Бола ҳам ўсади, вазни ортиб боради, у борган сайин кичкина одамчага ўхшаб кетади. Ҳомиладорлик ўзининг экваторига яқинлашиб бормоқда, бу эса қувонч бағишламай илож йўқ.
Ҳомиладорликнинг 19 ҳафтасида нималар юз беради
Борган сари ухлаш учун гавданинг қулай ҳолатини топиш қийинлашиб боради. Қорин билан ётиш қатъиян ман этилади, аслида бу ноқулай ҳам. Бўлғуси онага осмонга қараб чалқанчасига ётиш ҳам ман этилади: бачадон юракнинг пастки ковак венасини эзиб қўйиши мумкин, бу эса бехавотир эмас. Фақат ёнбошга қараб, оёқни озгина эгган ҳолда ётиш имкони қолади. Дарвоқе, оёқ остига ёки икки оёқ орасига ёстиқча қўйиб ётса ҳам бўлади.
Бачадон ўсиб бораётгани туфайли тос ва белда баъзи оғриқли сезгилар ҳис этилиши мумкин. Аста-секин тос суяклари кенгайишни бошлайди, бу ҳолат оғриқсиз кечмаслиги мумкин. Лекин бўлғуси онани қорин остидаги тортқилаб келадиган оғриқ ташвишлантириши керак, енгил оғриқ эса меъёрдаги ҳолат ҳисобланади.
Бир ҳолатда узоқ ўтирманг, суянчиқли курсилар энди сизнинг «дўстингиз»га айлансин. Оёқни оёқ устига қўйиб ўтирманг, баланд пошнали поябзалдан эса тамоман воз кечинг.
Ҳомиладорликнинг 19 ҳафтасида ҳомиланинг аҳволи
Кичкинтойнинг мияси ўсмоқда ва фаол тарзда ривожланиб бормоқда. Бу нарса ҳомила ҳаракатларининг тобора уйғунлашиб бораётганида кўринади, олдинги бетартиб ҳаракатлар борган сари камайган.
19 ҳафта – кичкинтойнинг бронхиал дарахти шаклланиб борадиган палла, унинг нафас олиш тизими такомиллашиб боради. Таъбир жоиз бўлса, ҳомиланинг ёғ безлари ҳам ишга қаттиқ киришиб кетган: улар ҳомилани ҳомила атрофидаги суюқлик ва патоген микроорганизмлардан ҳимояловчи оқ-кулранг мой ишлаб чиқаради.
Ҳомиладорликнинг 19 ҳафтасида ҳомила анча тез суръатда ривожланади: болакайнинг бўйинчаси мустаҳкамлашган, у энди 180 градусга бурила олади. Ҳомиладорликнинг 19 ҳафтасида ҳомиланинг катталиги думғазасидан бошининг учигача 15 см ни ташкил этади, вазни эса 200 граммга етган.
Болакай сигнал бера бошлайди
Энди сизнинг ҳаётингизга ўз болангизни тактил сезиш ва уларга руҳий боғланиб қолиш сингари ажойиб ҳолатлар кириб келди. Болакай илк қимирлаш тарзидаги сигналларни бера бошлайди, шунда сиз кичкинтойнинг ҳақиқатда мавжудлигини янада кўпроқ сезасиз.
Бу даврда онанинг руҳий кайфияти одатда ташвиш келтирмайди. Тўғри, у бироз чарчаб қолиши мумкин, юмушлар унга оғир келади, фақат толиқтириб қўядиган юмушлар билан машғул бўлиб қолиш ҳам таъқиқланади. Ўзингизни ва болангизни яхши кўринг, зарурат туғилганда ҳордиқ чиқаринг, ҳол-аҳволингиз ижозат берганида эса ўзингизни фаол тутинг.
Таомноманинг асоси – бўтқалар ва мол гўшти
Ҳозир сизнинг таомномангизда қовурилган ва ёғли овқатлар бўлмаслиги керак. Аччиқ, дудланган овқат, нотабиий қўшимчали таом ҳам четга сурилиб қўйилгани маъқул. Тузламалар ва ширинликлар ҳам хозир қатъий назорат остида бўлиши керак.
Таркибида кальций ва темир моддаси кўп миқдорда бўлган маҳсулотлар эса, аксинча, кундалик таомномангиздан мустаҳкам ўрин эгаллаши лозим. Бу дегани гречка, сули ёрмаси, баргак, черника, томат шарбати, мол гўшти эндиликда сизнинг ошқозонингизнинг доимий дўстларига айланиши керак.
Кам-камдан, аммо тез-тез овқатланинг, тунги вақтда тамадди қилиб олишни хаёлингизга ҳам келтирманг.
Ҳомиладорликнинг 19 ҳафтасида УЗИ
Қондаги шакар ва гемоглобин миқдорини текшириш, сийдикдаги оқсил миқдорини аниқлайдиган таҳлилни топшириш вақти келди. Агар зарурат бўлса, шифокор ҳомиладорга прогестерон даражасини текшириш учун қон топширишни тайинлайди.
Ҳомиладорликнинг 19 ҳафтасида иккинчи марта мажбурий УЗИдан ўтишга йўлланма берилса ҳам ажаб эмас. Шифокор боланинг юрак уришини текширади, ҳомиланинг ҳаракатланиш фаоллигини баҳолайди, нуқсонларни ташхислайди. Шунингдек бачадон ва боланинг ҳажми қайд этилади, ҳомила атрофидаги сувларнинг ҳолатига баҳо берилади.
Ҳомиладорликнинг 19 ҳафтасидаги сезгилар
Камдан-кам аёллар ўз ҳолатини яшира олади. Ҳатто юзда ҳеч қандай пигмент доғлари бўлмаса, катталашган бурун ва лабларингиз сизни фош қилиб қўймасада, лекин дўппайиб қолган қоринни яширишнинг деярли иложиси йўқ. Қолаверса, вазнингизнинг ортгани ҳам сизнинг алоҳида ҳолатингизни очиқ кўрсатиб туради.
Бачадон катталашгани сабабли аёлнинг қадам ташлаши ҳам ўзгаради. Бу давр пошналарни бир неча ойга эсдан чиқаришнинг айни вақтидир.
Терингиз чўзилиши сабабли тилим-тилим атрофик чандиқлар пайдо бўлишининг олдини олувчи кремлардан фойдаланишда давом этамиз, териларимиз, соч ва тирноқларимизни парваришлаймиз. Тишда муаммолар юзага келгудек бўлса, тиш шифокорига борамиз. Янада каттароқ муддатларда сизнинг стоматолог креслосида узоқ ўтиришингиз анча қийин кечади.
Манба: Homiladorlik.uz