Ҳомиладорликнинг 21 ҳафтасига келиб кўп аёллар 4 кг атрофида вазн йиққан бўладилар, буёғига вазн тўплаш янада тезлашади. Бўлғуси она фусункор кўринишга эга: тери, сочлар ва тирноқлар ўз ҳолати билан кўзни қувонтиради. Аслида бу муддата ўзини ҳис қилиш ҳам одатда яхши бўлади.
Ҳомиладорликнинг 21 ҳафтасида нималар юз беради
Ҳомиладорлик, таъбир жоиз бўлса, авж палласига чиққан. Бел ва тосга юқори даражадаги юк тушганда вужудга келадиган толиқиш ҳисси ҳозирча йўқ, ҳарсиллаш ва уйқусизлик ҳам безовта қилмайди. Бироқ мана шу кўнгилдагидек кечадиган пайтларда ҳам аёл баъзи ноқулайликларни ҳис қилиши мумкин. Лекин бу ҳол ҳақиқатдаги аҳвол билан эмас, балки, кўпроқ, ортиқча таъсирчанлик билан боғлиқ бўлади.
Мазкур муддатда белингизда оғриқ пайдо бўлиши эҳтимолдан холи эмас, лекин сиз муайян ҳолатда узоқ ўтириб қолмасангиз, гавдани ноқулай ҳолатда тутиб турмасангиз, оғриқ муаммоси сизни тарк этади. Ўзингизни бўш қўйишни ўрганинг ва организмингизга қулоқ солинг. Бу уйқу масаласига ҳам тегишли. Гавдани ушлаб туришнинг энг тўғри ва қулай ҳолати – ўнг ёнбошда ухлаш. Бутун тунни тўлғаниб ўтказишга ҳожат йўқ, сиз шунчаки, ҳавоси тоза, қоронғи хонада айнан шу ҳолатда қаттиқ ухлашга ўзингизни тайёрланг вассалом.
Бачадон киндикдан бор-йўғи 1 см юқорида, у ички органларни эзиб турибди. Лекин бу жиддий муаммоларни келтириб чиқармаслиги керак. Кичкинтой ғимир-ғимир қилиб итаради, ҳатто ташқаридан туриб ҳам у қориннинг қайси қисмида ўйинқароқлик қилаётганини аниқлашингиз мумкин.
Ҳомиладорликнинг 21 ҳафтасида ҳомиланинг аҳволи
Ҳомиладорликнинг 21 ҳафтасида ҳомиланинг ҳажми у туғилганда бўладиган катталигининг ярмига етади. Лекин оғирлиги бу дунёга келганида бўладиган вазнидан анча-мунча кам: бор-йўғи 360 грамм.
Бу ҳафтада болакайнинг ҳазм қилиш тизими фаол тарзда ривожланади. У ҳануз амниотик суюқликни ютади: бу билан болажон нафақат ўпкани, балки қизилўнгачни ҳам машқ қилдиради. Хозирнинг ўзида бўлғуси она болажонисининг нафс майлларини тўғри шакллантира борса бўлади.
Болакайнинг эндокрин безлари ишга тушган, 21 ҳафтада қора талоқ ҳам «ёрдамга» келади. Кечалари кичкинтой жуда фаоллашиб кетиши мумкин, унинг ухлашига ёрдам бериш учун шунчаки қорнингизни енгилгина силаб қўйинг, алла айтсангиз ҳам бўлади. Болалар онанинг товуши ва кайфиятига эътибор берадилар.
Кўпроқ оналик меҳрини улашинг
Аёл борган сайин ўзини она сифатида ҳис этади, ахир болажонисини шундоққина сезадида. Дарвоқе, тарбия жараёни бошланадиган палла етиб келганлигини унутманг: «қоринда яшовчи» билан ҳозирданоқ гаплашса бўлади. Нафақат бўлади, бу ишни қилиш ҳатто зарурдир! Жажжи одамчага ниҳоятда юмшоқлик билан, оҳиста, самимият ва муҳаббат билан мурожаат қилинг – у ҳаммасини ҳис қилади.
Тўсатдан бўлғуси онани жинсий ҳаёт билан боғлиқ масала илк бор безовта қилиб қолиши мумкин. Янгича шаклингизга секин-аста мослашишингизга тўғри келади. Тушкунликка тушманг, эрингиз билан яқинликдан воз кечманг (албатта, агар қорнингиз оғримаса ва шифокор бунга рухсат берса). Бу нозик паллани сабр-бардош ва эътибор билан енгиб ўтинг.
Овқатланмоқчимисиз? Жадвал тузинг
Иштаҳани назорат қилиш тобора қийинлашиб боради. Лекин ҳозир нафсингизга ҳеч ҳам эрк бера кўрманг: ортиқча битта гумма ва бир стакан газланган сув сизнинг шиддат билан вазн йиғишингизга бошланғич нуқта бўлади.
Агар сиз ўзингизни муайян тартиб-интизомга ўргатиб олсангиз, ҳатто туғруқ вақтига қадар ҳам яхши ҳолатда юришингиз мумкин бўлади. Бунинг учун биргина жадвал бўйича овқатлансангиз кифоя: яхши тўйимли нонушта + енгилроқ иккинчи нонушта + унча катта бўлмаган порсияларда тўйимли тушлик + фойдали кечкидан олдинги овқат + енгилгина кечки овқат.
Таҳлиллар ўтказишда танаффус
Ҳомиладорликнинг 21 ҳафтасида одатда алоҳида таҳлиллар, текширувлар ва УЗИ тайинланмайди. Режадаги иккинчи УЗИ ортда қолган, бир қатор қон ва умумий сийдик таҳлилларини аёл, қоида тариқасида, УЗИ арафасида топширади.
Агар бўлғуси онани бирор нарса безовта қиладиган бўлса, шифокорнинг ўзи сизга якка тартибда текширувни тайинлайди.
Ҳомиладорликнинг 21 ҳафтасидаги сезгилар
Бу вақт ҳомиладор аёл ҳақиқий гуллаб-яшнайдиган палла ҳисобланади: вазн деярли оғирлашмаган бўлади, аммо унинг қадди-қомати фусункор тусга киради. Кўкраклар кўтарилган, тўлишган, қорин эса ҳозирча ихчам, кичкинагина. Тери ва сочлар ҳам, одатда, соғлом кўринишга эга бўлади.
Биргина жиҳат – пигмент доғлар. Лекин бундай алоҳида ўзгаришлар ҳамма аёлларда ҳам юз беравермайди, шунинг учун олдиндан хавотирланишга ҳожат йўқ. Бу ўзгаришлар атрофдагиларга сезилмаслиги ҳам мумкин. Мазкур вақтда бўлғуси она янада кўримли, ёрқин бўлишни истайди, шунинг учун бундай майда жозибасиз доғларни яширишни ўзи яхши эплайди.
Манба: Homiladorlik.uz