Ҳайз циклининг қайси кунида ҳомиладорлик тестини ўтказиш мумкин?
Агар ҳайз цикли мунтазам равишда бир хил бўлса, у ҳолда тестни ҳайз кечиккан кунида ўтказса бўлади. Яъни, ҳайз 22 март куни бошланиши керак бўлиб келмаса, шу кун ёки ундан 1-2 кун кейин тестни ўтказиш мумкин. Бу даврда тест натижаси салбий(ҳомиладорлик мавжуд эмас) бўлиб чиқса, бироз кутиш зарур. Ҳайз келавермаса, бир неча кундан сўнг тестни қайта ўтказса бўлади. Ҳайз цикли мунтазам бўлмаган ҳолларда тестни охирги ҳайз келган кунидан бошлаб 35-40 кун ўтгач амалга оширган маъқул. Жавоб аниқроқ чиқади.
Тест ҳомиладорликни тез аниқлай олмаслигини сабаби, айнан шу ойда овулясия кечроқ содир бўлган бўлиши мумкин ёки ҳайз кутилиши мумкин бўлган кун санаси адаштирилган бўлиши мумкин.
Куннинг қайси даврида тест ўтказган маъқул?
Ҳомиладорликни кўрсатувчи ҲЧГ гормони миқдори эрталаб кўпайган бўлади. Шунинг учун тезроқ ва аниқроқ натижа учун тестни эрталаб, уйғонгандан сўнг илк сийдикдан фойдаланган ҳолда амалга ошириш маъқулроқ.
Ҳомиладорлик тест аниқлаган жавоб неча дақиқада намоён бўлади?
Одатда жавоб 5 дақиқадан 10 дақиқа оралиғида намоён бўлиши керак. Бу оралиқда ҳеч қандай жавоб кўринмаса, тест нотоғри қилинган ёки бузуқ ҳисобланади.
Ҳомиладорлик тестини бузиб қўйиш осонми?
Ҳомиладорлик тести таёқчаларини эҳтиёткорлик билан ушлаш лозим. Сийдикни таёқчада кўрсатилган жойгача теккизиш керак. Сийдик тегадиган жойни қўл билан ушлаш мумкин эмас. Тест таёқчасидаги сийдик тегадиган жой қуруқ бўлиши муҳим.
Тест таёқчасига сийдикни қандай текказиш зарур?
Баъзи тест таёқчаларини тоза идишдаги сийдикка ботириш, баъзиларини сийдик оқими остида ушлаб туриш талаб этилади. Бу ҳақда тестга илова қилинган фойдаланиш йўриқномасидан билиб олса бўлади. Айнан йўриқномада кўрсатилган усулни қўллаш шарт.
Сийдикнинг фарқи йўқми?
Сийдикни ўрта қисмини тестга қўллаш яхшироқ. Яъни сийдикнинг оз миқдори чиқарилади, кейин ўрта қисми тест учун қўлланилади.
Агар ҳомиладорлик тести натижаси салбий чиқса?
Тест натижаси салбий чиқиши икки ҳолатдан далолат беради.
- Тест жуда эрта ўтказилган, яъни организмда ҳомиладорликни кўрсатувчи гормон ҳали керакли даражагача кўтарилишга улгрумаган. Бу ҳолатда бир неча кундан сўнг тестни қайта ўтказиш мумкин.
- Ҳомиладорлик юз бермаган. Бу ҳолатда тез кунда ҳайз келади.
Манба: Avitsenna.uz