Ҳомиладорман, пешобимда оқсил борлиги аниқланди. Бу хавфлими?
Таҳлил натижалари оқсил борлигини кўрсатган экан, уни бартараф этишга ҳаракат қилинг. Аввало буйракларни ультратовуш текширувидан ўтказиш лозим. Текширув натижасида бошқа хавфли омиллар (масалан уретрит, эпителий ҳамда оксалат, лейкоцит, фосфат миқдорининг ошиши сингарилар) аниқланмаса, фақат оқсил миқдори синчиклаб ўрганилади. Бундай ҳолат ҳомиладорлик токсикозларида ҳам учраши мумкин. Умуман пешобда оқсилнинг ҳосил бўлиши буйрак фаолияти издан чиққанини билдиради.
Таъкидлаш жоизки, пешобда оқсил миқдорининг ошиши қориндаги боланинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатади, ҳатто йўлдошнинг кўчишига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Кейинчалик ҳомиланинг муддатидан олдин туғилиши (ёҳуд нобуд бўлиши) эҳтимоли ҳам ортади. Шунинг учун ҳам шифокор маслаҳатларига кўра муолажаларни эртароқ бошлаш ва қунт билан охирига етказиш зарур.
Ҳомиладорликка оид фойдали мақолаларни сайтимизнинг «ҲОМИЛАДОРЛИК» рукни орқали ўқиб боришингиз мумкин.
Эксперт: Абдуқодир Фозилов, уролог
Манба: «Сиҳат-саломатлик» журнали.