Аёл тезкор суръатда вазн йиғади, у 6–7 кг га оғирлашган, туғруққача сизга кўпи билан яна 5 кг вазн йиғишга «рухсат берилади». Болачалар эса бу муддатга келиб бачадонда тўғри жойлашиб олишган – боши билан пастга қараб турибди. Лекин агар шундай бўлмаса ҳам, айланиб олишга ҳали улгуришади.
Ҳомиладорликнинг 25 ҳафтасида нималар юз беради
Ҳомиладорлик ўзининг авж палласига чиққан: гарчанд баъзида ўзингизни яхши ҳис этмасангизда, ҳойнаҳой оёқ кийим кийишни ўзингиз эплаб турибсиз, унчалик тез чарчаётганингиз ҳам йўқ.
Ҳар ҳафтада сиз 350 граммгача вазн йиғасиз, шу чегарадан чиқмасликка ҳаракат қилинг, вазнингизни назоратга олинг. Тузни кўп миқдорда истеъмол қиладиган аёлларда турли шишлар пайдо бўлиши мумкин. Бу эса ёқимсиз ва хунук бўлиш билан бирга, хавфли ҳамдир. Шу тариқа кечки гестоз бошланиши мумкин.
Ҳомиладорликнинг 25 ҳафтасида қорин янада катталашган бўлади. Энди кўрик вақтида шифокор қориннинг айланасини ўлчайди, ҳомиланинг юрак уришини эшитади ҳамда унинг бачадондаги ҳолатини аниқлаб бера олади.
Ҳомиладорликнинг 25 ҳафтасида ҳомиланинг аҳволи
Кичкинтой энди 30 см гача ўсган, ҳомиладорликнинг 25 ҳафтасида боланинг вазни эса тахминан 700 граммни ташкил этади. Бундан буёғига болакай бўйига ўсиш ўрнига кўпроқ вазн йиғиб боради. Болани ҳиқичоқ тутаётганини ҳам сезсангиз бўлади. У кўпинча ҳомила атрофидаги сувларни ютади, ошқозон бундай сувларга тўлади ҳамда диафрагмани қичиштиради. Болакай ҳиқичоқ тутаётганидан хавотирланмаслик керак, аммо буни ҳам шифокорга айтган маъқул.
Ҳомиладорликнинг 25 ҳафтасидаги ҳомила ривожланиши
Одатда мазкур муддатда кичкинтойнинг ўпкалари шаклланиб бўлиб энди унда жадаллик билан сурфактант шакллана бошлайди. Айнан шу модда кичкинтой туғилгандан кейин унинг ўпкалари ёзилишини таъминлаб беради. Сиз болакайнинг қимирлашини кечасию кундузи ҳис қиласиз, уйқу ва ҳордиқ чиқариш вақти сизники билан ўзаро тафовут қилиши мумкин. Пайқаш қийин эмас: агар сиз машинада равон йўлда кетаётган бўлсангиз ёки қайиқда сузсангиз – болакай тинчланади. Бунинг сабаби оддий: бола тебранади, бундай тебраниш унга дунёга келганидан кейин ҳам ёқади.
Кўп дам олинг, ухланг ва кайфиятни чоғ тутинг
Кўп юмушлар билан ўзингизга жабр қилманг. Бу муддатда кўпгина аёллар ҳамма нарсага улгураман деб хатога йўл қўйишади. Ҳатто ўзингизни яхши ҳис қилаётган бўлсангиз ҳам зиммангизга заруратдан ортиқча юмушни юкламанг. Сизга ҳозир кўпроқ ҳордиқ чиқариш, ухлаш, кайфиятни чоғ тутиш лозим бўлади. Яқинларингизнинг ҳар бир кўмагини миннатдорчилик билан қабул қилинг ва ёрдам сўрашдан уялманг.
Узоқ муддатли лойиҳаларни хозир бошламанг – декрет таътили яқинлашмоқда, бу вақтда сиз уйдаги ишлар ва ёқимли юмушлар билан шуғулланган ҳолда фақат оила атрофида бўлишни истаб қоласиз.
Озиқланиш: кўпроқ сув ичинг, камроқ туз енг
Бирорта янгича қоидалар мавжуд эмас: тўлақонли, мувозанатлашган, майда-майдалаб овқатланинг. Катта порсияларда овқатланадиган бўлсангиз, жиғилдон қайнашидан қутула олмайсиз. Суюқлик ичиш режимини чекламаган маъқул (лекин газланган ва идишларга қадоқланган шарбатлардан аллақачон воз кечганингизни унутманг). Туз ейишни эса кескин камайтирамиз, акс ҳолда шишлар кўпайиб кетиши мумкин.
Дарвоқе, кишига овқатнинг янги таъмига кўникиш учун бир-икки ҳафтанинг ўзи етади. Саломатлик учун фойдали бўлган қоидани ўзингизга шиор қилиб олинг – тузни камроқ ишлатаман ёки умуман туз ишлатмайман денг.
Таҳлилларингиз натижасини билиб юринг. Илтимос
Одатдагидек, қабул олдидан сиз қон ва сийдикнинг умумий таҳлилини топширасиз. Агар шифокор қўшимча текширувлар ўтказишни керак деб ҳисобласа, шуни буюради. Эҳтимол, доктор ҳомиладорликнинг 25 ҳафтасида УЗИ тайинлар: уни ўтказишдан мақсад – ҳомила атрофидаги сувлар миқдорига ва бола умуртқасининг ривожланишига баҳо бериш, жинсни аниқлашдан иборат. Агар сизда кўп ҳомилалик ҳомиладорлик бўлса, доктор УЗИда эгизаклар ҳомиладорликнинг 25 ҳафтасида қандай ривожланаётганини кўради. Сизни қийнаётган барча саволларингизни докторга албатта айтинг, ҳеч нарсани яширманг.
Дарвоқе, кўп аёллар ўзларининг таҳлил натижалари билан қизиқмай хато қиладилар. Афсус, агар сиз ҳозир ўз ҳолатингизни назорат қилишга ва озгина бўлсада, баъзи атамалар маъносини тушунишга кўникма ҳосил қилсангиз, намунали, саводли ва зукко онага айланасиз.
Ҳомиладорликнинг 25 ҳафтасидаги сезгилар
Сизнинг ташқи кўринишингизда ортиқча (тўғрироғи, ҳозирча ортиқча ҳам деб бўлмайди) вазн йиғишдан ўзга алоҳида ўзгаришлар юз бермайди. Юздаги пигмент доғлар барвақт пайдо бўлиш эҳтимоли бор, лекин улар пайдо бўлмаслиги ҳам мумкин.
Ҳомиладорлик бир маромда кечади, ҳеч қандай ёқимсиз сезгилар бўлмайди, онанинг кайфияти асосан аъло даражада бўлади. Мазкур муддатда барвақт туғиб қўйиш хатари деярли мавжуд эмас. Шу боис асабийлашманг ва кўпроқ дам олинг!
Ҳозир сочларингиз қанчалик гўзаллашганига эътибор қаратинг. Ҳомиладорлик гормонлари туфайли сочларингиз гўзаллик ва пишиқликка эга бўлди. Лекин уларни бўяшни эса биз сизга маслаҳат бермаймиз. Ҳатто бўёғингиз аммиаксиз бўлса ҳам натижа идеал бўлишига кафолат йўқ. Ҳар ҳолда гормонал ўзгаришлар ўз ишини кўрсатади – пировардида қандай ранг қалқиб чиқишини ҳеч ким аниқ айта олмайди.
Манба: Homiladorlik.uz