Биринчи триместрда олдинда турган барча тўққиз ойнинг пойдевори қўйилади ва ана шунинг учун ҳам бу даврда тўғри овқатланиш айниқса муҳимдир. Бўлғуси она учун кўп жиҳатлари билан фойдали бўладиган маҳсулотлардан бири қатиқдир. Қатиқнинг қимматли ва қувватбахш хусусиятлари эскидан маълум. Сутдан тайёрланадиган ферментланган бу маҳсулот хонадонларимиз таомномасининг ажралмас қисмига айланиб улгурган. Ҳомиладорликнинг 1 триместрида қатиқ ичишга сабаб бўладиган камида 10 та омил бор.
Оқсил зарур
Биринчидан: ҳомиладорга оқсил моддаси зарур. Организм учун у ўзига хос «қурилиш материали» вазифасини ўтайди, бинобарин аёл организмида катта миқёсдаги «қурилиш» кетаётган бўлади. Қатиқ – таркибида оқсил моддаси жуда юқори бўлган сут маҳсулотларидан бири ҳисобланади. Агар сут билан солиштириладиган бўлса, оқсил қатиқ таркибида йигирма фоизга кўпдир. Бир пиёла қатиқда (240–250 миллилитр) оқсил моддаси бир кунлик меъёрининг (катталар учун) бешдан бир қисми мавжуд.
Қатиқ – кальций манбаи
Иккинчидан, қатиқ – кальций манбаи. Агар она организмига етарлича миқдорда кальций келиб тушмаса, бу суякларнинг, даставвал тишларнинг емирилишига олиб келиши мумкин. Бувижонларимизнинг бир гапи бор: «қанча бола туққан бўлсам – шунча тиш йўқотганман» дейишади. Мана шу нарса бўлмаслиги учун қатиқ ичиш керак вассалом! Қолаверса, организм бошқа маҳсулотлардаги кальцийдан кўра қатиқдаги кальцийни тезроқ ўзлаштиради.
Қатиқ кандидозга қарши
Учинчидан, қатиқ тил оқариши яъни кандидозга қарши курашишга ёрдам беради. Кандидозни қўзғатувчи омиллардан бири ҳам ҳомиладорлик ҳисобланади. Қатиқ эса нафақат кандидоз балки вагинал инфекциялар пайдо бўлишининг хавфини пасайтиради.
Қатиқ холестерин даражасини камайтиради
Тўртинчи жиҳат шундаки, қатиқ қон таркибида холестерин даражасини камайтиришга ёрдам беради. Бунда сўз, юқорида эслатиб ўтилганидек, фақат табиий қатиқ ҳақида кетмоқда! Айнан у «ёмон» холестеринни парчалашга ёрдам беради.
Қатиқ организмни тозалайди!
Бешинчи вазифа шундаки, қатиқ ёрдамида организмни тозалаш мумкин. Қатиқ организм учун кераксиз бўлган барча зарарли модда ва шлакларни юмшоқлик билан «супуриб» чиқаради.
Қатиқ организм катализатори
Олтинчиси – қатиқ организм учун ўзига хос катализатор вазифасини ўташи мумкин. Бу сўзни мактаб даврида – кимё дарсида эшитганимизни эслайсизми? Ҳар қандай жараёнларни тезлаштирувчи моддалар шу ном билан аталади. Агар ҳомиладор аёл доимо қатиқ ичиб турса, бошқа маҳсулотлар ҳам организмда тезроқ ўзлаштирилади. Айниқса биринчи триместрда қатиқ витаминлар ва кальцийнинг ўзлаштирилишига яхши ёрдам беради.
Қатиқ ошқозон микрофлорасини тиклайди
Еттинчи фойдаси – ичак инфекциясини даволатган аёллар учун хос. Даволаш курси, одатда, антибиотикларсиз ўтмайди, улар эса ичакнинг, қолаверса ошқозоннинг ҳам микрофлорасини кучли тарзда ишдан чиқаради. Қатиқ эса уни тиклашга ёрдам беради. Бунинг устига, қатиқ антибиотиклар билан чарчатиб юборилган ошқозонни ачиштирмайди, бу ҳам ҳомиладор аёл учун ўта муҳимдир.
Қатиқ иммунитетни оширади
Саккизинчи афзаллиги иммунитетни яхшилашида. Зеро, бўлғуси она иложи борича хасталанмаслиги керак! Қатиқ – қондаги оқ ҳужайраларнинг дўсти ҳисобланади, уларнинг ишлашига ёрдам беради. Бинобарин, оқ ҳужайраларнинг асосий иши эса айнан хасталикларни қўзғатувчиларга қарши курашишдир.
Қатиқ ва аллергия
Тўққизинчи фойдасига келсак, қатиқ амалда аллергияни қўзғатмайди. Ҳатто табиий сут ичганда аллергияси қўзғайдиган аёллар ҳам бемалол қатиқ ичиб, сутда мавжуд бўлган фойдали моддалардан баҳраманд бўлишлари мумкин.
Қатиқ ичак фаолиятини яхшилайди
Ўнинчи фойдаси шундаки, қатиқ ичакнинг фаолиятини яхшилайди ва меъёрига келтиради. Ҳар куни қатиқ ичадиган ҳомиладор аёлни қабзият безовта қилмайди, чунки у перисталтикани яхшилайди. Қатиқ таркибида бўлган лактобактериялар ва кальций саратон хасталиги хавфини камайтиради.