Ҳомиладорликнинг 14 ҳафтасидаги сезгилар
Онанинг қоринчаси юқори кўтарилади ва сезиларли даражада думалоқлашади. Уни ҳали ҳам бирор кийим ортига яширса бўладию, лекин агар сиз хипчароқ кийимга бурканиб олсангиз, қаппайган қоринни яшириш амримаҳол бўлиб қолади. Уйда, диванда ётган ҳолда олд қорин деворчаси орқали бачадонни пайпаслаб кўриш мумкин. Иккинчи боласига ҳомиладор бўлган оналар ўз қорнидаги гўдагининг илк қимирлашини эшитишлари ҳам мушкул эмас. Агар бу ҳол ҳозир содир бўлмасада, лекин 18–20 ҳафталарга бориб сиз болангизнинг турткилашларини аниқ сезасиз. Қоринда енгилгина «кураш» жараёни сезгилари ҳис этилади. Шу тариқа, кичкинтой ўзининг борлигини сездириб туради, ота-онаси билан мулоқотга киришади.
Аёл вазни орта боради, лекин ҳозирча бунинг сабаби – айланаётган қон ҳажмининг кўпайиши. Ҳозир бўлғуси она вазни ортиб бораётганига фақат хурсанд бўлади, бироқ иштаҳани барибир жиловлаш зарур. Акс ҳолда оғирлашиш сизнинг фойдангизга бўлмайди.
Ҳомиладорликнинг 14 ҳафтасида ҳомиланинг аҳволи
Бу пайтда ҳомила жуда тез ўсади, жадаллик билан вазн йиғади. Агар уни кўришнинг иложи бўлганида у янги туғилган чақалоққа жуда ҳам ўхшашини кузатган бўлардингиз. Шундай бўлсада, кичкинтой ҳали жуда ориқ, лекин ёғли тўқималарни йиғишга ҳали эҳтиёж ҳам йўқда: ҳозир органлар ва тизимларнинг ривожланиши ва такомиллашуви муҳимроқ.
Болакайнинг қош ва киприклари пайдо бўлган, юз мушакларининг имо-ишоралари анча такомилига етган. Кичкинтой бармоқларини сўра бошлаган, ва бу нарса унга хуш ёқади. Она бирор-бир ширинликни еса, ҳомила атрофидаги сувларнинг таъми ҳам ўзгаради: бу нарса болага ёқади, шунинг учун у бу сувни кўпроқ ютади. Боланинг сезгилари янада ранг-баранг бўла бошлайди. Тери қопламининг сезувчанлиги кучаяди, шунингдек таъм сезиш рецепторлари ривожланади.
Боланинг жинсини ҳомиладорликнинг 14 ҳафтасида ҳали аниқлаб бўлмайди, лекин жинсий аъзолар ривожланиш босқичининг якунида бўлади.
Ҳомиладорликнинг 14 ҳафтасида ҳомиланинг катталиги думбадан тортиб бошнинг учигача ҳисоблаганда бўйи 8,7 см, вазни эса – 43 граммни ташкил этади.
Ҳиссиётлар: ҳаловатсизликлар гўё болмагандай ҳам
Аёлнинг руҳий эмоционал ҳолати меъёрга кела бошлаган. Бу вақтга келиб аёл ўз ҳолатини амалда тўлиқ англаб етган, ўзининг ҳаётий қарашлари ўзгараётганини сезиши мумкин. Руҳий жиҳатдан ҳомиладор аёл ўз олдида турган янги вазифасига шай, шунинг учун гўдак билан боғлиқ ҳар бир ҳолатни чуқур ҳис этади.
Асабий дарғазаблик, кайфиятнинг ўйнаб туриши энди хавфли эмас: она бирмунча хотиржам бўлиб қолган, ҳолати олдингидан кўра кўпроқ тинчланган, ташқи беҳаловатликлардан бироз узоқлашган.
Организмга мол гўштили ловия талаб қилинади
Боланинг мушак тизими фаол ривожланаётгани туфайли у кўпроқ ҳаракатда бўлади, онанинг организми кўпроқ оқсил талаб қилади. Қайнатилган мол гўшти, ловия дони – булар сизнинг дастурхонингизда бўлиши шарт ҳисобланган маҳсулотлар. Бириктирувчи тўқималарни ҳам эсдан чиқарманг, шу туфайли сабзавот ва меваларни кўпроқ истеъмол қилинг.
Ширинлик ва унли маҳсулотларни чегаралаган маъқул, уларни тушга қадар кам миқдорда енг. Билъакс «икки киши учун емоқлик»дан кескин сақланинг: бу муддатда ортиқча вазн сизга умуман лозим эмас.
Балки айнан 14 ҳафтада шифокор сизга витаминлар мажмуини қабул қилишни тайинлар. Озиқ-овқат ҳар доим ҳам она организмини барча керакли витаминлар билан тўлиқ меъёрда таъминлаб бера олмаслиги мумкин.
Таҳлилларни ўтказмаса ҳам бўлаверади
Қоида тариқасида, дастлабки УЗИдан ҳомиладорликнинг 11–13 акушерлик ҳафталарида ўтилади. Бироқ буни бир оз кейинга қолдирадиган оналар ҳам учраб туради. Бундай аёллар учун ҳозир – ҳомиладорликнинг 14 ҳафтасида УЗИ қилдириш айни пайтдир. Ҳомиладорлиги ўз меъёрида кечаётган бошқа аёллар учун бирорта махсус таҳлиллардан ўтиш керак эмас. Умид қиламизки, сиз барча зарурий текширувлар, УЗИ-скринингдан ўтиб бўлгансиз, шу туфайли шифокор ҳузурига сафарлардан анча дам олаётирсиз.
Шифокорнинг талаби бўйича сийдикнинг умумий таҳлили, қон таҳлилини топширишингиз мумкин. Агар ҳомиладор аёл томонидан бирор-бир шикоятлар билдириладиган бўлса, шифокор қўшимча текширувларни тайинлаши мумкин.
Ҳомиладорликнинг 14 ҳафтасида нималар юз беради
Хол ва папилломалар аёлнинг баданида айнан ҳомиладорликнинг ўн тўртинчи ҳафтасида пайдо бўлиши мумкин. Булар бирон-бир хатар туғдирмайди, лекин бундай ўзгаришлар хусусида шифокорни хабардор қилиб қўйган маъқул.
Ҳомиладорликнинг 14 ҳафтасида қорин ўсади, демак тери тортилиши сабабли унда тилим-тилим атрофик чандиқлар пайдо бўлиши эҳтимоли бор, шунинг учун махсус крем сотиб олиш вақти келди ёки ҳеч бўлмаса, қоринни зайтун ёғи билан суртиб туриш керак.
Қадам ташлаш ўзгара бошлайди, шунинг учун пошнали поябзалдан воз кечган маъқул. Ҳомиладорлик – чиройли кўринишдан воз кечиш учун сабаб эмас, аксинча, сизнинг ички нурланиб туришингиз рухсорингизга ўзгача жозиба бериб туради. Шунинг учун сочни чиройли турмаклаш, юзингизга енгил оро бериш, қулай бежирим кийим кийиш – сизни энг дилрабо ҳомиладорга айлантиради-қўяди.
Манба: Homiladorlik.uz