Америкалик психотерапевт Александр Лоуэн ўз китобида «Соғлом болалар тўшакда ўзини бахтли ҳис этадиган ота-онадан туғилади» деб ёзган эди. Бу амалиётда бир неча марта ўз исботини топган. Ҳомиладорлик вақтида алоҳида кўрсатма бўлмаса, жинсий ҳаётни чеклаш керак эмас. Фақат бир нечта ўзгаришлар қилиш керак бўлади.
1-ой. Одатда бу ойда аёл ўзининг ҳомиладорлигига ҳам шубҳа қилмайди. Бу вақтда ҳомила ҳаттоки, УТТда ҳам кўринмаслиги мумкин. Шу сабабли бу ойда чеклашлар бўлмайди.
2-ой. Бу вақтда келиб оила янги меҳмон тўғрисида хабар топади. Аёл ҳисобга туради, таҳлиллар ўтказилади. Тушиш хавфи каби белгилар бўлганлиги сабабли одатда врач томонидан жинсий ҳаёт чекланади. Агар бундай хавф бўлмаса, чеклаш зарур эмас.
3-ой. Бу ой якунида кўпчиликда бўладиган токсикоз тугайди. Айнан шу сабаб ҳам аёл жинсий алоқани истамаслиги мумкин.
4-ой. Бу ойда токсикоз ўтиб кетган, қорин ҳали катта эмас (халақит берадиган даражада эмас), аёл тетиклашган бўлади. Бу ойда жинсий ҳаёт чекланмайди. Фақат она қорнига ортиқча босим бўлмаслиги керак.
5-ой. Бу ойда кўпгина аёлларда жинсий майллик ошади. Тиббий томондан чеклашга кўрсатма бўлмаса, ҳар бир дақиқадан унумли фойдаланинг.
6-ой. Ҳомиладорликнинг 2-триместрида аёлда бир қанча ўзгаришлар бўлади: шиллиқ қаватларга қон қуйилади, шишиб, кўп миқдорда шиллиқ ажратади, қин бўшлиғи шиш ҳисобига тораяди. Шу сабабли ҳам айнан шу вақтда аёллар кўпроқ алоқадан қониқиш ҳис қилишади.
7-ой. Бу ойда қорин сезиларли катталашади ва ҳафта сайин катталашиб боради. Кўпчилик бўлғуси оталар аёлга яқинлашишга ҳам қўрқади. Қарши кўрсатма бўлмаса, жинсий ҳаётни давом эттириш мумкин, фақат қулай ҳолатда.
8-ой. Бу ойда жинсий майл аёлда пасаяди. Бунга сабаб олдиндаги туғруқ ва унга бўладиган эҳтиёжлар (туғруқхона, боланинг кийимлари, жойи ва б.). Лекин ушбу ойда ҳам жинсий ҳаётнинг давом этиши эндорфинлар ажралишига ва жуфтликнинг қувончига сабаб бўлади.
9-ой. Кўпгина врачлар туғруққа қадар жинсий алоқа билан шуғулланишни маслаҳат беришади. Бу туғруқ фаолиятини яхшилайди.
Ҳомиладорликда жинсий алоқа қилиш мумкин бўлмаган ҳолатлар
Юқорида айтиб ўтилганидек, соғлом ҳомиладорликда одатда жинсий алоқанинг зарарли томони бўлмайди. Лекин баъзи ҳолларда жинсий алоқадан вақтинчалик воз кечиш муҳим ҳисобланади. Ҳомиладорлик давомида жинсий алоқада бўлиш қуйидаги ҳолларда мумкин эмас. Яъни бу ҳолатларда жинсий алоқа ҳомиладорликни нормал давом этишига салбий таъсир кўрсатади:
1.Йўлдошнинг нотўғри жойлашуви аниқланса. Бу ҳолатни шифокор кўригида билса бўлади. Йўлдошнинг нотўғри жойлашуви туфайли қон кетиш эҳтимоли юқори бўлиб, жинсий алоқа бунга салбий таъсир кўрсатувчи қўшимча фактор бўлади.
2. Муддатидан олдин туғиш хавфи мавжуд бўлса. Жинсий алоқа туфайли бачадон қисқариши, сув кетиши ёки бачадон йўли очилишига туртки бериб юбориш мумкин.
3. Қиндан суюқ оқ ранг, қон ёки бошқа ажралмалар чиқаётган бўлса. Ажралмалар сабабини билмагунча жинсий алоқада бўлмаслик лозим. Чунки баъзида ажралмалар хавфли ҳолат белгиси бўлиши мумкин.
4. Бачадон бўйни ривожланмаган ёки муддатидан олдин қисқарган бўлса. Баъзи аёлларда бачадон бўйни суст ривожланганлиги туфайли муддатидан олдин унинг очилиши кузатилади. Буни олдини олиш йўллари мавжуд, ундан ташқари жинсий алоқада бўлмаслик ҳам муҳим.
5. Сув кетиши бошланган бўлса. Агар бачадон шиши ёрилиб сув кетаётган бўлса, жинсий алоқада бўлиш асло мумкин эмас. Ҳомилага инфекция киритиб юбориш хавфи юқори бўлади.
6. Жинсий инфекциялар аниқланган ёки уларга қарши муолажалар олинаётган бўлса. Ҳомиладорлик давомида жинсий инфекциялар даволаниши муҳим. Жинсий инфекциялар мавжуд бўлган даврда жинсий алоқада бўлиш ҳомилага зарар тегиши мумкинлиги туфайли таъқиқланади.
7. Бундан олдинги ҳомиладорлик ҳомила тушиши, муддатидан олдин туғиш, йўлдош ажралиши билан якунланган бўлса. Бу гал бу ҳолатлар қайтарилмаслиги эҳтимоли юқори, лекин ўтган ҳомиладорликда ўша ҳолатлар юз берган даврда жинсий алоқада бўлмаслик мақсадга мувофиқ бўлади.
8. Кучли оғриқ ёки тўлғоқлар сезилаётган бўлса. Бунда жинсий алоқа жисмонан ҳам аёлга ёқмайди. Ундан ташқари муддатидан олдин туғишга олиб келиши мумкин.
9. Аёл алоқага киришишни истамаса. Ҳомиладор аёл организми жуда «ақлли» бўлади. Агар аёлга жинсий муносабатлар шу даврда ёқимсиз ва кераксиз бўлса, уни бунга мажбурлаш мумкин эмас. Демак, ҳозир унга алоқа фақат салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
10. Агар аёл эгизакларга ҳомиладор бўлса. Эгизакларни кўтариш осон эмас. Нормал ривожланаётган эгизаклар ҳам одатда муддатидан олдин дунёга келади. Шунинг учун қўшимча турки бўлмаслиги учун бу даврда жинсий алоқада бўлмаслик фойдадан ҳоли бўлмайди.
Мавзуга алоқадор фойдали мақолалар:
- Ҳомиладорликда овқатланиш тартиби: ҳафталик ва даврларида овқат рационини тузиш
- Ҳомиладорликда ҳайз келиши мумкинми?
- Ҳомиладорликда қандай ётиш керак?
- Туғруқ жараёни: тўлғоқ бошланиши ва туғиш белгилари
Манба: Хуршидбек Ёқубжонов, гинеколог-шифокор.
Uzbaby.uz