30 ҳафтаси

Ҳозир у – сизнинг жимитингиз қандай? УЗИда нафақат инсон боласининг аниқ чизгиларини кўриш мумкин, балки унинг қандай нафас олаётганини, она қорнидан ташқарида бўлганида ўзининг биринчи ҳаракатлари, нафас олиш-чиқаришни мустақил тарзда бажаришга қандай тайёргарлик кўраётганини кўриш мумкин.

30 ҳафталик ҳомиладорлик – ҳомиланинг ривожланиши

Ҳомиладорликнинг «балоғатга етган» даври бошланди. Болакай энди уйқусида муштчаларини сиқиши, елка қисиши, юзини буриштириши ва керишиши мумкин. У сизни тушунади, ўзига ёқадиган ёки ёқмайдиган нарсаларга муносабат билдиради. Масалан, қорнингизни силаганингизда сизга ижобий муносабатини, сигарет чекилган хонада ёки ноқулай ҳолатда ўтирганингизда салбий муносабатини билдиради.

Агар меъёрда ўсаётган бўлса, кичкинтойингизнинг кўзлари йирик очилган ва кўз косасида ҳаракатланиш имкониятига эга бўлади, бола она териси ва қорин мушаклари орқали кириб келадиган ёруғликка таъсирчан бўлади (ёруғлик қанчалик кучли бўлса, бола ҳам шунчалик қаттиқ тепиши мумкин), унинг туклари ўсади, уйқу ва бедорлик ритми ишга тушган, ўпкалари эса мустақил ишлашга ростмана тайёрланяпти. Ҳомиладорликнинг 30 ҳафтасида кичкинтой миясининг массаси ошади, бурушиқ ва бурмалари миқдори ҳамда чуқурлиги кўпаяди. Бош мия қобиғининг функциялари эса кичкинтойингиз туғилганидан кейингина ривожланади.

Кичкинтойнинг 30 ҳафтадаги оғирлиги

Ҳозир жимитнинг вазни 1,4 1,5 килограммни ташкил этади, бўйи эса 37–38 сантиметрларга етиб қолган. Болакай катта бўлиб қолган, лекин онасининг қорнида у ҳамон ўз жойлашувини ўзгартириб туради. Унинг эркин ҳаракатлар қила олиши учун яна икки ҳафта бор. Шундан кейин бола муайян бир ҳолатни – боши билан пастга қараган (бош билан ётиш) ёки бошини осмонга қаратган (тос билан ётиш) ҳолатни эгаллайди.

Ҳомиладорликнинг 30 ҳафтаси – қимирлашлар

Ҳомиладорликнинг 30–31 ҳафталарида ўз ҳис-сезгиларингизга, қорин ичидаги ҳаракатларга, тортқилаш ва мушт билан зарб беришларга эътиборли бўлиш лозим. Кичкинтойнинг қанчалик фаоллиги, қанчалик меъёрда ривожланаётгани, ҳомиладорликнинг кейинги босқичларига ҳеч нима хавф солмаётганини билиш учун қимирлашлар ўртасидаги оралиқ вақт билан қизиқиб кўриш ва муайян ўлчовларни бажариш керак бўлади.

  • Соатли ўлчов: боланинг фаол ҳаракатланиш даври вақтида камида 6 та қимирлаш.
  • Олти соатлик ўлчов: камида 10 та қимирлаш.
  • Ўн икки соатлик ўлчов: камида 24 та қимирлаш.

«Росаям тук-сочли бола»

Ҳомиладорликнинг 30 ҳафтасида бола танасидаги момиқ туклардан халос бўла бошлайди. Баъзида уларнинг бир қисми, баъзида эса анча қисми барибир қолади. Шунда дунёга келадиган бола тукдор бўлади.

Лекин ҳар бир боланинг ўсиши ва сертук бўлишининг ўзи алоҳида ҳолат. Айрим болалар сочи билан, бошқаларининг кал бўлиб туғилиши ҳам меъёрдаги ҳолдир.

Она ўзини қандай ҳис қилмоқда

Қориндаги бола анча ўсиб қолганлиги сабабли аёллар ҳомиладорликнинг 30 ҳафтасида талай ноқулай сезгиларни ҳис этишади. Сизнинг ички органларингиз сиқиб қўйилган, ҳаракатларингизнинг шашти пасайган, қадам ташлашингиз салмоқдор бўлиб қолган, бир сўз билан айтганда, ўрдак юришга эга бўлиб қолгансиз.

Танангизнинг оғирлик маркази ўзгариб турганлигига қарамай, қоматни тик тутишни унутмаслигингиз керак. Моддалар алмашинуви шунчалик ошганки, нафақат илиқ, балки анча салқин кунда ҳам қизиб кетаётгандек бўласиз. Тер чиқиши кучаяди.

Кўпинча охирги триместрда аёллар камқонликка учрашади, қорин соҳасида узун чизиқли қизил доғлар пайдо бўлиши мумкин. Бачадон жуда юқорига кўтарилади (унинг жойлашуви қуйидагича бўлади: киндикдан 7,5–10,2 см ҳамда қов симфизидан 29–30 см юқориликда). Бундай жойлашув диафрагмани юракни эзишга шунчалик мажбур қиладики, ҳатто у ҳолатини ўзгартиради ва ёнбошга «ётиб қолади». Шу боис сиз нафас олишга қийналишингиз ва ҳарсиллашингиз мумкин.

Ҳомиладорликнинг 30 ҳафтасида камсувлилик

Мазкур муддатда ўз ҳолатингизга эътиборли бўлиш талаб қилинади. Она учун бу ҳозир муҳимдир. Таҳлилларни ўз вақтида топширинг, УЗИ қилдиринг ва акушер-гинекологнинг тавсияларига риоя этинг. Бу эҳтимолий муаммоларни бартараф этиш учун керак.

Бу даврда камсувлилик ташхисини қўйишлари мумкин. Бундай ташхис, одатда, ҳомила атрофидаги сувлар 500 мл етмаганда қўйилади. Бу сувларнинг сўрилиши ёки пайдо бўлишидаги бузилишлар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бу, шунингдек, аёлнинг организмидаги бирор бузилишларга далил бўлиши мумкин. Бундай ташхисни шифокор фақат тўлиқ текширувдан кейингина қўя олади. Ҳомиладорга махсус даволаниш муолажаси тайинланади.

Дарҳол декретга!

Ҳомиладорликнинг 30 ҳафтаси – амалдаги қонунчиликка биноан барча ишловчи аёлларга бериладиган туғишгача таътилнинг бошланиши. Бу таътилни ҳордиққа, уйқуга ва сайрларга сарфлаш мумкин ва лозим.

Бизнинг аёллар – ўзимизнинг аёлларимиздир. Кўп ҳолларда улар чегарадан чиқиб кетишади: баъзида туғруқдан олдинги таътил вақтида улгурилмаган ҳамма ишларни қилиш, йиғилмаган жойларни йиғиштириш-жойлаш, тозаланмаган жойларни тозалаш ва бошқаларга улгурмоқчи бўлишади ёки аксинча, бошни кўтармай уйқуга кетишни исташади.

Биринчи ҳолатда донолар нақлини эсга олинг: иш деган тугармиди, айниқса шундай қорин билан? Иккинчи ҳолатда эса оддий тажрибага риоя қилинг: дам олиш ва уйқучилик – бошқа-бошқа нарса. Меъёрида ҳаракатли бўлинг, туғруққа тайёрланинг ҳамда онанинг чарчоғи ёки ланжлиги болада ҳам ўз таъсирини қолдиришини унутманг. Сиз бир-бирингизга бардам, соғлом ва фаол ҳолда кераксизлар.

Манба: Homiladorlik.uz

 

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте, как обрабатываются ваши данные комментариев.