Лекин ўзингизни яхши ҳис қилишингиз – бутунлай ўзни бўш қўйишга сабаб бўлолмайди, балки турли хил шишлар, қабзият ва бошқа ёқимсиз ҳолатларнинг олдини олиш учун айни вақтдир.
Ҳомиладорликнинг 13 ҳафтасида нималар юз беради
Бўлғуси онанинг гормонлари, не бахтки, «тинчланиш»ни бошлайди. Аёл кайфиятидаги тез-тез алмашиб турадиган ўзгаришлар секин-аста ортга чекинаётганини ҳис этади, кўпгина олдинги хавотирлар бемаъни бўлиб туюла бошлайди. Кўнгил айнимайди, иштаҳа яхшиланади, сийдикнинг тез-тез келиши ҳам безовта қилмай қўяди.
Бачадон ўсади, бу вақтга келиб у қорин бўшлиғига ўтади. Юз бераётган жараён туфайли мазкур босқичда ички органлар силжишни бошлайди, бу ҳарсиллаш ва жиғилдон қайнашига олиб келиши мумкин. Узоқ даврлик сайрдан кейин қўл-оёқларингизда оғирлик пайдо бўлиши мумкин, чарчоқ ҳисси олдингидан кўра кўпроқ бўлади. Шунинг учун шошмасдан сайр қилинг, саёҳат учун ажратиладиган вақтни тўғри тақсимланг, кўпроқ ҳордиқ чиқаринг.
Бачадоннинг юқори тонуси – агар бачадонда тортилиш ҳиссиёти сизни мунтазам безовта қилиб турган бўлса, шифокорга мурожаат қилинг. Қорин «тошдек қотиб қолиши» биланоқ ётиб олинг, юкламаларни дарҳол тўхтатинг.
Ҳомиладорликнинг 13 ҳафтасида ҳомиланинг аҳволи
Кичкинтой айни соат сайин ўсади. Ҳомиладорликнинг 13 ҳафтасида ҳомиланинг узунлиги 7–8 см га етади, вазни – 20 г атрофида. Унинг ҳажмини луччак шафтолидек келади деса бўлади.
Тасаввур қиляпсизми, бу муддатда кичкинтойнинг барча сут тишларига асос солиб бўлинган – улар ёриб чиқса бўлди. Боланинг ошқозоности бези инсулинни ишлаб чиқаришни «ўрганиб бўлган». Танаси ҳам тез суръатда ўсишни бошлаган, яқин орада бошнинг катталиги ортда қолади. Ҳомиланинг ҳажми унча катта бўлмасада, мазкур даврда унинг ҳаракатлари деярли тўхтовсизга айланади. Бу ҳолат мушаклар ва қўл-оёқларнинг нормал ҳолда ривожланиши учун зарурдир. Фақат қисқа вақтли уйқу вақтидагина кичкинтой ором олади.
Бу пайтда боланинг суяк тўқимаси ва мушаклари шаклланади. Овқат ҳазм қилиш тизимида ҳам жараён кетмоқда: ингичка ичакда ҳазм учун хизмат қиладиган қилчалар пайдо бўлади. 13 ҳафтада мурғакнинг овоз аппаратига асос солинади, унинг қиёфаси эса эса ўз бичимига эга бўла бошлайди.
Кайфият ва ҳомиладорлик параллель «ўсмоқда»
Бу муддатда айрим аёлларга ўз ҳолатини яшириш қийин бўлади. Ҳомиладорликнинг 13 ҳафтасида қорин ҳали сезилмаслиги мумкин, лекин кийим-бошни ўзгартириш ва узун пошна поайбзалдан воз кечиш бу ҳолатни ошкор қилиб қўяди.
Агар биринчи триместрда бўлғуси она ҳар хил ирим-сиримларни ўйлаб, ўз ҳолатини «ошкор этиш»дан чўчиган бўлса, энди бу хавотир бирмунча камайган. Унда хуш кайфиятнинг пайдо бўлганлиги, ўзига ишончнинг ортгани ва очиқ-сочиқлиги ҳам шундан. Аёлни тўлиқ мамнунлик сезгилари чулғаб олади.
Ширинлик ва хамир маҳсулотлари – жуда оз бўлса етади
Токсикоз кетиши биланоқ деярли ҳамма нарсани ейиш истаги пайдо бўлиб қолиши мумкин. Бироқ овқатланиш тартибини албатта назорат қилиш керак, акс ҳолда сиз муддатидан олдин ортиқча вазн йиғишга ўтиб кетасиз. Бу эса турли хил асоратларни келтириб чиқариши мумкин.
Ширинликлар, хамирли, тузланган, қовурилган овқатлар – уларни сиз жуда кам миқдорда ўзингизга раво кўришингиз мумкин. Токсикоз кетгач, унинг ўрнини баъзида жиғилдон қайнаши эгаллаши мумкин, шунинг учун тўғри овқатланиш устидан назоратни нафақат ўрнатиш керак, балки шарт ҳамдир.
Кепакли нон, творог, мева ва сабзавотлар, бошоқли ўсимликлар, ёғсиз гўшт – сизнинг дастурхонингизга биринчи навбатда қўйиладиган маҳсулотлар мана шулар бўлиши керак.
Ҳомиладорликнинг 13 ҳафтасида УЗИ
Агар сиз скринингдан ўтган бўлсангиз ва ҳисобга тургунга қадар асосий анализларни топшириб бўлган бўлсангиз, шифокор ҳузурига келишингиздан олдин сизга фақатгина сийдикнинг умумий таҳлилини топширишингизни тайинлашади.
Одатда, мазок топшириш учун дерматолог-венеролог шифокорга ҳомиладорликнинг 12 ҳафтасида юборишади, лекин баъзида бу нарса бир ҳафта кейинга сурилиши мумкин. Бу иш хавфсиз ва оғриқсиздир. Мазкур текширув қин флорасининг ҳолатини ҳамда таносил касалликларининг бор-йўқлигини аниқлашга имкон беради.
Ҳомиладорликнинг 13 ҳафтасидаги сезгилар
Кўкрак ҳали ҳам таъсирчан ва у ҳажман катталашиб бориши мумкин. «Сиқилиб қолиш» ҳиссиётидан халос бўлиш учун кундалик ич кийимни алмаштиришга тўғри келади, ахир у борган сайин тор келиб қолмоқдада. Оғиз сути (эмчакдан чиқадиган ажралма) ҳомиладорликнинг 13 ҳафтасидаёқ пайдо бўлиши мумкин. Бу нарса қўрқинчли эмас, бундай ажралмалар нормал ҳисобланади.
Баданда пигментлар пайдо бўлиши эҳтимоли бор: юзда оч жигар ранг доғлар, эмчак атрофида қорайиш, киндикдан қов супачасига қадар чизиқча қорайиши. Бу ҳам гормонал ўзгаришлар билан боғлиқ, туғруқдан кейин бу ташқи ўзгаришларнинг барчаси йўқолади.
Ҳозир қорин учун эластик қўшимчаси бор шим харид қилишнинг айни вақти келди, бу либосда сиз янада кўҳлик бўлиб кўринасиз. Ҳомиладорликнинг энг ҳузурбахш босқичи – иккинчи триместр бошланди.
Манба: Homiladorlik.uz