Соғлом оила - соғлом келажак

Ҳомиладорлик ва аллергия

— «Болалигимдан гулларнинг чангига аллергиям бор. Мунтазам равишда даволанишимга тўғри келади. Яқинда турмушга чиқдим. Ҳомиладор бўлсам, касаллигим авж олиб кетмасмикан, деб хавотирдаман. Бу касалимнинг ҳомилага таъсири бўлмайдими?»

Г, 23 ёш.

Аллергияга мойил аёлларнинг ҳомиладор бўлишга хавфсираши табиий, албатта. Ахир улар доим касалликка қарши антигистамин турдаги дориларни қабул қилишлари лозим. Ҳомиладорлик давомида эса имкон қадар камроқ дори ичиш тавсия этилади. Ушбу мавзудаги саволларга олий тоифали шифокор, акушер-гинеколог Зумрад СОБИРОВА жавоб беради.

ҳомиладорлик ва аллергия

Аллергияга мойил аёллар фарзанд кўриш мумкинми?

Албатта, мумкин! Аммо бу ҳавас қиладиган ҳолат бўлмаслиги аниқ. Лекин руҳингизни чўктирманг! Олимларнинг аниқлашича, ҳомиладорлик чоғида аёл организми кортизол гормонини кўп миқдорда ишлаб чиқаради. Ушбу гормон аллергияга қарши курашиш учун керакли восита саналади. Шунинг учун ҳам ҳомиладорлик вақтида аллергия аёлни безовта қилмаслиги ёки енгил ўтиши мумкин. Аксарият ҳолларда, ҳатто, бронхиал астма ҳам чекиниши кузатилади. Туғруқдан кейин кортизол гормони меъёр ҳолатига қайтади ва аллергия қайта бош кўтариши мумкин. Агар илк ҳомиладорликда аллергия безовта қилмаган бўлса, кейинги ҳомиладорликларда ҳам бу ҳолат такрорланиши эҳтимоли юқори.

Аллергия авж олмайдими?

Ҳомиладорликда аллергиянинг кечиши 3 хил кўринишда бўлиши мумкин:

  • ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди;
  • аллергик хасталик яхшиланади;
  • аллергия оғирроқ кечади.

Статистик маълумотларга қараганда, аллергик ринит (аллергия оқибатида бурун оқиши, битиши) ҳар иккинчи ҳомиладор аёлни ҳомила 12 ҳафталик бўлганидан бошлаб безовта қилар экан. Бронхиал астма эса 2% ҳомиладорларда учрайди. Агар астма ҳомиладорликка қадар кузатилмаган бўлса, у бундан кейин ҳам пайдо бўлмайди. Агар астма аввалдан мавжуд бўлса, у ҳомиладорликнинг 24 ҳафтасидан 36 ҳафтасигача безовта қилиш хавфи бор. Туғруқдан аввалги 4 ҳафта давомида астма аёлни умуман безовта қилмаслиги эса қувонарли ҳол, албатта. Авваллари бронхиал астма ҳомиладорлик учун тўсқинлик деб баҳоланган бўлса, ҳозирда бу қараш парчаланган. Муҳими, мунтазам шифокор кўригидан ўтиб туришдир.

ЎҚИНГ:   Бола эмизиш ва она сутини кўпайтириш қоидалари

Ҳомиладорликда аллергияга қарши дори ичса бўладими?

Аллергияга қарши ҳар қандай дори қабул қилишдан аввал аллерголог ҳамда гинеколог билан маслаҳатлашиш лозим. Бунда доридан олинадиган фойда ҳомилага зарар келтиришдан устунроқ эканлиги инобатга олиниши зарур. Чунки ҳар қандай антигистамин дори ҳомилага таъсир қилиши мумкин.

Аллергия насл сурмайдими?

Агар бўлажак она аллергияга мойил бўлса, унинг фарзанди ҳам аллергик бўлиб дунёга келишининг эҳтимоли бор. Бироқ аллергик болалар соғлом оналардан ҳам туғилишини унутмаслик лозим. Боланинг иммун тизими она қорнида ривожлана бошлайди, шу сабабли аёл ҳомиладорлик даврида истеъмол қилаётган маҳсулотларига ҳам аҳамият бериши лозим. Масалан, цитрус меваларига бошқоронғу бўлган аёл меъёрга амал қилмаса, унинг фарзанди диатез ҳолатида туғилиши ҳеч гап эмас.

Эҳтиёт чоралари

Соғлом аёл ҳам ҳомиладорлик даврида ўз саломатлигига икки карра масъул бўлади. Аллергия каби сурункали хасталикка чалинган аёллар бундан мустасно эмас. Мудом аллергия қўзғатувчиларидан йироқ бўлишга ҳаракат қилинг. Агар сизда озиқ-овқатдан аллергия бўлсаю, уларга бошқоронғу бўлиб қолсангиз, истеъмол қилишда меъёрни билинг. Яхшиси, уларни умуман емасликка ҳаракат қилинг. Аввало ўзингиз ва фарзандингиз саломатлиги ҳақида ўйланг!

Эксперт: Зумрад СОБИРОВА, акушер-гинеколог.
Манба: «Суғдиёна» газетаси.

Телеграмдаги расмий каналимизга аъзо бўлинг!

Аъзо бўлиш

Бош саҳифа » Фойдали маслаҳатлар » Ҳомиладорлик ва аллергия

loading...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.