Соғлом оила - соғлом келажак

Ҳомиладорликнинг 24 ҳафтаси

Ҳомиладорликнинг 24 ҳафтаси – оналар учун янгича ҳиссиётларнинг айни вақти. Кичкинтой шиддат билан вазн йиғади, буни ўзингиз ҳам сезиб турасиз. Унинг туртишлари янада сезиларли бўлиб қолган, вақт ўтган сайин сиз бу ёқимли ишораларга кўникиб борасиз. Лекин шундай ажойиб паллада бўлғуси онани оёқлардаги оғирлик, ошқозон ва қовуқ атрофида ноқулайликлар қийнаши мумкин. Ўзингизга нисбатан эҳтиёткорона, ғамхўрона муносабатда бўлсангиз, ҳомиладорликнинг мазкур «ноқулай кўринишлари» енгиллашиши мумкин.Ҳомиладорликнинг 24 ҳафтаси

Ҳомиладорликнинг 24 ҳафтасида нималар юз беради

Онанинг организми кичкинтойнинг барча эҳтиёжларига мослашиб бораверади. Ҳозир асосийси – кичкинтой она қаърида қулай тарзда ўсиб-улғайиши. Шунинг учун онанинг ўзи унчалик хуш кўрмаган сезгиларни ҳис этиши мумкин, масалан, бел ва орқадаги оғриқлар. Ҳомиладорликнинг 24 ҳафтасида қорин катталашади, шу боис оғирлик маркази силжийди. Ҳомиладорликкача спорт билан шуғулланган оналар учун бундай ўзгаришлар қўрқинчли эмас. Улар бундай оғриқларни умуман сезмасликлари ҳам мумкин. Ҳомиладорларга мўлжалланган фитнес билан шуғулланувчи оналар учун ҳам бу босқич енгил кечади.

Бандаж тақадиган палла ҳам етиб келди. Бу сизнинг орқангиз учун фойдали бўлиши билан бирга бундай мослама тилим-тилим атрофик чандиқлар пайдо бўлишинидан ҳам сақлайди. Қулай поябзал оёқларингизнинг дам олишига ёрдам беради, улар шундоқ ҳам оғир юкни кўтариб юрибди.

Кўп аёллар бу муддатда жиғилдон қайнашидан шикоят қиладилар. Ҳақиқатан ҳам ички органларнинг силжиши сабабли жиғилдон қайнаши вужудга келиши мумкин. Унинг олдини олиш учун овқатни кам-камдан ейишга ҳаракат қилинг.

Ҳомиладорликнинг 24 ҳафтасида ҳомиланинг аҳволи

Кичкинтойнинг орган ва тизимлари ўз шаклланиш жараёнини якунламоқда. Улар ривожланадиган ва такомилига етадиган палла етиб келган. Болакайнинг рефлекслари ва сезги органи янада фаол ривожланади. Кичкинтой кўп нарсани ўрганган: ёруғликка таъсирчан, ҳомила атрофидаги сувларнинг таъмини сезади, онанинг кайфиятини фарқлайди.

Соат 16 дан 20 гача болакай ухлайди, унинг режими онанинг режимига мос тушиши шарт ҳам эмас. Унинг баданчаси ниҳоятда ориқ, умуман ёғли қатламдан холи бўлсада, ҳаракатлари анчагина тезкор бўлади. Айнан ҳомиладорликнинг 24 ҳафтасидаги ғимирлашлар болакай нима қилаётгани ҳақида онага белги бериши мумкин. Тунда кичкинтойнинг тўполончилиги тутиши мумкин, лекин она бу вақтда болажонисини аллаласа бўлади.

Ҳомиладорликнинг 24 ҳафтасида болажоннинг вазни 350 граммдан 400 граммгача, катталиги эса 25 см дан 30 см гача етади. Гўдак учун она қорни тобора торайиб бораверади, шунинг учун ҳомиланинг туртиниш ва ҳаракатларини сиз яққолроқ сеза бошлайсиз. Буларга эътиборлироқ бўлинг: баъзида бола сизга ишора беради: «онажон, бу эгаллаган қад тутишингиз менга ёқмаяпти», ёки «сиз жуда баланд гапиряпсиз, онажон, қаттиқ ҳаяжонланяпсиз ҳам».

Ҳиссиётларингиз – ваҳимасиз, муҳаббат билан бўлсин

Бу даврда ўзгариб бораётган ташқи кўринишидан ҳаяжонга, ҳатто саросимага тушиб қоладиган аёллар ҳам бўлади. Айниқса бу нарса илк марта ҳомиладор бўлган, латофатли, хушбичим қад-қоматга ўрганиб қолган аёлларда учраб туради. Бу ўринда битта маслаҳатимиз бор: ўзингизнинг янги ҳолатингизни яхши кўринг, вассалом. Шу нарса сизнинг гўзал бўлишингизга ёрдам беради, ўзингизни тез-тез суратга олиб туринг, шунда сиз қанчалик ўзгача ва ёқимли бўлиб кўринаётганлигингизни биласиз.

Асосийси – стресс ҳолатида аламингизни овқатдан олманг, бу билан сиз вазнингиз ортишига қўшимча ёрдам берган бўласиз.

Нималарни еса бўлади

Ҳомиладорликнинг 24 ҳафтасида тановул қиладиган нарсаларингиз олдинги ҳафталарникидан кескин фарқ қилмаслиги керак. Бошоқли ўсимликлар, димланган сабзавотлар, сут-қаттиқ маҳсулотлари, парҳезли гўшт, мевали салатлар – буларнинг ҳаммсини мазкур муддатда ҳам канда қилманг.

Қовурилган ва дудланган таомлар эса вазн ортишига ёрдам беради холос, шу жумладан ширинлик ва хамирли овқатлар ҳам. Нафсингизнинг ҳар бир буюрганини бажараверсангиз, туғруқдан кейин қоматингизни тиклаш йўлида қаттиқ курашишингизга тўғри келади.

Ҳомиладорликнинг 24 ҳафтасида УЗИ

Алоҳида кўрсатмаларсиз аёллар мазкур муддатда фақат умумий сийдик ва қон таҳлилини топширадилар. Ҳомиладорларда қанд касаллиги ривожланишини истисно этиш учун қон қанд миқдорига текширишади.

УЗИ фақат кўрсатмалар бўйича тайинланади: агар ҳомиладорлик асоратлар билан кечаётган бўлса ёки она қорнида кичкинтойда патологиялар мавжуд бўлса.

Ҳомиладорликнинг 24 ҳафтасидаги сезгилар

300–500 г – бу мазкур муддатда ҳомиладор аёл бир ҳафта ичида йиғадиган тахминий вазндир. Бундан ортиғи ортиқчалик қилади! Агар уйингизда электрон тарози бўлса, нур устига аъло нур, бу билан сиз вазиятни назоратга олган бўласиз. Вазнни муттасил йиғиб бориш ҳомиладорликни асоратли ўтказишга олиб келиши мумкин, қолаверса, туғруқ учун ҳам бу қулайликлар келтириб чиқармайди.

Ёқимсиз сезгилар қаторида ҳомиладорликнинг 24 ҳафтасида жуда кўп тер безларининг ажраб чиқишини айтиш мумкин. Бироқ бу вақтда таркибида кўп миқдорда сунъий консервантлар ва қўшимчалар мавжуд бўлган дезодорантлардан фойдаланмаган маъқул. Яхшиси ҳомиладорлар учун мўлжалланган косметик воситалардан фойдаланинг, улар таркибида спирт, парабен ва силиконлар бўлмайди.

Соч, тирноқ ва тери ҳолати бу даврда безовталанишга асос яратмайди. Ҳомиладор аёл шундоғам гўзал, уни кўрган кўз қувонади, ўзи ҳам бахти кулганидан чарақлаб туради. Мана шу ҳолат давом этишини истасангиз, кўпроқ сайр қилинг ва совуткич ёнига камроқ яқинлашинг.

Манба: Homiladorlik.uz

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте, как обрабатываются ваши данные комментариев.