Соғлом оила - соғлом келажак

Ҳомиладорликнинг 15 ҳафтаси

Ҳомиладорликнинг 15 ҳафтаси – бир қарашда, ҳеч қаерингиз оғримаяпти, нохуш сезгилар йўқ, иштаҳангиз зўр, лекин бўлғуси онани нима безовта қиляпти? Айнан шу даврда баъзи ҳомиладор аёллар терисининг қуруқлашганини, тирноқлар синувчан бўлиб қолганини, сочлар эса одатдагидан кўпроқ тўкилаётганини сезишади.

Ҳомиладорликнинг

Шунга қарамай, кичкинтой жуда яхши ривожланиб боради, «онадан ташқарида»ги ҳаётга муттасил тайёрланмоқда. Унда мазкур ташқи ўзгаришларнинг сабаби нимада, уларга қарши курашса бўладими?

Ҳомиладорликнинг 15 ҳафтасида нималар юз беради

Аёл организмининг кальций ва бошқа озиқлантирувчи моддаларга бўлган талаби бирмунча ошади. Фақатгина витаминларга суяниб қолманг: овқатлар ҳам сизни зарурий моддалар билан таъминлаши керак. Агар бўлғуси онани тунда болдирдаги томир тортишлар безовта қиладиган бўлса, бу кальций танқислигининг аломатидир.

Бачадон тобора катталашиб бориб, қорин бўшлиғига ўтиб олади, шунинг учун унинг қовуққа босими камайиб боради. Тез-тез сийишлар ортда қолади. Лекин бачадоннинг ичакка юк бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас: ич келишда муаммолар пайдо бўлиши мумкин. Қабзиятдан сақланиш учун таомномани бир назардан ўтказиб олиш керак.

Томирда айланиб турган қон ҳажмининг кўпайиши организмнинг темирга бўлган эҳтиёжи билан бевосита боғлиқ. Темир моддасининг танқислиги ҳомиладор аёлда камқонликни келтириб чиқариши мумкин, бунда бош айланиши, мадорсизлик, кўз олди қоронғилашуви юз беради.

Ҳомиладорликнинг 15 ҳафтасида ҳомиланинг ривожланиши

Кичкинтойнинг думғазадан бошининг учигача бўлган катталиги ҳатто 10 см дан ошиши мумкин, вазни эса 70 граммга тенг. Ташқи жинсий органлари табақалашиб бўлган, демак, ҳомиладорликнинг 15 ҳафтасидаги УЗИда ҳомиланинг жинсини аниқлаш мумкин бўлади.

Оёқчалар ўсиш бўйича ортда қолмайди, аксинча, энди улар қўлчалардан ҳам узунроқ. Гўдакнинг кўзлари бир-бирига яқинлашади, қулоқ супраси деярли шаклланиб бўлган. Кичкинтойнинг баданида туклар ўсиши давом этади. Гипофиз (мия остидаги ўсишга таъсир кўрсатадиган ички секреция бези), тер ва ёғ безлари фаол ишга тушиб кетишган.

Ҳозирча ҳомиланинг ранги қизғиш бўлсада, лекин териси аввалгидай шишасимон-шаффоф эмас. Кичкинтой фаолроқ бўлиб қолган, яқин орада онаси унинг илк турткилашларини эшитади.

Ё фаол ё паришонхотир

Сездингизми, фаромушхотир, паришонхотир бўлиб қолгансиз – хавотирланманг, мазкур давр учун булар табиий ҳол. Лекин ақлий-интеллектуал меҳнатдан воз кечманг: аксинча, шу даврда ўқилган ва ўрганилган кўп нарсалар хотирада узоқ сақланиб қолади.

Баъзилар учун эса тамоман тескариси – бу вақтда куч-қувватга тўлишади, мисли кўрилмаган фаолликка эга бўлишади. Бу ҳам нормал ҳол. Бироқ жисмоний юкламани кучайтириб юборманг, уйқу ва ҳордиқ режимига риоя этишни унутманг.

Творог – мажбурий!

Бу муддатда энг катта физиологик муаммо – қабзият. Тўғри овқатланиш унинг олдини олиши мумкин: сабзавот ва мевалар, кепакли нон, ёрма, сут-қатиқ маҳсулотлари, бошоқли ўсимликларни албатта истеъмол қилинг.

Кальций танқислиги ўрнини тўлдириш учун нонуштада творог енг. Айнан творог, қиём қатлами билан қопланган сирок ва ширин творожникни эмас. Суткасига 2 литргача сув ичинг, йилнинг совуқ кунларида резавор мевали морс истеъмол қилинг. Бу нарса шамоллаш касалликларининг олдини олишда ҳам қўл келади.

Стоматолог ҳузурига боринг

Ушбу муддатда махсус таҳлиллар тайинланмайди (ҳомиладорлик жараёни меъёрида кечаётган бўлса, албатта). Шу даврда стоматологга боришга вақт топинг: токсикоз энди ортда қолган, анестезия хавфли эмас, айнан тишларингиз эса ҳимояга муҳтож.

Барча стоматологик муаммоларни ҳомиладорликнинг иккинчи триместрида ҳал этишга ҳаракат қилинг, агар ҳомиладор бўлишдан олдин бунга имкон топмаган бўлсангиз, албатта.

Ҳомиладорликнинг 15 ҳафтасидаги сезгилар

Эмчакларнинг гардиши, қоида тариқасида, қорайишда давом этмоқда. Кўкраклар тўлишмоқда, олдинги ички кийимингизни сўзсиз каттароғига алмаштиришга тўғри келади.

Агар аёлни тунлари бўғилиш сезгилари қийнаётган бўлса, чўчимаслик керак, бундай бўлиши мумкин. Бурундан қон кетиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас, чунки она организмида қон ҳажми ортиб бормоқда.

Ҳомиладорликнинг 15 ҳафтасида қорин ўсиб боради, тор кийим ва тор шимда юрмаслик керак. Қорнингизда ҳеч қандай ноқулайликлар бўлмаслиги лозим. Ўз ҳолатингиздан роҳатланиб, руҳланиб юринг, ҳатто ҳомиладорлар учун мўлжалланган дўконларни сайр қилинг, булар сизга олам-олам қувонч келтирсин.

Манба: Homiladorlik.uz
Мақола сизга ёқдими? Ундай бўлса, баҳоланг!
1 баҳо2 баҳо3 баҳо4 баҳо5 баҳо

Загрузка...

Телеграмдаги расмий каналимизга аъзо бўлинг!

Аъзо бўлиш
loading...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *