Туғруққа тайёргарлик кўришни бошлаш ва махсус курсларга ёзилиш вақти келди. Ҳолатингиз энди ҳаммага маълум, кўплар сизга маслаҳат ва саволлар бераверишдан чарчамайди. Қориннинг шаклига қараб ўғил ёки қиз туғишингизни тахмин қилишади. Лекин аслида қориннинг шаклини аёлнинг тос суяги белгилайди: агар тос энсиз бўлса – ҳомиладорликнинг 26 ҳафтасида қорин учли бўлади.
Ҳомиладорликнинг 26 ҳафтасида нималар юз беради?
Ўсиб бораётган қорин нафасингизни сиқади, ҳансираш юзага келади, доим чуқур нафас олгингиз келаверади. Борган сайин поябзалингизни ўзингиз кийишга қийналасиз, қадам ташлашингиз ўзгаради. Узоқ масофа ва баланд зинапоялар ҳақиқий муаммога айланади.
Бу муддатда вазнингизга 9 кг қўшилиши мумкин, бу меъёрдаги рақам. Бел оғриғи, оёқлардаги оғирлик безовта қилиши мумкин. Кўпроқ дам олинг ҳамда узоқ масофага сайр қилиш, тинкани қуритувчи навбат кутиш ва бошқалардан ўзингизни тийинг. Ҳозирча шифокор ҳузурига икки ҳафтада бир қатнаяпсиз, лекин агар сизга ҳомиладорларда бўладиган камқонлик ёки пиелонефрит ташхисини қўйишса, докторга тез-тез боришингизга тўғри келади.
Махсус бандажни тақиб юринг, тилим-тилим атрофик чандиқлар пайдо бўлишининг олдини олувчи кремлардан фойдаланинг. Агар ҳомиладорликнинг 26 ҳафтасида «ёлғон тўлғоқлар» ва ҳомиланинг ҳаддан ортиқ қимирлашини ҳис қилсангиз, хавотирланманг. Лекин докторга бу ҳақда айтинг, айниқса, бу тўлғоқлар бачадоннинг гипертонуси билан биргаликда юз берса, айтиш керак.
Ҳомиладорликнинг 26 ҳафтасида ҳомиланинг аҳволи
Ҳомиладорликнинг 26 ҳафтасида ҳомиланинг катталиги 32 см, оғирлиги эса деярли 900 граммга тенг бўлади. У энди жуда фаоллашган, сиз буни сезиб турасиз. Баъзида кичкинтойнинг турткилашлари бир оз оғриқли бўлади (айниқса, агар болакай жигар ёки қовуқни нишонга оладиган бўлса).
Кичкинтой ёғ йиға бошлаган, унинг териси бирмунча оч тусга кирган. Унинг асосий сезгилари – таъм билиш ва эшитиш. Унга мулойим ёқимли мусиқа, онасининг эркаловчи овози, табиатнинг ажойиб товушлари хуш ёқади, шовқин-сурон эса кичкинтойни чўчитиб юбориши мумкин.
Болакай қориндаёқ онасининг юрак уришини, қоннинг томирлардаги оқишини эшитгани учун бу товушлар унга ёқимли, ўзиникидек бўлиб қолган. Буни унутманг, зеро, ҳали янги туғилган кичкинтой қайсарлик қила бошлаганида сиз уни шундоққина бағрингизга босиб, овутишингиз мумкин бўлади. У онасининг юраги ураётганини эшитади, бу эса унинг учун одатдаги, таниш товушдир.
Ўзингизни стресслардан эҳтиёт қилинг
Ҳолатингизда юз берадиган ўзгаришлар сизни хафа қилиши, кайфиятингизни бузиши мумкин. Лекин бу қийинчиликлар абадий эмаску, яқинда сиз бошқа юмуш ва ташвишлар дунёсига ғарқ бўласиз. Кайфиятни бузувчи бу арзимас нарсаларга ўралашиб қолманг, эътиборингизни арзигулик бошқа муҳимроқ нарсаларга қаратинг.
Яқинларингиздан сизга мададкор ва дастёр бўлишларини илтимос қилинг. Ташвишланиш керак бўлмаган нарсаларга асабингизни сарфлаб ўтирманг. Турли хил стрессли ҳолатлардан ўзингизни эҳтиёт қилинг, улар сизга ҳеч ҳам керак эмас.
Овқатни қисмларга бўлиб енг
Кўнгил айниши ва жиғилдон қайнаши бу муддатда тез-тез учраб туради. Бунинг ажабланарли жойи йўқ: бачадон бошқа органларни эзади, уларни силжитади, ҳазм қилиш тизими ҳам «сурилиб туриш»га мажбур бўлади. Бунда сизга қисмларга бўлиб овқатланиш ёрдам беради. Яхшиси тез-тез, лекин кам-камдан енг. Муштингиз ҳажмича таом есангиз етади.
Уйда тайёрланган овқат ҳозир сизга кўпроқ маъқул келади, лекин у ҳам аччиқ, тузланган, дудланган, қовурилган бўлмасин. Ширинлик ва хамирли таомларни озгинадан есангиз бўлади. Зираворларни кўп истеъмол қилмаган маъқул, ахир, ичкарида кичкинтой ҳомила атрофидаги сувларни ютади, уларда эса аёл тановул қилган овқатнинг таъми бўлади.
Текширувда: вазн ва ҳажм
Қабул вақтида шифокор сиздан тарозига чиқишингизни сўрайди, артериал қон босимингизни, қорин ҳажмини ўлчайди. Эҳтимол, қабулдан бир кун аввал бўлажак она умумий қон ва умумий сийдик таҳлилларини топширган бўлади. Шифокор таҳлил натижаларини ўрганиб чиқади, агар улар меъёрда бўлмаса, қўшимча текширувларни тайинлаши мумкин.
Ҳомиладорликнинг 26 ҳафтасида УЗИни камдан-кам ҳолларда тайинлашади, бунинг учун фақат муҳим сабаб бўлиши керак.
Ҳомиладорликнинг 26 ҳафтасидаги сезгилар
Олдинги кийимларига она зўрға сиғади. Бу муддатда ҳатто поябзалнинг ҳам кўпинча бир ўлчам каттасини сотиб олишга тўғри келади. Лекин бу сиз энди чиройли ва латофатли бўлмай қолдингиз дегани эмас. Шу ҳолатингизда ҳам жуда гўзалсиз: қопдек кўйлак ёки ноқулай тор шим эмас, балки бўлғуси оналар учун мўлжалланган махсус кийим сизни гўзаллаштириб юборади.
Манба: Homiladorlik.uz