Ҳомиладорликнинг 27 ҳафтаси: ҳомиланинг ҳолати
Бу вақтга келиб сиз 9 кг атрофида вазн тўплагансиз. Бу меъёрдаги оғирликдир, ҳомиладорликнинг охиригача яна 3–5 кг йиғишингиз мумкин. Аниқроғи, шунча вазн йиғишга ҳаққингиз бор, аммо ундан ортиғи – нафақат ортиқча килограммлар, балки она ва бола учун ортиқча муаммодир.
Ҳомиладорликнинг 27 ҳафтаси: сизнинг бачадонингиз деярли қовурғаларингизгача кўтарилган, у ўпка ва ичакларингизни босиб туради. Буларнинг ҳаммаси қабзият ва кўнгил айнишини келтириб чиқарадию, лекин иштаҳага ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди. Афсуски, бу ҳол туғруқ кунларига қадар ўзгармаслиги мумкин. Бунда битта йўл бор – тўғри овқатланинг ва кам-камдан енг.
Мазкур давр муҳим ҳисобланади, бу муҳимлик боланинг жойлашуви масаласига ҳам тегишли. Шифокор ҳомиладорликнинг 27 ҳафтасида бола боши билан пастга қараб ётибди деса хавотирланиш керак эмас: ҳомиланинг ҳолати ҳозир бир неча марта ўзгариши мумкин. Агар бола қоринда нотўғри жойлашиб олган бўлса, сизда унинг ҳолатига «таъсир кўрсатиш» учун ҳали вақт бор. Эҳтимол, шифокорнинг маслаҳатига кўра махсус гимнастика билан шуғулланишингизга тўғри келар.
Ҳомиладорликнинг 27 ҳафтасида ҳомиланинг ривожланиши
Кичкинтой энди деярли бир килограмм оғирликка эга, унинг бўйи эса 25 см дан 30 см гача ва ундан сал каттароқ бўлиши мумкин. Болакай суткасига 20 соатдан ухлайди, ҳар соатда уйғонади.
Ушбу муддатда туғилган бола яшаб кета олади деб ҳисобланади. Табиий муҳитда унинг яшаб қолиши имконсиз, унга қориндаги «уйча»нинг шарт-шароитларини такрорловчи бошқача муҳит яратилиши керак. Бироқ одамчанинг орган ва тизимлари энди фаолият юрита олади.
Ҳомиладорликнинг 27 ҳафтасида болакай баъзи вирусли касалликларни қандайдир даражада ўзи енга оладиган давр бошланган: ҳомиланинг ривожланиши боланинг иммун тизими ўз ишининг актив фазасига киришаётганини назарда тутади. Муайян маънода болакай энди инфекциялардан ўзи ҳимоялана олади. Кичкинтойнинг иммунитети баъзи зарарли моддалар – аллергенларга муносабат билдира олади. Шунинг учун она бу вақтда аллергия чақирувчи маҳсулотларни истеъмол қилмаслиги лозим.
Ҳомиладорликнинг 27 ҳафтаси – қимирлашлар
Болакай яна бироз ўсган, табиийки, қўллари, оёқчалари, боши билан янги ҳаракатлар қила бошлаган. Кўпгина оналар ҳомиладорликнинг 27 ҳафтасида қорин устки қисмининг силкинишиданоқ УЗИнинг ёрдамисиз ҳам бола қандай қилиб турткиланаётгани ва тепинаётганини кўришлари мумкин: қимирлашлар энди янада аниқ тус олган, баъзида ҳатто кескинлиги ҳам ортган. Кичкинтой ҳозир ёруғлик ва эрталаблари онаси қабул қиладиган контраст душга таъсирчан, оёқларини типирлатиш ва бир ёнбошдан бошқасига ўгирилиб олишни ўрганмоқда.
Балки декретга вақтлироқ чиқарсиз?
Узоқ кутилган декрет таътилига оз қолди, демак, ўзингиз учун кўпроқ вақт ажратиш мумкин бўлади. Агар декретга барвақтроқ чиқишнинг имкони мавжуд бўлса, чиқинг. Сизга енгилроқ бўлади, кундалик муаммолар юкидан халос бўласиз. Бу, айниқса, ишига жамоат транспортида етиб борадиган оналарга тегишли.
Лоҳасликлар бўлиб туриши эҳтимолига қарамай, мазкур муддатда оналар ҳомиладорликнинг якуний қисми ижобий бўлишига ҳафсала қилган ҳолда келажакка умид билан боқишлари керак.
Фойдали маҳсулотлар кўнгил айнаши ва жиғилдон қайнашига йўл қўймайди
Фақат фойдали маҳсулотларни истеъмол қилинг ва кичик қисмларга бўлиб овқатланинг. Иродангизни қўлга олинг ва шу маслаҳатимизга риоя қилишга ҳаракат қилинг. Шунда жиғилдон қайнаши қўрқинчли бўлмайди, кўнгил айнашининг азобловчи сезгилари ҳам безовта қилмайди.
Шўр таомлардан тийилиш кераклиги ҳақида сизга аллақачон маслаҳат берган эдик, мабодо бу ишни қилмаган бўлсангиз, ҳозир қатъий тавсияларимизни бажаришга киришинг. Ўзингиз билан сумкангизда олма, печене ва ичимлик суви олиб юринг. Бу сизни яқин атрофдаги фастфудга кириб овқатланишдан тўсади.
27 ҳафталик ҳомиладорлик: таҳлиллар камроқ, УЗИ режадан ташқари бўлиши мумкин
Агар сизни УЗИга юборишган бўлса, демак бу режадан ташқари. Демак, ултратовуш текшируви йўли билан аниқланадиган баъзи масалалар бор.
Сийдик таҳлилини анъанавий тарзда топширасиз, аввал гемоглобин камлиги аниқланган тақдирда эса умумий қон таҳлилини ҳам топширасиз.
Соч турмагингизни яхшиланг, макияждан ҳам воз кечманг
Шу давр оралиғида тўплаган вазнингиз ташқи кўринишингизда акс этмай илож йўқ. Балки бундай ўзгаришлар сизни кўҳликкина қилиб қўйган бўлса ҳам ажаб эмас. Эски кийимларингизни кийишга ҳаракат қилманг: бу ҳолат сиз ва болангиз учун ноқулайлик туғдириши мумкин, ҳеч қандай сиқилишларни ҳис этмаслигингиз учун кийим эркин ва кенг бичимда бўлиши лозим.
Енгил макияж, чиройли соч турмаклари – гўзал ва бетакрор бўлиб кўриниш учун ҳомиладорлик ҳам бир сабаб.
Манба: Homiladorlik.uz