Ҳомиладорликдан сақланиш усуллари

​Ҳар бир аёл жинсий ҳаётини режалаштириб, кутилмаган ҳомиладорликдан сақланиши, ўзи истаган ва тайёр бўлган пайтдагина фарзанд кўриши мумкин. Бунинг қатор усуллари мавжуд. Қуйида шулар ҳақида гаплашамиз.

homiladorlikdan saqlanish usullari

Табиий, яъни физиологик усуллар ҳеч қандай дори воситалари, муолажалар ва ускуналарсиз, фақат организмнинг хусусиятларини кузатган ҳолда ҳомиладорликдан сақланиш деганидир. Буни қуйидаги йўллар билан амалга ошириш мумкин:

  • тақвим усули — ҳайз циклини кузатиб бориб, хавфсиз кунларни аниқлаш;
  • қин ажралмаларининг ҳолатини кузатиш — бутун ҳайз даври давомида ҳар куни қин ажралмаларининг миқдори ва консистенциясига (сутранг суюқ ёки шаффоф шилимшиқ) кўра овуляция кунини аниқлаш;
  • базаль ҳароратни ўлчаш — бутун ҳайз йикли давомида ректал (йўғон ичакдаги) ҳароратни ўлчаб, ундаги тебранишларга кўра овуляция кунини аниқлаш
  • симптотермал усул — аввалги икки усулни бирлаштириш (бу контрацептив самарани оширади).

Физиологик усуллар кимларга тавсия этилмайди?

Физиологик усуллар саломатлик учун безарар бўлишига қарамай, биринчидан, уларнинг самараси паст, иккинчидан, фақат ҳайз цикли муқим аёллар учун мос келади. Яқинда аборт қилдирган, эмизикли, жуда ёш ёки ёши катта аёлларда бу усул иш бермайди. Шунингдек, хавфли кунларда ўзини жинсий яқинликдан тия олмайдиган ҳамда мунтазам жинсий шериги бўлмаган аёллар ҳам бу усулга мурожаат қилмаганлари маъқул.

Бундан ташқари, турли инфекциялар, яллиғланиш жараёнлари ва ҳатто оддий стресс ҳам қин ажралмалари консистенциясини ўзгартириб юбориши мумкин.

Яхшики, тиббиёт аллақачонлар бу муаммо билан шуғулланишни бошлаган. Натижада қатор самарали контрацепция усуллари пайдо бўлди.

20+

Бу ёшда аёллар асосан керагича фарзанд туғиб олишга интилишади. Шунинг учун контрацепция воситалари қисқа муддатли бўлишини маъқул кўрадилар. Мутахассислар бундай жуфтликларга резина қопча (презерватив) тавсия этишади. Чунки у нафақат кутилмаган ҳомиладорликдан, турли инфекциялардан ҳам ҳимоялайди. Шунингдек, ёш, навқирон организм учун мўлжалланган ҳар хил кимёвий воситалар — спермицид (сперма фаоллигига вақтинча таъсир кўрсатувчи) шамчалар ва таблеткалардан ҳам фойдаланиш мумкин.

Агар саломатликда муаммолар бўлмаса, гормонал контрацептив воситалар ёки махсус тери ости имплантантини ўрнатиш ҳам самарали. У 5 йил муддатга қўйилади, аммо керак бўлса, муддатдан олдин олиб ташланиши ҳам мумкин.

homiladorlikdan saqlanish yo'llari

30+

Энди аёлнинг фарзандлари бор, у ҳомиладорликдан узоқроқ муддатга сақланишни истайди. Бунинг учун тиббиёт биргина гормондан таркиб топган контрацептив воситаларни тавсия этади. Шунингдек, контрацептив пластирлардан фойдаланиш ҳам мумкин. Уларни ҳафтада бир марта алмаштириб туриш керак. Энг кўп қўлланадиган восита сифатида бачадон ичи спирали ҳам тилга олинади.

Диққат! Чекадиган (афсуски, бундайлар сони ортиб бормоқда) аёллар, айниқса, 35 ёшдан кейин гормонал контрацептивлардан фойдаланмаганлари маъқул. Чунки айнан шу ёшга келиб томирларда турли тиқинлар юзага келиши ва юрак касалликлари хавфи ортади.

40+

Болалар катта бўлиб қолган, уларни уйли-жойли қилиш, набираларни эркалаш вақти келди. Энди аёл ҳомиладорликдан бир умрга сақланишни истайди. Бунда бачадон ичи спирали қўл келади. Ҳозир уларнинг гормонал ва оддий турлари мавжуд. Гормонал спираллар ўзидан мунтазам равишда кичик дозада прогестин гормонини ажратиб туради. Бу гормон исталмаган ҳомиладорликнинг олдини олиш билан бирга, ҳайз кунларидаги нохуш белгиларни ҳам деярли йўққа чиқаради

Баъзи аёлларга спирал тўғри келмайди. Уларга қин ҳалқаси тавсия этилади. У ўзидан прогестоген ва эстроген гормонларини чиқариб туради.

Гормонсиз вариант — қин диафрагмаси. У жинсий яқинликдан олдин бачадон бўйнига кийдирилади ва алоқадан сўнг 6-8 соат ўтгач, олиб ташланади. Одатда у спермицид воситалар билан бирга қўлланади.

50 ёшдан ошган аёлларга гормонал контрацепция ўрнига махсус гормонал терапия тавсия этилади. Аммо контрацепциянинг бошқа усулларини ҳам назардан қочирмаслик керак. Махсус гормонал терапия климакснинг нохуш белгиларини йўққа чиқаради. Бор-йўғи 5 йил давомида бундай терапия қўлланилса, у остеопороз ривожланишини анчагина сусайтиради, инфаркт ва инсульт хавфини эса 50 фоизга камайтиради.

Мутахассис:  Моҳира СОДИҚОВА, гинеколог.
Журналист: Шаҳноза СОАТОВА
Манба: «Суғдиёна» газетаси.

Ushbu mavzu yuzasidan savollaringiz bormi? Unda savollaringizni quyida "Fikr bildirish" qismi orqali yozib qoldiring. Dolzarb va muhim savollarga shifokor ekspertlarimiz javob berishadi.

Related Posts