Агар аёл киши ҳомиладорликнинг эрта даврларида ҳайз кўрса, бу ҳолатни нормал деб ўйлаши мумкин. Аслида шундайми, нима учун ҳомиладорлик бошланган бўлса ҳам аёлда қонли ҳайз кўришлар кузатилади? Бу ҳақида қуйида батафсил ёритамиз.
Ҳомиладорлик бошланганидан кейин ҳайз кўриш мумкинми?
Аёл организми физиологиясига биноан, ҳайз кўриш ва фарзанд кутиш – умуман бир-бирига тўғри келмайдиган ҳолатдир. Ҳайз циклини уч муҳим босқичларга бўлиш мумкин: овуляциягача бўлган давр (фоликула босқичи), овуляция босқичи ва овуляциядан кейинги, ҳайз қайта бошлангунгача бўлган давр (лютеин фазаси). Ҳайз циклининг биринчи ярмида бачадон ички деворида эндометрий қавати ўсиб боради. Агар овуляция вақтида тухум ҳужайра уруғланмаса, эндометрий қавати кўчиб тушиб, қон кўринишида ҳайз цикли охирида чиқиб кетади. Шу каби цикл ҳар ойда такрорланади.
Агарда овуляция вақтида тухум ҳужайра уруғланадиган бўлса, уруғланган тухум ҳужайра бачадон трубкаси бўйлаб, бачадон бўшлиғига тушади ва имплантация бўлади. Шу вақтдан бошлаб аёл организмида прогестерон гормони миқдори ошади. Бу гормон бачадон эндометрий қавати кўчиб тушишига имкон бермайди, аксинча ҳомилани ҳимоя қилиш учун сақланиб қолади. Мана шунинг учун ҳам ҳомиладорлик бошланганда ҳайз кўриш кузатилмайди. Кўпинча аёллар қиндан келган қонли суюқликни ҳайз суюқлиги деб ўйлашади. Лекин қиндан қон келиши фақатгина ҳайз цикли билан боғлиқ бўлмай, турли хилдаги касалликлар белгиси бўлиб ҳам келади.
Ҳомиладорликда қон кетиши сабаблари
Ҳомиладорлик илк даврларида қонли ажралмалар келиши ҳайз кўришига ўхшайди. Аёл миясига биринчи навбатда «ҳомиладорлик вақтида ҳайз кўраяпман» деган фикр келади. Аммо бу ҳолат ҳайз кўриш эмас, қон кетиш деб аталади. Бундай ҳолат тез-тез учраб туради ва уни хавфсиз деб айтиб бўлмайди.
Қонли ажралмалар келишининг сабаблари қуйидагилар бўлиши мумкин:
1.Ҳомиладорлик тўхташи хавфи;
2. Ўсишдан тўхтаган ҳомила;
3.Бачадондан ташқари ҳомиладорлик.
Ҳомиладорлик тўхташи яъни тушиб қолиш хавфида қонли ажралмалар тўқ рангда ва қуюқ бўлади. Одатда қориннинг пастки қисмида оғриқ билан келади. Бундай ҳолат аёл организмидаги иммун тизими зарарланишларида келиб чиқади, яъни ҳомилани ёт, бегона жисм деб қабул қилади. Аёл организми «бу ёт жисм»дан қутулишга ҳаракат қилади.
Тўхтаб қолган ҳомиладорлик яъни ҳомиланинг ўсишдан тўхташи маълум вақт белгиларсиз кечиши мумкин. Аммо бу ҳолатни қиндан тўқ рангли ажралмалар келиши, сут безларининг юмшаши ва қориндаги ўткир оғриқлар бошланиши билан билиб олса бўлади. Бунга сабаб эмбрион ривожланишидаги аномалиялар, бачадон мушаклари тонуси ортиши ва ирсий (генетик) патологиялар бўлиши мумкин.
Бачадондан ташқари ҳомиладорликда уруғланган тухум ҳужайранинг қайси соҳада жойлашганига қараб қоринда кучли оғриқлар пайдо бўлади. Оғриқ тана ҳолатини ўзгартирганда ёки жисмоний ҳаракат қилганда кучаяди. Бунда вақти-вақти билан кўп ҳажмда бўлмаган қон кетишлар кузатилади. Кучли ва давомли қон кетиш ижобий ҳолатдан дарак беради – чунки организм ўзи уруғланган тухумни ажратиб чиқараётган бўлади.
Бачадондан ташқари ҳомиладорлик ва ўсишдан тўхтаган ҳомилада зудлик билан жаррохлик амалиёти ўтказилиши керак.
Юқоридаги санаб ўтилган ҳар қандай ҳолатлар аёл организми учун хавфли ҳисобланади. Ҳомиладорлик вақтида аёлнинг умумий аҳволи ёмонлашса дарҳол шифокорга мурожаат қилиш керак. Аёл кучли оғриқдан ташқари, тана ҳарорати ошгани, бош оғриғи ва бош айланиши, кўнгил айниши ва қусиш, ҳолсизлик, пульснинг ортиши ҳам кузатилиши мумкин.
Ҳомиладорликда ҳайз кўриш қайси ҳолатларда хавфсиз?
Ҳомиладорликнинг эрта босқичларида қиндан ажралган ҳар қандай қонли ажралмалар патология ҳисобланади. Бироқ, айрим ҳолатларда бу хавфсиздир. Баъзида ҳомиладорликнинг илк даврида ҳайз кўриш мумкин, бу аёл ва туғилажак фарзанд ҳаётига хавф солмайди. Улар қуйидагилар:
- Уруғланган тухум ҳужайранинг бачадонга имплантацияси;
- Бачадон тузилишининг ўзига хослиги;
- Ҳайз кўришдан олдин уруғланиш;
- Гормонал ўзгаришлар;
- Овуляцияда икки тухумдондан тухум ҳужайранинг чиқиши ва улардан бирининг уруғланиши;
- Кичик чаноқ аъзоларига қон келишининг кучайиши;
- Эндометриоз ва эндометрий, миометрийнинг яхши сифатли ўсмалари;
Баъзида уруғланган тухум ҳужайранинг бачадонга имплантациясида кам ҳажмдаги қон келишлар кузатилиб туради. Бунда қон қуюқ бўлади ва одатда аёл уни ҳайз суюқлиги деб қабул қилади. Ушбу ҳолат бачадон деворидаги қон томирлар эмбрионнинг имплантация жараёнида шикастланиши натижасида келиб чиқади. Лекин одатга кўра бундай пайтда қон келмаслиги керак, шунинг учун кўпчилик аёллар буни сезишмайди ҳам.
Бачадоннинг икки шохли бўлишида уруғланган тухум ҳужайра бачадоннинг бир шохига имплантация бўлса, иккинчи шохида ҳайз келиши давом этаверади. Бу айнан ҳамиладорлик бошлангандан кейин ҳайз кўришнинг типик кўринишидир. Албатта бу ҳолат нормал эмас, лекин икки шохли бачадонга эга бўлган аёллар сони жуда кам.
Тиббиёт ҳодимлари ҳайз кўриш вақтида ҳам ҳомиладор бўлиш мумкинлигини инкор этишмайди. Бу ҳақиқат ва овуляциянинг кеч босқичларида кузатилади. Бу ҳолатда ҳайз цикли режага кўра кетаверади, шунчаки уруғланган тухум ҳужайра имплантация бўлиши учун икки ҳафта вақт кетади. Натижада гормонал ўзгаришлар рўй беришга улгурмай қолади ва ҳайз кўриш вақтинчалик давом этади.
Шу сабабли аёл ҳомиладорлик бошланиш вақтини адаштириб қўяди. Масалан ҳимояланмаган жинсий алоқа ўтган ҳайз циклида бўлди, ҳайз цикли режали равишда келди, шундан кейин жинсий алоқа бўлмади, аммо аёл киши ҳомиладор бўлганини сеза бошлайди. У ҳомиладорлик кузатилгандан кейин ҳайз кўраяпман деб ўйлайди. Аслида ҳомиладорлик тухум ҳужайра уруғланган пайтдан бошланмайди, ҳомиладорлик уруғланган тухум ҳужайранинг бачадонга имплантациясидан бошланади. Мана шу ҳолатнинг мантиқий жавоби – кечки овуляция, яъни жинсий алоқадан кейин тухум ҳужайра уруғланди, лекин бачадонга имплантация бўлмади.
Аёл киши билиши лозим бўлган нарса, ҳомиладорликдаги гормонал ўзгаришлар ва ХГ (хорионик гонадотропин) миқдорининг ошиши тухум ҳужайранинг бачадонга имплантациясидан кейин юзага келади.
Гормонал бузилишлар аёл организмида етарлича прогестерон гормони ажралиб чиқмаса ёки андроген гормонлари ортиб кетганда кузатилади. Бундай ҳолларда аёл қинидан жигарранг тусдаги ажралмалар ажрала бошлайди, бу эса организм учун хавфли эмас. Муаммони гормонал препаратлар қабул қилиш билан бартараф этиш мумкин. Аёл киши анча вақтгача ҳомиладор бўлганини билмайди. Бунинг хавфли жиҳати шундаки, аёл ўзининг одатий ҳаёт тарзини давом эттираверади: ҳомилага зарарли дори препаратларни қабул қилаверади, стресс олишда давом этади, зўриқиш ва зарарли одатлардан чекланмайди.
Баъзида икки тухумдон бир вақтда ишлаб тухум ҳужайраларни ишлаб чиқаради. Улардан бири уруғланади, иккинчиси эса ҳайз кўринишида организмдан чиқиб кетади.
Одатий ҳайз кўриш ҳомиладорликнинг эрта босқичларида узоғи билан бир ой ичида кузатилади. Ҳомиладорликнинг иккинчи ойидан бошлаб қонли ажралмалар келиши жиддий патологиядан дарак беради.
Ҳомиладорлик вақтида кичик чаноқ органларига қон келиши кучаяди. Шунинг учун аёл қинидан кам миқдордаги қонли ажралмалар келиши мумкин. Асосан жинсий алоқа ва гинеколог кўрувидан кейин қон келишлари кузатилади. Бу ҳолат бачадон шиллиқ қавати шикастланиши билан тушунтирилади ва бу ҳомила ҳаёти учун хавф туғдирмайди.
Ҳомиладорлик вақтида эндометриоз, mioma, kista, фиброма ёки полип каби патологиялар сабабли қонли ажралмалар келиб, аёл уни ҳайз суюқлиги деб ўйлайди.
Одатий ҳайз суюқлигини қонли ажралмалардан қандай фарқласа бўлади?
Физиологик жиҳатдан олиб қаралганда, бачадон ички қавати ҳомиладорлик имплантацияси даврида кўчиши, эмбрион учун хавфли ҳисобланади. Шунинг учун мутаҳасис шифокорлар ҳар қандай қонли ажралмаларни «қон кетиш» деб аташади.
Кўпчилик қон кетишлар аёл ва ҳомила организми учун хавф туғдирмаслиги мумкин, лекин аёл ўзида кечаётган ҳолатларга эътиборли бўлиши зарур. Агар ҳомиладорликнинг эрта босқичларида ҳайз цикли кузатилса ва бунга сабаб гормонал ўзгариш бўлса, бу аёл учун хавфли эмас.
Асосан хавфли деб қуюқ, тўқ ёки сувли ажралмалар билан келаётган қонли суюқликларга айтилади. Айниқса бу ҳолат оғриқ билан келса жиддий муаммодан дарак беради. Айнан шу белгилар ҳомила тушишига, бачадондан ташқари ҳомиладорликка ва яллиғланиш жараёнларига сабаб бўлади.
Агар аёл ўз организмида нима бўлаётганини тушунмаса, уни қуйидаги ҳолатлар огоҳлантириши мумкин:
- Ҳайзда қон келиш муддатининг узайиши;
- Кам миқдордаги ёки жудаям кўп миқдордаги суюқлик келиши;
- Ҳайз олди белгилари, сут безларининг катталашиши ҳайз цикли тугагандан кейин ортга қайтмаслиги;
- Сиклнинг ўртасида қон келиши.
Агар бу белгилар кучли оғриқ ва ўзини ёмон ҳис қилиш билан келса, шифокорга мурожаат этишни инкор қилмаслик керак. Ҳомиладорлик аломатлари сезилиши билан тест ўтказаш керак ёки қоннинг ХГ гормонига текширтириш керак. Ҳомиладорликни аниқ айтиб берадиган текширув УТТ (УЗИ) дир.
Ҳомиладорликда ҳайз кўриш нимаси билан хавфли?
- Ҳомиладорлик пайтида кузатилаётган қон келишларни аёл киши жиддий қабул қилиши ва тўғри баҳолаши зарур. Қоидага кўра, қонли ажралмалар келишининг узоқ давом этиши ва унинг миқдори кўпайиши ҳомиланинг тушиш хавфини оширади. Айниқса бундай салбий ҳолатга сиқувчи оғриқлар ҳам қўшилса, зудлик билан шифокор тавсиялари керак бўлади.
- Кам миқдордаги, аммо тез-тез такрорланиб турувчи қонли ажралмалар келиши, аёл ва ҳомила ҳаёти учун хавфли бўлмаса ҳам, гинеколог тавсияларини олиш зарар қилмайди. Баъзи ҳолатларда ҳайз кўриш ҳомиладорликда кузатилиб, аёл ҳомилани соғлом ҳолда дунёга келтириши ҳам учраб туради.
- Ҳомиладоликнинг эрта босқичларида ҳайз кўриб туриш юқорида айтиб ўтганимиздек учраб туради. Шундай бўлса ҳам аёл ўз организмини баҳолаши ва ажралмалар характерини аниқлаб олиши керак. Аҳволнинг ёмонлашганини сезиши биланоқ шифокорга мурожаат қилиш, ёмон оқибатлардан сақлайди. Кучли оғриқ ва тўқ қизил рангдаги ажралмалар – зудлик билан шифохонага боришга «сигнал» бўла олади. Ҳомила тушиш хавфи бўлганда аёлга гормонал препаратлар буюрилади ва касалликни даволаб ҳомилани сақлаб қолишга максимал даражада ҳаракат қилинади.
Агар ҳомиладорлик тести ва қоннинг ХГ га текшируви ҳомиладорликни тасдиқласа, ҳар қандай қонли ажралмалар касаллик натижасида деб қаралиб тиббий муолажалар олишга асос бўлади.
Ҳомиладорликда ҳайз кўриш ҳақида нималарни билиш муҳим!
Бўлажак она ҳомиладорлик вақтида қуйидаги муҳим ҳолатлар ҳақида билиши муҳимдир:
- Ҳомиладорликнинг илк босқичларида қонли ажралмалар келиши норма ҳисоблансада, бу ҳайз суюқлигидан фарқланади. Агар ушбу қонли ажралмалар ҳомиладорликнинг 12-ҳафталарида ҳам келишда давом этаверса шифокорга мурожаат этиш зарур;
- Ҳомиладорликда қон кетиш, одатда ҳайз кўриш деб қаралади, аммо бу ҳолат аёл ва ҳомила ҳаёти учун хавфли ҳисобланади;
- Узоқ муддат давом этувчи ва кўп миқдордаги қон келишлар, оғриқ билан бирга келса, табиий равишда ҳомиладорлик тўхтаётганидан далолат беради;
- Ҳомиладорликда давомли қон келиш ва ҳомиладорликнинг нормал кечиши, аёл ўзини яхши ҳис қилиши, гормонал ҳолатни ўзгариши билан тушунтирилади.
Ҳомиладор аёллар ўз шифокорлари билан доимо алоқада бўлиб туришлари, керакли текширувлардан ўтиб туришлари ва ўз организмига «қулоқ солиб» туришлари зарур. Оптимистик кайфият бўлажак фарзанд учун ҳам аёл учун ҳам фойдалидир.