Соғлом оила - соғлом келажак

Ҳомиладорликда токсикоз бўлиши хавфлими?

Ҳомиладорликда токсикоз – бу патологик ҳодиса ҳисобланиб, фақатгина ҳомиладорлик вақтида кузатилади ва унинг кечишига ҳалақит беради. Кўп ҳолларда ўз-ўзидан ўтиб кетади, баъзида эса ҳомиладорликни тўхтатиши ҳам мумкин.

Токсикоз келиб чиқишига сабаблар

Ҳозирги кунда токсикоз келиб чиқишига аниқ бир сабаб нима эканлиги аниқланмаган. Халқаро акушер-гинекологлар ассоциацияси унинг келиб чиқишига олиб келиши мумкин бўлган сабабларни аниқлашган. Улар қуйидагилар:

  1. Гормонал ўзгаришлар. Аёл киши биринчи бор уруғлангандан кейин организмда гормонлар ажралиши ўзгаради. Бунинг натижасида аёл ўзини ёмон ҳис қила бошлайди.
  2. Сурункали касалликлар оқибатида. Сурункали касаллиги бор (айниқса ҳазм қилиш, нафас олиш ва эндокрин тизими томонидан) ва иммун тизими суст аёлларда токсикоз бўлиши кўп учрайди. Шунинг учун ҳам ҳомиладорликни режалаштираётган аёл, қўшилишдан олдин умумий тиббий кўрикдан ўтиши, агар сурункали касалликлари бўлса уларни даволаши керак.
  3. Аёлнинг психоэмоционал ҳолати. Стресс, уйқуга тўймаслик, ақлий меҳнатнинг ортиқчалиги токсикоз келиб чиқиши ва унинг кечишини қийинлаштиришга сабаб бўлади.
  4. Зарарли одатлар, спиртли ичимликлар ичиш, чекиш ва наркотик моддалар қабул қилиш.
  5. Аёлнинг ёши. Эрта ёшдаги ҳомиладорлик (20 ёшгача) ва кечки биринчи ҳомиладорлик (35 ёшдан ошганда) токсикознинг турли хил кўринишлари билан кечади.
  6. Ирсий мойиллик. Агар аёлнинг онаси, холаси ва бувиси ҳомиладорлик вақтида токсикоз билан азият чеккан бўлса, шу аёлда ҳам токсикоз кечиш эҳтимоли юқори.

Токсикознинг 3 хил формаси фарқланади

  1. Эрта токсикоз (ҳомиладорликнинг биринчи уч ойлигида);
  2. Кечки токсикоз (иккинчи ва учинчи уч ойликда, кўпинча охирги икки-уч ойларида);
  3. Камдан-кам учрайдиган токсикоз (кўпинча ҳомиладорликнинг 1-уч ойлигида, лекин ҳомиладорликнинг ҳар қандай босқичларида кузатилади).

Эрта токсикозлар: турлари, келиб чиқиш муддати, давоси

Эрта токсикозлар – ҳомиладорликнинг эрта босқичларида келиб чиқиб, 1-уч ойлик оҳирларида тугайди. Кўп ҳолларда белгилар 5-6-ҳафталарида бошланади, баъзида аёл киши уруғлангандан кейин ҳайз кўриш тўхтамасидан аввал ўзини ёмон ҳис қилиши мумкин. Эрта токсикозларнинг 2 хил тури фарқланади:

Қайт қилиш – енгил, ўртача, кўп;

Сўлак ажралиши (саливация).

Ҳомиладорларнинг қайт қилиши – эрта токсикозларнинг энг кўп учрайдиган туридир. Ҳомиладорликнинг биринчи ҳафтасида аёлда кўнгил айнаши ва қайт қилиш ҳолаталари кузатилади, айниқса тонгда. Бундай ҳолат токсикоз эмас ва аёлга ҳеч қандай хавф туғдирмайди. Токсикозга кун давомида бир неча марта такрорланиб турадиган, иштаҳанинг бўғилиши, таъм ва ҳид билишнинг бузилиши билан кечадиган жараёнлар киради.

Оғирлик даражаси бўйича қуйидагиларга бўлинади:

  1. Енгил шакли. Қайт қилиш кун давомида 5 марта кузатилади. Овқатдан кейин бошланади, аёл аҳволи оғирлашади. Давоси оддий ёки ўз-ўзидан 10-12-ҳафталарга келиб ўтиб кетади.
  2. Ўрта оғирликдаги шакли. Қайт қилиш кун давомида 10 мартагача кузатилади. Овқат билан боғлиқ бўлмайди, аёл умумий аҳволи сезиларли даражада ёмонлашади, умумий ҳолсизлик кузатилади. Тўғри даво олиб борилса ўтиб кетади ва ҳомиладорликка хавф туғдирмайди.
  3. Кўп маротаба такрорланувчи қайт қилишлар. Кун давомида 20 мартагача ва ундан ҳам ортиқ такрорланиб, аёлнинг оч қолиши ва сувсизланиши, тана массаси камайиши, тана ҳарорати ошиши ва пульс сони ортишига олиб келади. Бундай ҳолат зудлик билан тиббий ёрдам талаб этади, акс ҳолда оқибати ўлим билан тугаши мумкин.

Сўлак ажралиши (птиализм) – бу сўлакнинг ҳаддан ортиқ ажралиши (соливация) ва кўп суюқлик йўқотишдир (суткасига 1 литр). Птиализм ҳомиладорликда ўзи мустақил равишда келиши ёки қайт қилишлардан кейин пайдо бўлиши мумкин. Аёл ўзини ёмон ҳис қила бошлайди, уйқу бузилиши, тана массаси камайиши кузатилади.

Эрта токсикозларнинг давоси

Птиализм ва қайт қилишланинг енгил кўринишларида уй шароитида ҳам даволанса бўлади. Агар давонинг самараси сезилмаса, стационар шароитда даволаниш зарур. Жуда кўп сўлак ажралиши ва қайта-қайта қусишлар кузатилса дарҳол шифокорга мурожаат этиш керак.

Токсикоз белгилари

Эрта токсикозларнинг махсус давоси.

  1. Аёлга жисмоний ва эмоционал ҳотиржамликни таъминлаш;
  2. Тўғри овқатланиш тартиби (калорияли овқатларни кам-камдан тез-тез, ҳар 2-3 соатда истеъмол қилиш);
  3. Седатив препаратлар қабул қилиш (пустирник, валериана настойкаси);
  4. Қайт қилишга қарши даво чоралари кўриш;
  5. Витаминотерапия;
  6. Гепатопротекторлар;
  7. Сувсизланишга қарши вена ичига суюқликлар қуйиш.

Муҳим. Агар кўрилган барча чора тадбирлар ёрдам бермаса, ҳомиладорликни мажбурий равишда тўхтатиш керак.

Кечки токсикозлар: турлари, келиб чиқиш муддати, давоси

Кечки токсикозлар одатда ҳомиладорликнинг 30-ҳафталаридан бошлаб юзага чиқади. Баъзида у ҳомиладорликнинг иккинчи уч ойлигида юзага келиб, оғир кечади. Токсикозларнинг қуйидаги шакллари фарқланади:

  1. Ҳомиладорларда сув ушланиб қолиши (водянка) – организмда суюқлик тўпланиб қолиши натижасида шишлар келиб чиқиши;
  2. Нефропатиялар – учта клиник симптомлар намоён бўлиши билан характерланади: шиш, сийдикда оқсил ва қон босими ошиши;
  3. Преклампсия – нефропатиядан кейинг босқич бўлиб, асаб тизими функцияси бузилиши билан кечади;
  4. Эклампсия – кечки токсикозларнинг сўнги босқичи бўлиб, тутқаноқ ва ҳушдан кетиш билан намоён бўлади.

Ҳомиладорларда сув ушланиб қолиши (водянка) тўқималарда суюқлик ушланиб қолиши билан тушунтирилади. Унинг асосий клиник кўриниши шишлардир. Водянканинг 3 та даражаси фарқланади:

    1. Биринчи даража. Шишлар болдир соҳасида пайдо бўлади. Қўл билан шишган соҳага босилса из қолади.
    2. Иккинчи даража. Шишлар юқорига қорин соҳасига тарқалади, аммо қорин бўшлиғида суюқлик йиғилмайди. Қорин териси босилса из қолади.
    3. Учинчи даража. Шишлар қоринда ва юзларда ҳам бўлади. Аёл аҳволи оғирлашади, ҳансираш, юрак уриш сони ортади.Ҳомиладорликда токсикоз

Кечки токсикозларнинг давоси

  1. Суюқлик ичишни камайтириш (1 суткада 1 литрдан кўп бўлмаслиги) ва овқат таркибида тузни камайтириш;
  2. Овқат рационидан суюқликни ушлаб қолувчи ҳар қандай маҳсулотни камайтириш (ёғли, шўр, аччиқ, ўткир махсулотларни чеклаш);
  3. Шишни камйтириш учун сийдик ҳайдовчи препаратлар қабул қилиш (фуросемид, гипотиазид ва бошқ.)

Кўп ҳолларда ўтказилган даво чоралари натижаси 6-8 кунда билинади ва оғир даражаларида эса даво 10-12 кунга ҳам чўзилиши мумкин.

Нефропатия. Кўпинча ҳомиладорликда водянкани ўз вақтида ва нотўғри даволаш оқибатида келиб чиқади. Бундай кўринишдаги токсикозга триада симптоми хос:

  1. шиш;
  2. гипертония (артериал босим ошиши);
  3. протеинурия (сийдикда оқсил ажралиши).

Нефропатия моносимптом (бир белгининг фақатгина ўзи учраши) ёки полисимптом (барча белгилар учраши) кечиши мумкин.

Давоси. Нефропатияни даволаш фақатгина стационар шароитда олиб борилади. Даво қуйидагилардан иборат:

  1. Қатъий ётоқ режими, жисмоний ва эмоционал ҳотиржамлик;
  2. Сув ичишни нормаллаштириш. Ҳомиладор аёлга сув ичиш ва туз истеъмол қилишни камайтириб, сут-ўсимликлар истеъмоли кўпайтирилади;
  3. Седатив воситалар ёрдамида уйқуни нормага келтириш;
  4. Шишларни камайтириш учун диуретиклар қабул қилиш;
  5. Терапевт текшируви ва қон босимини тушурувчи препаратлар ичиш.

Натижа бермаган даво чораларида ҳомиладорликни тўхтатиш талаб этилади, шу йўл билан аёл организми ҳам хавфдан ҳимояланади.

Токсикознинг энг охирги босқичи преклампсия ва эклампсиядир.

Преклампсияда бош оғриғи, кўрув ўткирлигининг пасайиши, уйқучанлик, ҳолсизлик кузатилади. Баъзи беморларда қоринда оғриқлар, кўнгил айниши, қайт қилиш, ич кетиш ҳам пайдо бўлади. Бу ҳолатларни мияда қон айланиши бузлиши ва бош мия ички босими ошиши билан тушунтирилади. Преклампсиянинг давоси нефропатияники каби олиб борилади, лекин барча муолажалар наркоз остида олиб борилади (кислород ингаляцияси ёрдамида), чунки эклампсия босқичига ўтиш хавфи юқори бўлади.

Эклампсия кучли тутқаноқ ва ҳушдан кетишлар билан намоён бўлади. Тутқаноқ уч босқичда кечади:

1. Биринчи босқич. Юз мушакларининг кичик қисқаришлари, кейинчалик тананинг юқори қисмидаги мушакларга ўтади. Бу ҳолат 20-30 сония давом этади.

2. Иккинчи босқич. Барча мушакларнинг кучли қисқариши, нафас олишнинг бутунлай тўхташи, аёлнинг ҳушини йўқотиши билан намоён бўлади. Бу ҳолат 25 сония давом этади.

3. Учинчи босқич. Тутқаноқлар тўхтайди, аёл коматоз ҳолатига ўтади. Аёл ўзига келганда ҳеч нарсани эслай олмайди, мушаклардаги оғриқларга, ҳолсизликка шикоят қилади. Бу босқичнинг давомийлиги 1,5 дақиқа.

Даво чоралари. Эклампсияда даво чоралари реанимация шароитида ўтказилиши зарур. Улар қуйидагиларни ўз ичига олади:

  1. Тутқаноқнинг олди олинади (кислород, эфир берилади);
  2. Артериал қон босимни тушириш, венага ичига гипотензив препаратлар юбориш (аёл бу вақтда наркоз остида бўлиши керак);
  3. Ухлатувчи воситалар бериш (ҳомиладор аёлни 1-2 суткага ухлатиб қўйилади).

Интенсив даво реанимация шароитида 10 кунгача олиб борилади, агар хуружлар қайталанса эрта вақтда туғишга рухсат берилади.

Токсикозни даволаш

Токсикозларнинг камдан-кам ҳолларда учрайдиган шакли, турлари, пайдо бўлиш муддати, давоси

Бундай кўринишдаги токсикозлар ҳомиладорликнинг биринчи уч ойлигида юзага келади, лекин ҳар қандай босқичларда ҳам кузатилиши мумкин. Уларга қуйидагилар киради:

  1. Дерматозлар;
  2. Ҳомиладорлик сариқлиги (тери ва шиллиқ қаватларнинг сариқ тус олиши);
  3. Жигарнинг «сариқ» атрофияси;
  4. Бронхиал астма;
  5. Тетания (кальций алмашинуви бузлиши натижасида тананинг турли қисмларида судиргилар учраши);
  6. Остеомаляция (организмдаги фосфор ва кальций алмашинуви бузилиши натижасида суякларнинг юмшаши ва деформацияга учраши);

Дерматозлар – ҳомиладорлик вақтида учрайдиган тери касалликлари. Кўп ҳолларда терининг ҳамма жойига тарқалган қичишиш учрайди. Аёл умумий аҳволи ёмонлашади, қўзғалувчанлик ортиб кетади, уйқу бузилади. Баъзида тери экземаси ҳам кузатилади (терининг яллиғланишли касаллиги, қичишиш, ачишиш, тошма пайдо бўлиши билан кечади). Даво муолажалари стационар шароитда олиб борилади. Аёлга диета буюрилади, ўткир, аччиқ ва дудланган маҳсулотлар ейиш ман этилади. Қичишиш ва ачишиш ҳиссини камайтириш учун антигистамин препаратлар, витаминлар, кальций препаратлари буюрилади. Жароҳатланган тери соҳасига маргансовкали примочкалар қилинади.

Ҳомиладорлар сариқлиги камдан-кам ҳолатларда пайдо бўлади. Унинг асосида жигар зарарланиши натижасида, тери сарғайиши, қичишиш кузатилади. Шундай диагноз қўйилса, аёл дарҳол шифохонага ётқизилади ва ҳомиладорлик тўхтатилади.

Жигарнинг «сариқ» дистрофияси – токсикозларнинг энг хавфли кўринишидир. Жуда оғир кечиб кўп ҳолларда ўлим билан тугайди. Жигарнинг зарарланиши кучайиб боради, сариқлик кўпаяди, тутқаноқлар бошланади ва аёл кома ҳолатига келиб қолади. Ҳомиладорликни дарҳол тўхтатиш аёл ҳаётини сақлаб қолиши мумкин.

Бронхиал астма. Токсикознинг жуда кам учрайдиган кўриниши. Унинг давоси ижобий ва ҳомиладорлик сақланиб қолади. Аёлга седатив воситалар, витаминтерапия ва кальций препаратлари буюрилади.

Ҳомиладорлар тетанияси. Қалқон олди безларининг функцияси бузилиши натижасида организмда кальций алмашинувида камчиликлар келиб чиқади. Касаллик клиник кўринишида тананинг юқори қисми ва пастки қисми мушаклари кучли қисқариши кузатилади, юз ва қорин мушаклари қисқариши кам ҳолларда учраб туради. Даволашда паратиреоидин гормони (қалқон олди безидан ишлаб чиқариладиган гормон), кальций препаратларидан фойдаланилади. Натижа ижобий ва ҳомиладорлик сақланиб қолади.

Остеомаляция организмда кальций ва фосфор алмашинуви бузилишидан келиб чиқади. Клиник кўриниши суяклар юмшаши ва деформацияси билан намоён бўлади, кўпинча умуртқа ва чаноқ суяклари. Давоси Д ва Э витаминлари, физиотерапия билан олиб борилади. Давонинг натижаси билинмаса ҳомиладорлик тўхтатилади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте, как обрабатываются ваши данные комментариев.