Кўпинча бундай ўзгаришлар унчалик ёқимли бўлмаган «ножўя таъсирлар» билан кечади, масалан, бош айланиши, кўнгил айниши, артериал қон босимининг кўтарилиши ва бош оғриши.
Ҳомиладорликда бош оғриши сабаблари
Ҳомиладор аёлларда бош оғриғи тез-тез учраб туришининг сабаби нимада эканлигига тиббиёт ходимлари аниқ жавоб бера олишмайди. Уларнинг фикрича, бундай ҳолат юз беришига асосий сабаб гормонал фон ва мазкур муддатда организм қон айланишида ўзгаришлардир. Биринчи триместрда бош оғриқлари кўпинча анча кучли бўлади.
Бундан ташқари, уларнинг таъкидлашича, агар аёлни авваллари ҳам бу каби оғриқлар безовта қилган бўлса, ҳомиладорлик бошлангандан кейин улар кучайиши мумкин. Шунингдек бош оғриғига қуйидаги омиллар ҳам сабаб бўлиши мумкин:
- стресс, ҳомиладорларнинг эмоционал фони анча беқарор бўлади, шунинг учун ҳар қандай вазият аёлни стресс ҳолатига олиб келиши мумкин;
- кун тартибининг ўзгариши, кам уйқулик, қаттиқ толиқиб қолиш;
- истеъмол қилинаётган бирор озиқ маҳсулоти бош оғриғини келтириб чиқариши мумкин, айниқса таркибида кофеин моддаси бўлган ичимликларга тегишлидир.
Балки бирор жиддий сабаб бордир?
Ҳомиладорликнинг 1 триместрида бош тез-тез оғриши: меъёрми ёки хатарли ҳолатми? Кўпинча шифокорлар буни меъёрдаги ҳолат дейишади, лекин истисно ҳолатлар ҳам бор. Камдан-кам ҳолларда ҳомиладор аёл бошининг тез-тез оғриб туриши преэклампсия ҳолатининг аломати бўлиши мумкин. Бунда бу оғриқлар ошқозон оғриғи, қускиси келиши, қўл-оёқларнинг шишиши ва кўзнинг хиралашуви билан бирга кечиши керак. Агар ушбу аломатлар мавжуд бўлса, зудлик билан шифокорга мурожаат қилинг, сабаби преэклампсия мураккаб ҳолатдир. Бунда ҳомиладор аёлнинг артериал қон босими кескин кўтарилади ва бунинг натижасида йўлдошнинг қон айланиши ёмонлашади ва ҳомила ҳаёти учун хавф туғдириши мумкин. Шунинг учун агар бош оғриғи кучли бўлиб, бошқа аломатлар билан бирга давом этса, шифокорга боришни кечиктириб бўлмайди – преэклампсияни даволаб бўлмайди, лекин бу ҳолатни енгиллаштиришга ҳаракат қилиш керак, буни қандай қилишни эса аёллар маслаҳатхонаси мутахассиси яхши билади.
Биринчи триместрда бош оғриғига қарши қандай курашиш керак?
Биринчи триместр ўта муҳим палладир – бу муддатда бўлғуси боланинг саломатлигига асос солинади ва ички органлар шаклланади, шунинг учун бош оғриғини дори-дармонлар билан даволаш тавсия этилмайди. Агар бош оғриғи мигреньга ўтадиган бўлса, унга қарши курашиш усулларини шифокор билан маслаҳатлашиб олиш керак бўлади. Лекин оддий бош оғриқларини эҳтиёткорлик усуллар билан бартараф этган маъқул:
- ҳордиқ ва уйқу оғриқни яхши бартараф этади, шунингдек қувватни тиклашга ёрдам беради;
- ҳомиладорлик вақтида кўпинча қондаги қанд миқдори пасаяди, айнан шу нарса бош оғриғини келтириб чиқаради. Бундай ҳолатларда кам-камдан тез-тез овқатланиш ёрдам беради – ўзингиз билан енгил овқат олиб юринг ҳамда ҳар бир-икки соатда оз-оздан тановул қилинг;
- сув билан ҳўлланган сочиқдан илиқ компресс ҳам сизга бош оғриғига қарши курашишда ёрдам бера олади;
- яқин йилларда олимлар баъзи маҳсулотларнинг хушбўй ҳиди бош оғриғига қарши курашишда ёрдам беришини исботлашди. Хусусан олмалар ана шундай мевалар сирасига киради.
Бош оғриғига чидаб ўтириш керак эмас, чунки бўлғуси она қанчалик яхши ҳиссиётларни бошидан ўтказса, ҳомиладорлик шунча енгил ва ёқимли кечади.
Манба: Homiladorlik.uz