Соғлом оила - соғлом келажак

Ҳомиладорликнинг 12 ҳафтаси

Ҳомиладорликнинг 12 ҳафтасини шифокорлар бежиз кичкинтойнинг биринчи юбилейи деб аташмайди. Ўзингизни табрикласангиз бўлади: йўлнинг учдан бирини босиб ўтдингиз, дастлабки хавотирли триместр ортда қолди. Бола тушиб қолиши хавфи анчагина камайган, демак, энди қариндошлар, дўстларингиз ва раҳбарингизни бу сирдан воқиф этсангиз бўлаверади.

Ҳомиладорликнинг 12 ҳафтаси

Бу муддатда аёл ҳисобга турган бўлади, энди у 3–4 ҳафтада бир марта шифокор кўригига бориб туради. Одатда аёл ўзини яхши ҳис эта бошлайди, кичкинтой эса фаол тарзда ўсишни давом этади.

Ҳомиладорликнинг 12 ҳафтасида нималар юз беради

Ҳомиладорликнинг ҳар бир ҳафтаси у ёки бу аломатлар, сезгилар ва ўзгаришлар билан биргаликда кечади. Шундай қилиб: ҳомиладорликнинг ўн иккинчи ҳафтасида нималар юз беради?

Эрталабки кўнгил айниши тобора йўқ бўлмоқда, айримлар 12 ҳафтада токсикозни умуман эсдан чиқаради. Ниҳоят овқатдан роҳатланиш пайдо бўлади! Эҳтимол сийдикнинг тез-тез келиши ҳам сизни безовта қилмай қўяди. Ичакларнинг перисталтикаси ўзининг фаолиятини камайтиради, демак, қабзият пайдо бўлиши эҳтимоли катта бўлади.

Қон айланиши тезлашганлиги натижасида аёл юраги тезроқ ураётганини ҳис этиши мумкин. Бачадон эса энига 10 см кенгайган, кичик тосга у бемалол сиға олмайди ва қорин бўшлиғига қараб кўтарилади.

Юрак, ўпка, буйракка юклама ошади, шунинг учун қаттиқ чарчаш, керагидан ортиқча овқат ейиш ва режимнинг бошқа бузилишларига йўл қўймаслик керак.

Ҳомиладорликнинг 12 ҳафтасида ҳомиланинг аҳволи қандай бўлади

Кичкинтой борган сайин одамчага ўхшаб боради, лекин боши танасига нисбатан катталигича қолади. Қўл-оёқлари ҳали жуда митти бўлишига қарамай, улар шаклланиб бўлган. Ҳомиладорликнинг 12 ҳафтасида ҳомиланинг катталиги узунасига 7–10 см, вазни 15–20 грамм бўлади.

Боланинг ички органлари шаклланиб бўлган, демак, инфекциялар ҳамда дори-дармонлар таъсири кичкинтойга аввалгидай катта хавф сололмайди. Энди кичкинтойнинг кўзчаларини ёпадиган қовоқлари бор, унинг қулоқ солинчаклари ҳам пайдо бўлган. Жажжи қўлларида эса тирноқчалар ҳам бор!

Болакай лабларини тириштиришни, муштчаларини сиқишни, афтини буриштиришни, оғизчасини очиб-ёпишни ўрганиб олган. Кичкинтой бовул қилишни ўрганган, яна атрофидаги суюқликни ютишни ҳам билади. Боланинг мияси икки ярим паллага ажралиб бўлган.

Кайфият ниҳоятда ўзгарувчан

Ҳиссий барқарорлик ҳозирча йўқ, қўққисдан келадиган хавотир хуружлари ёки кайфиятнинг бирдан кўтарилиб кетиши мазкур даврда меъёрий ҳолатдир. Худди ўша гормонлар ушбу соҳани назорат қилишни давом этадилар, шунинг учун ҳиссий беқарорлик кун давомида бир неча маротаба такрорланиши мумкин.

Шифокорнинг рухсати билан ҳомиладор аёллар учун мўлжалланган гимнастика билан шуғулланиш мумкин, бу нарса сизнинг соғлиғингизга ҳам, руҳий-психологик ҳолатингиз учун ҳам фойдали бўлади. Оддий аутотренинг билан шуғулланиш ҳам ортиқчалик қилмайди: шунчаки ҳар тонгда кўзгу олдида туриб олиб, қорнингизни силаган ҳолда кичкинтойга ва ўзингизга ҳам меҳрингиз тўлиб-тошаётганини айтинг.

Овқатланиш қоидалари: фастфуд ва газланган сувга йўқ денг

Бу даврда сизнинг овқатларингиз турли ҳил бўлиши керак, мева ва сабзавотларга алоҳида эътибор беринг. Ҳозирги вақтда организмга ҳар қачонгидан ҳам ўсимлик тўқималари керак.

Кунига 2 литргача сув ичинг, ширин газли ичимликлар ва қоғоз қадоқдаги шарбатларни сотиб олманг. Фастфуд тайёрланадиган емакхоналарни ҳам четлаб ўтаверинг.

Овқатланиш вақтини ўтказиб юборманг, кечки пайт эса тўйиб овқат еманг (акс ҳолда қориндаги оғирлик ва ҳожатхонага тез-тез қатнаш уйқунгизга халақит беради).

Ҳомиладорликнинг 12 ҳафтасида УЗИдан ўтиш

Ҳозир скрининг қилишнинг вақти келди. Биокимё текшируви учун томирдан қон топширишингиз керак. Ҳомиладорликнинг мазкур даври ва бундан кейинги босқичларида ўтказиладиган барча текширувлар бола соғлиғи ва онанинг ҳолати учун мутлақо хавфсиздир.

Биринчи режали УЗИ ўтказишнинг вақти келди. Шифокор мазкур таомил вақтида бачадоннинг ҳолатини ва унинг тонусини ўрганади, йўлдошнинг жойлашишини аниқлайди, туғишнинг дастлабки санасини белгилай олади. Биринчи УЗИ вақтида ҳомиланинг катталиги ва ривожланиш динамикасига баҳо берилади.

Шу билан бирга шифокор ўта муҳим ахборотга эга бўлади: ривожланишдаги эҳтимолий патология ёки хромосома аномалия хатарларини ўрганади. Мазкур УЗИни ўтказиб юбориш мумкин эмас – у берадиган ахборот муҳим аҳамиятга эга.

Ҳомиладорликнинг 12 ҳафтасидаги сезгилар

Атрофдагилар қорнингиз думалоқ бўлиб қолганини ҳали кўришмайди. Лекин бўлғуси онанинг ўзи кўзгу қаршисида туриб бу ўзгаришларни кузатиши мумкин. Одатда аёл шу даврда молнияли ва тугмачали шимлардан воз кечиб, эластик, узунроқ кўйлакларни ўзига эп кўра бошлайди. Кийим баданга ёпишиб турмасада, қорин бўшлиғи атрофида «тортишиб турганидай» сезгилар кўпинча пайдо бўлади.

Кўкрак борган сайин тўлишиб, ҳажман катталашиб боради, шундан терида қичишиш бошланиши мумкин. Эҳтимол бюстгалтерни алмаштириш вақти ҳам келиб қолгандир. Бу ўринда ҳомиладор аёллар учун тайёрланадиган ич кийим материалининг сифати муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлаб ўтишимиз жоиз. У табиий матодан тайёрланган ва таркибида пахта толаси мавжуд бўлиши керак ҳамда танага тегиб турганида ёқимсиз сезгиларни келтириб чиқармаслиги керак.

Ҳомиладорликнинг 12 ҳафтасида тана ва юз териларида пигмент доғлари пайдо бўлиши мумкин, улар туғруқдан кейин йўқ бўлиб кетади. Қориндаги қорамтир чизиқчани кўриб ҳам чўчимаслик керак, у ҳам туғруқдан кейин ғойиб бўлади.

Кийим-бошларни ўзгартириш билан машғул бўлиш ҳамда ўзингизнинг ажойиб ҳолатингиздан бошингиз осмонга етиши керак. Айрим янги сезгилар жуда ғаройиб бўлади ва улар сизнинг кайфиятингизни янада кўтаради.

Манба: Homiladorlik.uz

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте, как обрабатываются ваши данные комментариев.