Ҳомиладорликнинг 3 ҳафтаси бошланди. Бу ҳал қилувчи ва ҳомиладорликни «режалаштириш»дан унинг ҳақиқатда мавжуд бўлган даврига ўтиш палласи ҳисобланади. Агар тухумҳужайра иккинчи ҳафтанинг охирида уруғланмаган бўлса, у ҳолда учинчи ҳафта ҳомила бўлиш учун энг мақбул вақтдир. Аслида, овуляция 12–14 кунлари юз бериши керак эди.
Акушерлик ҳомиладорлигининг 3 ҳафтаси – ўта муҳим давр ҳисобланади, чунки айнан шу вақтда ҳомила фаол ривожланиши ҳамда тухумҳужайра миграцияси (кўчиб ўтиши) бошланмоқда, унинг мақсади – бачадон бўшлиғига иложи борича тезроқ кириб олиб, унинг деворга пайвандланган ҳолда у ерда маҳкам ўрнашиб олиш.
Бундан ташқари, ҳомиладорликнинг (акушерлик) 3 ҳафтаси – уруғланган тухумҳужайранинг бўлиниши бошланиш даври ҳисобланади, тегишли равишда, бу пайтда бўлғуси она икки эгиз, ҳатто баъзида уч нафар эгизакка ҳомиладор бўлиб қолиши мумкин. Албатта, битта кичкинтой – ота-она учун катта қувонч сабабчиси, лекин кўп ҳомилали ҳомиладорлик эса, у айрим ноқулайликлар ва жиддий тиббий назоратни талаб этсада, бутун оила учун икки, ҳатто уч баробар хурсандчилик келтиради.
Ҳомиладорликнинг учинчи ҳафтаси: нималар содир бўлади
Агар яхшилаб англаб етилса, ҳомиладорликнинг 3 ҳафтаси – сизнинг ҳомилангиз ҳаётининг энг биринчи ҳафтаси ҳисобланади. Овуляция бошланган пайтдан буён тухумҳужайранинг сперматозоид билан бачадон найчасида учрашиб олиши учун бор-йўғи 24 соати бор эди. Агар мазкур «учрашув» ўз вақтида юз бермаса, у уруғланиш имкониятини қўлдан бой беради.
Шунинг учун ҳомиладорлик 3 ҳафтасининг энг муҳим воқеаси уруғланишнинг ўзи ҳисобланади. Ушбу ҳафтанинг дастлабки кунларида зигота бачадон найчасининг бўшлиғида, унинг деворига ёпишмаган ҳолда турган бўлади. У ўзининг бачадонга томон йўналтирилган ҳаракатини муттасил давом эттиради. Эмбрион, яъни ҳомила эса бачадон найчаси безларидан ажраб чиқувчи оқсил бирикмаси ва ўзининг шахсий энергия захиралари ҳисобидан озиқланиб туради. Бачадон бўшлиғига кўчиб ва унинг ички қобиғига тушиб олгач, эмбрион бачадон деворига, аниқроғи, эндометрия қатламига чўкишни бошлайди. Бу жараён имплантация деб аталади. Агар ҳаммаси муваффақиятли кечса, учинчи ҳафтанинг охирида эмбрион қулай ва озуқабоп муҳит – эндометрия қатламида мустаҳкам қарор топади, шундан кейин она организми билан ҳомила ўртасида мустаҳкам ва кўп томонлама алоқа ўрнатилади.
Ҳомиладорликнинг 3 ҳафтаси: белгилар
Ушбу муддатда организмда яққол кўзга ташланадиган ўзгаришлар деярли кузатилмайди, лекин кўпгина оналар ҳомиладорликнинг 3 ҳафтасида ҳайз олди синдроми аломатларига ўхшаш симптомларни ўзларида қайд этишлари мумкин. Ҳомиладорликнинг 3 ҳафтасида ҳатто баъзи аёллардан ҳам она учун, ҳам ҳомила учун зарарсиз бўлган озгина ажралмалар чиқиши мумкин. Шунинг учун 3 ҳафталик ҳомиладорликни, ҳомилали бўлиш бошланганлигининг аломатларини кўпинча яқинлашиб келаётган ҳайз кўриш билан ҳам чалкаштиришади.
Ҳомиладорликнинг 3 ҳафтасида аёллар аксарият ҳолларда қуйидаги белгиларни қайд этишади: енгил бош айланиши, серуйқулик, қориннинг қуйи қисмида зирқираган оғриқ, кўкракнинг сезилар-сезилмас бўртиб чиқиши.
Бўлғуси кичкинтой
Акушерлик ҳомиладорлигининг учинчи ҳафтасида кичкинтой ҳали жуда ҳам жимит бўлади. Бу фақатгина муҳим генетик маълумотни ўз ичига олган ҳужайралар гуруҳи ҳисобланади холос.
Бироқ ривожланиш ва шаклланиш жараёни қизғин кетмоқда. Ҳомиладорликнинг 3 ҳафтаси ўтгач, ҳомиланинг ҳажми 0,1–0,2 мм диаметрли ковак шарчани эслатадиган бўлади, ҳужайралар сони 250 тагача боради. Ҳомиладорликнинг учинчи ҳафтасида эмбрион амниотик суюқлик билан тўлдирилган кичкинагина халтачага жойлашган бўлади. У озуқа моддаларини ҳали ҳам аёлнинг организмидан эмас, балки тухум сариғига оид халтачадан олади. Айни шу вақтда унда қон яратилиши жараёни кетмоқда.
Ҳомиладорликнинг 3 ҳафтаси: сезгилар
Ҳомиладорликнинг муддати ҳали жуда кам, бор-йўғи бир неча кундан иборат. Мазкур муддатда бўлғуси она одатда ўзидаги ўзгаришларни ҳеч ҳам сезмайди. Лекин айрим аёллар ўз таналарида янги ҳаёт вужудга келганлигини сезганларини айтадилар. Балки бу сезгилар ҳомиладорлик режалаштирилганлиги ва у узоқ муддат кутилганлиги сабабидан унинг дастлабки белгиларини орзиқиб кутиш туфайли юзага келган. Лекин бўлғуси она кўпинча ҳатто 5–6 ҳафтагача ўзининг ҳолати тўғрисида гумонга ҳам бормаслиги мумкин.
Хавфсизлик – ҳаммасидан муҳим!
Ҳомиладорликнинг 3 акушерлик ҳафтаси – унинг ўтиш даврининг энг қалтис мавридларидан ҳисобланади. Овуляциядан кейинги ҳафта давомида эндигина вужудга келаётган ҳаётни бирор бир хатарга солмаслик учун ўзини асабий стресслардан, ҳолдан тойиш ва оғир жисмоний зўриқишлардан сақлаш ўта муҳим. Шунингдек кучли таъсир қилувчи препаратларни қабул қилмаслик муҳим, хусусан, антибиотиклар тақиқланади.
Мазкур босқичда ҳомила ички органларининг шаклланиши бошланган бўлади. Шунинг учун ҳомиладорликнинг биринчи кунлариданоқ ҳар қандай нохуш таъсир кўрсатувчи омиллардан ўзни эҳтиёт қилиб юриш жуда муҳимдир.
Манба: Homiladorlik.uz