Соғлом оила - соғлом келажак

Ҳомиладорлик шишлари хавфли(ми)?!

Ҳомиладорлик даврида аёл организмида турли ўзгаришлар юз беради. Уларнинг айримлари бўлажак оналарни бироз ташвишлантиради. Масалан, шишлар. Ҳомиладор бўлмаган аёлларда бу бирон касаллик белгиси ҳисобланади. Ҳомиладорларда-чи? Ўзи шундай бўлиши керакми ёки бу касалликми? Ҳар қандай аёлда ҳам ҳомиладорлик даврида шишлар кузатиладими?

homiladorlikda shishlar

Шишларнинг икки тури фарқланади: физиологик ва патологик.

Физиологик шишлар жисмоний зўриқиш, нотўғри овқатланиш, иссиқ ҳаво ва стресс каби омиллар натижаси бўлиши мумкин. Масалан, бўлажак она шўр егуликларни кўп истеъмол қилса, оёқлари шишиши мумкин. Аммо бундай шишларнинг соғлик учун ортиқча хавфи йўқ. Чунки уларни юзага келтирган омил бартараф этилиши билан шишлар ҳам қайтади. Патологик шишлар эса организмдаги бирон хасталикдан дарак беради.

Вазн кўрсаткичлари

Сизда шишлар бор-йўқлигини билмоқчи бўлсангиз, эътибор беринг:

  • аввал кийиб юрган пойабзалингиз бирданига оёғингизни сиқа бошладими?
  • Узукларингизни тақиб-ечиш қийин бўлаяптими?
  • Ҳафтасига вазнингизга қанча вазн қўшилаяпти?

Аслида ҳомиладор аёлнинг кунига 50, ҳафтасига 350 грамм вазн орттириши меъёр ҳисобланади. Бутун ҳомиладорлик давомида аёл вазнига 8-12 кг. қўшилиши мумкин. Бундан ортиғи меъёр саналмайди. Агар вазнингиз бундан ортиқ бўлса, дарҳол шифокорга мурожаат қилинг.

Шишлар кўзга яққол ташланиб турган бўлса, осонроқ. Аммо уларнинг яширин кечиши хавотирли. Бу организмда суюқлик тўпланиб қолаётганидан далолат. Одатда юрак-қон томир ва буйрак хасталиклари бўлмаган аёлларда шишлар ҳомиладорликнинг иккинчи ярмида кузатилади. Аввалига оёқлар, сўнг эса қўллар, юз, қорин шишади. Оёқлар кўп шишади, чунки суюқлик кун бўйи болдир, товон ва оёқ кафтларида тўпланиб қолади. Тери эса оқариб, силлиқ ва зўриққан ҳолга келади, уни босганда чуқурчалар пайдо бўлади. Агар оёқлар ҳомиладорликнинг биринчи ярмидаёқ шиша бошласа, бу бирон касаллик белгисидир.

Ҳомиладорликнинг иккинчи ярмида оёқлар шишиши эса гестоздан далолат. Бу бизнинг давримизда жуда кенг тарқалган. У аёл организмининг ҳомиладорликка кўникиш жараёни издан чиққанини билдиради.

Нима қилмоқ керак?

  • Бўлажак оналар тўғри овқатланиш тарзини йўлга қўйишлари лозим. Кунига 5-6 марта оз-оздан овқатланинг. Иложи борича қайнатилган ва буғда пиширилган таомларни истеъмол қилиш керак. Дудланган, аччиқ, шўр ва маринадланган маҳсулотларни умуман оғзингизга олманг. Унутманг, туз организмдан суюқликнинг чиқиб кетишига йўл қўймайди, уни танада сақлаб қолади.
  • Кун давомида вақти-вақти билан оёқ кафтлари, болдирларни уқалаб туринг. Тор пойафзал кийманг. Бир хил ҳолатда узоқ ўтирманг. Шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда жисмоний машқлар тизимини ишлаб чиқиб, уларни мунтазам бажариб боринг. Уйқудан олдин тоза ҳавода нафас олиб, кейин оёқни бироз кўтарган ҳолатда (масалан, остига қаватланган кўрпача қўйиб) ухланг. Сузиш ҳам яхши фойда беради.

Шишлардан қандай халос бўлиш мумкин?

Оёқларингизга шифобахш гиёҳлар ёки денгиз тузлари билан тўйинтирилган ванналар қилинг. Шунчаки совуқ сув оқими тагида тутиб турсангиз ҳам бўлади. Сўнг оёқ кафтларидан бошлаб юқорига қарата уқаланг. Оёқларингиз ором олсин: ётиб, уларни танадан 10-15 см юқори ҳолатда қолдиринг.

Шишларга бепарво бўлманг. Агар улар патологик характерга эга бўлса, дарҳол шифокорга мурожаат қилинг. Пешобингизни ҳар икки хафтада топшириб, таҳлил натижасини кузатинг, чунки, организмингиздаги ортиқча шишнинг сабабини шу таҳлил орқали билса бўлади.

Мутахассис фикри

[su_quote cite=»Наргиза МАГЗУМОВА, гинеколог-профессор»]Ҳар бир аёл ҳомиладорликка тайёрланар экан, аввало ўз вазн кўрсаткичларини билиши керак. Ҳомиладорлик даврида эса уни назорат қилиб бориши лозим. Умуман, шишлар кўп ҳомиладорларда кузатилади. Унинг шунчаки физиологик ҳолатми ёки бирон касаллик даракчиси эканини кўрсатувчи маълум текширувлар бор. Масалан, пешоб таҳлили ва қон босими текшируви. Агар аёл вазни ҳаддан ортиб кетса, пешобида оқсил кўпайиб, қон босими кўтарилса, бу патологиядан далолат. Шунинг учун аёлларимиз ҳомиладорлик даврида шифокор-гинеколог кўригини канда қилмасдан, ўз саломатликларига эътиборли бўлишлари лозим.[/su_quote]

«Суғдиёна» газетаси.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте, как обрабатываются ваши данные комментариев.