Соғлом оила - соғлом келажак

Ҳомиладорликда сув кетиши хавфлими?

Ҳомиладорликда турли нохуш ҳодисалар ҳам учраб туради. Гоҳ токсикоз асоратлари, гоҳ белдаги оғриқлар… Яна қоғоноқ сувининг оқиб кетиши ҳам. Меъёрида ҳомилани ўраб турган сув туғруқ бошланганидан сўнг ташқарига чиқади. Аммо бу ҳолат вақтидан эрта юз берсачи?

Белгиларни адаштирманг!

Илк уч ойликда ҳомила сувининг оқиб кетиши жуда хавфли. Кўп ҳолларда ҳали туғруқ тажрибасига эга бўлмаган аёллар сув кетишини пешобни тутолмаслик билан адаштириб юборишади. Ёки микроскопик миқдорда ажралаётган амниотик суюқлик бошқа ажралмаларга қўшилиб кетади. Агар бу муаммо ўз вақтида аниқланиб, зарур чора кўрилмаса, 90 фоиз ҳолатда ҳомиладорлик муддатидан аввал тугаши мумкин.

Ҳомиладорликда сув кетиши-туғруқ хабарчиси

Туғруқ муддатидан икки ҳафта илгари сув кетишини сезмай иложи йўқ. Негаки бу даврга келиб, аксарият ҳолларда қиндан 500 мл.дан кам бўлмаган миқдорда суюқлик кела бошлайди. У ўзига хос ҳиди билан ажралмалардан фарқланади. Одатда бу ҳодисадан сўнг ҳомиладор аёлни тўлғоқ тутади. Сув миқдорининг ортиши тўлғоқ кучайиши ва туғруқ яқинлашиб келаётганини англатиши мумкин.

Шифокор кўриги зарурми

Сув кетишини ўтказиб юбормаслик учун шифокорлар пахтали матодан тикилган оч рангдаги ички кийимлар ёки кундалик тагликдан фойдаланишни тавсия этишади. Айнан улар ёрдамида рангсиз ва бошқача ҳидли ўзгаришларни сезиш осонроқ. Бу аломатлар ҳам етарли бўлмаса, суртма топшириш мумкин. Унга кўра қиндаги ажралмалар таркибида ҳомила суви компонентлари изланади. Ҳар қайси ҳолатда ҳам гинеколог ҳузурига боришни кечиктирмаган маъқул. Шифокор ҳомиладор аёлдан микроскопик таҳлил учун суртма олиб, қин юзасида амниотик суюқлик кристаллари мавжудлигини аниқлайди. Шунингдек, пешоб таҳлилида протеин-1 ва микроглобуллин-1 моддалари борлиги ҳам ўрганилади.

Ҳомиладорликда сув кетишининг сабаби

Хўш, ҳомиладорликда сув кетишининг асл сабаби нима? Буни билиш учун бир неча омилларни кўриб чиқамиз. Жумладан:

  • бўлажак онада жинсий йўл билан юқувчи касалликлар бўлганида;
  • ҳомиланинг нотўғри жойлашуви ёки ҳомиладор аёлнинг тос суяги меъёрдан кичик бўлса;
  • ҳомиладорликнинг сўнгги уч ойлигида 75 фоиз бўлажак оналарда кузатиладиган бачадон бўйни етишмовчилиги сабаб;
  • вирусли касалликлар;
  • сурункали хасталик ҳамда зарарли одатлар;
  • кўп ҳомилали ҳомиладорлик ва бачадоннинг анотомик нуқсонлари бўлганида;
  • бачадон танасида колпит, эндоцервицит каби турли ўсмалар бўлганида.

Ҳомиладорликнинг сўнги ҳафтаси

Агар сув кетиши ҳомиладорликнинг охирги ҳафтасида кузатилса, демак, туғруққа ҳам оз қолган. Сув кетганидан 3 соат ўтиб, тўлғоқ бошланмаса, шифокор уни сунъий равишда юзага келтиришга мажбур бўлади. Аксарият ҳолларда эса режалаштирилмаган кесарча кесиш усули ёрдамида бола дунёга келтирилади.

Муддатига етмаган ҳомиладорликда эса шифокорлар кутиш тактикасини қўллашади. Бунда дори-дармон билан ҳомила сувсизликдан асралади, бўлажак она эса ётоқ ҳолатида шифокорлар кузатувида бўлади. Шунингдек, турли хасталиклардан ҳимоялаш мақсадида жинсий аъзолар антисептик тозаланиб турилади.

 Эксперт: Муяссар НАЗИРОВА, акушер-гинеколог.
Журналист: Дилноза МИРТОЛИПОВА.
Манба: Суғдиёна газетаси.

 

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте, как обрабатываются ваши данные комментариев.