Соғлом оила - соғлом келажак

Ҳомиладорликнинг 16 ҳафтаси

Ҳомиладорликнинг 16 ҳафтаси – ҳаммаси ўз меъёрида кетмоқда, иккинчи триместр токсикоз ва кайфият «сакраши»нинг барҳам топганлиги билан сизни ҳали ҳам хурсанд қилаётир. Кичкинтой тез ўсмоқда, қорин думалоқлашиб бормоқда, бўлғуси она эса ушбу беташвиш кунлардан роҳат олади.

Ҳомиладорликнинг 16 ҳафтаси

Иккинчи боласига ҳомиладор оналар ҳомиланинг илк ғимирлашини эшитишлари эҳтимолдан холи эмас. Бўлғуси онанинг иштаҳаси жуда ҳам яхши, ҳожатга тез-тез бораётгани йўқ – жуда ажойиб ҳолат. Терингиз чўзилиши сабабли тилим-тилим атрофик чандиқлар пайдо бўлиши эҳтимолини ва ортиқча вазн еғилишини профилактика қилишга айни фурсатдир.

Ҳомиладорликнинг 16 ҳафтасида нималар юз беради

Ўз маромида кечаётган ҳомиладорлик бу вақтда бирор-бир оғриқ ёки дармонсизлик билан кўнгилни хира қилмаслиги керак. Бирор юмушдан кейин енгил мадорсизлик ва чарчаш сезилиши мумкин, бироқ қориннинг пастки қисмида оғриқли сезгилар, ўзини ёмон ҳис қилиш бўлғуси онани безовта қилмаслиги лозим. Агар сиз шунга ўхшаш ҳолатларни сезадиган бўлсангиз, шифокорга мурожаат қилиш зарур.

Кўкрак катталашади, унинг оғриқ сезувчанлиги эса камайиб боради. Агар олдин бу сизнинг уйқунгизга ҳатто халақит берган бўлса, энди бу ҳолатлар ортда қолади.

Бу вақтда баъзи аёлларда узоқ кутилган ҳодиса – боланинг қимирлаши юз беради. Ҳомиладорликнинг 16 ҳафтасида ҳомиланинг илк қимирлаши сезилиши мумкин: кўпинча аёл бу айнан қимирлаш эканлигини тушунмайди ҳам. Болакайнинг бу туртишлари енгил ғимир-ғимирни эслатиши мумкин, худди капалаклар нозик қанотчалари билан ичингизда пириллаб ўтганга ўхшайди.

Ҳомиладорликнинг 16 ҳафтасида ҳомиланинг аҳволи

Ҳомиладорликнинг 16 ҳафтасида ҳомиланинг вазни 100–120 граммни, узунлиги думғазадан бош учигача – 11 см ни ташкил этади. Кичкинтой энди бўйнини тик ушлай олади, бошчасини ён атрофга ўгиришни ҳам ўрганган. Жимитнинг юракчаси астойдил ишламоқда, жигари эса ҳазм қилиш функциясини ҳам бажаришга киришиб кетган. Буйрак ва қовуқ фаол ишлаб турибди. Гўдагингиз ҳар 45 дақиқада сийиб туради.

Бу даврда шифокор кичкинтойнинг қон айланиш тизимида нималар юз бераётганини сизга айтиб бериши мумкин. Жимитнинг қон таркиби тўлиқ шаклланган: ушбу муддатда қон гуруҳини ҳам, унинг резус-факторини ҳам аниқласа бўлади. Қонда ҳали ҳам фетал гемоглобин ишлаб чиқарилади. Кичкинтой туғилгандан кейин ярим йил ўтгач оддий гемоглобин фетал гемоглобиннинг ўрнини босади.

Руҳни тетик тутамиз

Гормонал ҳолат ўз маромини топган: аёл хотиржам ва беташвиш. Аксарият оналар куч-қувватга тўлишиб, ўй-фикрлари фараҳбахш бўлиб бораётганини ҳис этадилар, жуда кўп юмушларни бажариб ташлагилари келади!

Кичкинтойнинг ҳаёти учун хавфсирашлар ортда қолган: иккинчи триместрда бола тушиб қолиши ҳолати камдан-кам учрайди. Агар она иримчи бўлмаса, кичкинтой учун чақалоқлар кийим-кечагини харид қилаверса бўлади. Гарчанд сиз ҳали боланинг жинсини аниқ билмасангиз ҳам, нейтрал тусдаги кийимларни олаверсангиз бўлади.

Нонушта – пухта, кечки дастурхон – енгил бўлсин

Бу вақтга келиб аёл кўпинча 2–2,5 кг атрофида вазн йиғади. Лекин вазннинг кескин тарзда ортиши ҳали кузатилмайди. Кунига 4–5 маҳал лекин оз-оздан овқатланишга ҳаракат қилинг. Нонуштани ҳеч қачон канда қилманг, у тўйимли ва фойдали бўлиши керак. Кечки овқатнинг енгил бўлиши эса зарар қилмайди. Овқатда туз истеъмолини иложи борича чекланг.

Амниотсентезнинг нозик жиҳатлари

Мазкур муддатда шифокор алфа-фетопротеин, конъюгирланмаган эстриол ва ОХГ даражасини баҳолаб берадиган қон таҳлилини тайинлаши мумкин. Ушбу моддаларни тадқиқ этиш ҳомилада хромосомали нуқсонлар бор-йўқлигини аниқлашга ёрдам беради. Лекин мазкур таҳлил салбий чиққан тақдирда ҳам, якунловчи ташхисни қўйишга ҳали эрта. Бу ҳолда амниотсентез муолажаси тайинланиши мумкин.

Амниотсентез – ҳомила атрофидаги суюқликдан намуна (проба) олишдир, бунда сувларнинг таҳлили ҳомила ривожланишидаги камида 40 та эҳтимолий нуқсонларни аниқлашга имкон беради. Ушбу муолажа хавфсиз эмас, шунинг учун она ундан воз кечишга тўлиқ ҳақлидир.

Ҳомиладорликнинг 16 ҳафтасидаги сезгилар

Ҳомиладорликнинг 16 ҳафтасида аёлнинг қорни кўринадиган даражада ташқарига дўппайиб чиққан бўлади. Иккинчи ҳомиладорликда қорин янада кўринарли бўлиб қолади, чунки мушак ва пайлар чўзилган бўлади.

Қориндаги киндикдан қов супачасигача тортилган чизиқчанинг анча қорайиб қолиши эҳтимолдан холи эмас. Пигментация пешанада, юзда, қаншарда, кўзлар атрофида пайдо бўлиши мумкин. Терида меланин пигменти тўпланади, лекин у умуман хавфли эмас. Туғруқдан кейин бу ўзгаришлар йўқ бўлиб кетади.

Кўкрак йириклашган бўлади, киймингиз тор бўлиб қолмаслиги ва ўзингизга қулай туриши устидан кузатиб боринг. Тиш ва милкларингизнинг ҳолатига эътибор беринг, бирор муаммо туғиладиган бўлса стоматолог ҳузурига боринг, зеро, ҳозир бунинг айни вақтидир.

Манба: Homiladorlik.uz

Мақола сизга ёқдими? Ундай бўлса, баҳоланг!
1 баҳо2 баҳо3 баҳо4 баҳо5 баҳо

Загрузка...

Телеграмдаги расмий каналимизга аъзо бўлинг!

Аъзо бўлиш
loading...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *