Соғлом оила - соғлом келажак

Эркаклар учун: Ҳомиладор аёл билан қандай муносабатда бўлиш керак?

Биласиз, ушбу рукнимиз бўлажак оналарга бағишланган. Бугун эса ноанъанавий тарзда уни бўлажак оталар учун тайёрладик. Нега дейсизми? Ахир янги меҳмонни кутиб олишга ота ҳам тайёр туриши керак. Қолаверса, бу жажжи меҳмон келгунича ҳомиладор рафиқасининг инжиқликларию эркаликларига чидаш учун эркакка нафақат сабр, балки бу даврда ўзини қандай тутиш борасида билим ҳам асқатади.

Шундай қилиб, ҳурматли эркаклар, агар рафиқангиз ҳомиладор бўлса (ёки фарзанд кўришни режалаштираётган бўлсангиз ҳам), қуйидаги маълумот ва тавсиялар айнан сиз учун! 9 ой давомида қандай муаммоларга дуч келишингиз мумкин? Уларни бартараф этиш йўллари қандай?

«Рафиқам инжиқ ва жиззаки бўлиб қолди…»

Ҳа, кайфиятнинг тез-тез ўзгариши ҳомиладор аёлларга хос хусусият. Фақат бу аёл организмида «жўш ураётган» гормонларнинг иши эканини билиб қўйсангиз ёмон бўлмасди. Сиз айтаётган «шикоят» айниқса, ҳомиладорликнинг биринчи уч ойлигига хос.

Нима қилиш керак?

  • Ҳомиладор рафиқангиз организмида жиддий ўзгаришлар юз бераётганини унутманг!
  • Ўзингизни вазмин тутишингиз шарт! Асосийси, ўйлаб кўринг: унинг инжиқликларига сизнинг эътиборсизлигингиз ҳам сабаб бўлмаётганмикан?
  • Ўз фикрингизда оёқ тираб туриб олманг, овозингизни баландлатиш ёки аксинча, гапирмай «жазолаш» усулини қўлламанг. Сизга бир сирни очай: аёлингиз сиздан аразлаган бўлса ҳам баъзида ҳеч нима демасангиз-да, меҳр билан бағрингизга босишингизни истайди ва «ярашиб олиш» учун шунинг ўзи билан қаноатланади.
  • Буларнинг ҳеч бири иш бермаса, аёлингизни қанчалик яхши кўришингизни айтинг ва ҳаммасини вақт ҳукмига топширинг.

«Менга эътибор бермай қўйди…»

Ҳомиладор аёл

Ҳомиладорлик — жуда-жуда қийин «иш». Шу боис бу «иш»ни бажараётган инсонга эътиборли бўлинг. Айни пайтда рафиқангизнинг бор фикру хаёли туғилажак фарзанди билан банд. Шунинг учун у ишхонангизда нима гаплиги ва нега кўринишингиз ҳорғинлигини сўрамаса, буни тушунишга ҳаракат қилинг. Ҳозир аразлашнинг мавриди эмас. Тўғри, аслида ҳамма ҳам атрофдагилардан эътибор кутади. Лекин айнан ҳозир сиздан кўра рафиқангиз эътиборингизга кўпроқ муҳтож. Унинг кечинмалари ва ташвишларига сиз ҳам шерик бўлинг. 9 ойлик бахтли даврда суйганингизга қанчалик эътиборли бўлсангиз, ўзингиз ҳам албатта кутганингизга эришасиз!

Эркаклар «аёлим менга эътибор бермай қўйди» деганда жинсий ҳаётни ҳам назарда тутишади. Лекин бу ҳам нормал ҳолат. Чунки бу фақат сизнинг муносабатларингизда кузатилаётгани йўқ. Ҳомиладорлик даврида аксарият аёлларда бу борада истак сусаяди. Сиз эса бу ўринда шунчаки унинг янгича ҳаёт тарзига вақтинча мослашишингиз керак. Фарзандингиз билан туғилмасиданоқ мулоқотда бўлинг. Рафиқангизнинг қорнини силаб, болакайнинг «жавоб» тариқасидаги ҳаракатини ҳис қилинг. Унга қўшиқ куйлаб ёки эртак ўқиб беришингиз ҳам фойдадан холи бўлмайди.

«Аёлларга хос» ишларни ҳам бажаришимни хоҳлаб қолди…»

Ҳомиладорлик даври

Вазиятни шу даражага келтирибсизки, аёлингиз энди сиздан уй юмушларида ҳам ёрдам беришингизни талаб қилаяпти. Аслида бунга ўзингиз айбдорсиз. Бундай бўлмаслиги учун ташаббус ўзингиздан чиқиши, яъни унга биринчи бўлиб сиз ёрдамингизни таклиф қилишингиз керак эди.

Туғилажак фарзандингизнинг онасини тушунишга ҳаракат қилинг, бу унга ҳар доимгидан-да зарур. Қолаверса, ҳозирги ҳолатида уй ишлари билан шуғулланиш ҳам унинг учун олдингидек оддий иш эмас. Рафиқангизнинг кўрсатмаларини кутиб ўтирмасдан ташаббусни ўз қўлингизга олганингиз яхши. Айнан қайси уй юмушини бажаришингиз муҳим эмас. Асосийси, рафиқангизга ёрдам беришга тайёрлигингиз! Аёллар буни жуда қадрлашади ва ўзларини хотиржам, дадил ҳис қилишади. Бу эса ҳомиладорлик даврида ўта муҳим.

«Илгари бунчалик рашкчи эмасди-ку?!»

Ҳомиладорлик даврида аёлнинг рашкчи бўлиб қолишига бир қатор сабаблар бор.

Биринчидан, кўпчилик бу даврда сезиларли даражада вазн орттиради. Ва бу «семиз» аҳволида энди жуфтини ўзига жалб қила олмайдигандек туюлади.

Иккинчидан, баъзида шифокорлар эр-хотинга жинсий муносабатларни вақтинча тўхтатиб туришни тайинлайди. Аксарият хонимларнинг «эркаклар бунга узоқ вақт бардош беролмайди ва бошқа бирортасини излай бошлайди», деб ҳисоблаши ҳам рашк туйғусини алангалатади.

Учинчидан, бўлажак оналар деярли ҳамиша эътибор етишмаётгани ҳисси билан юришади. Бундан эса улар «эрим кимнидир топиб олгани учун менга беэътибор», деган хулосага келиб қолишлари мумкин.

Нима қилиш керак?

Нима бўлганда ҳам рафиқангизнинг рашкини келтирмасликка ҳаракат қилинг. Масалан:

  • Ҳамкасбларингиздан ишдан ташқари вақтларда қўнғироқ қилмасликни сўранг.
  • Ошна-оғайнилар билан бўладиган базмлардан вақтинчалик воз кечиб турганингиз маъқул.
  • Рафиқангизни огоҳлантирмасдан «иш билан ушланиб» қолманг.
  • Энг асосийси, севишингизни, дил сўзларингизни кўпроқ билдиринг.

 

Хулоса

Ҳурматли бўлажак оталар, унутманг: ҳомиладорлик даврида сиз ва жуфтингизга қанчалик қийин бўлмасин, энг асосийси — бир-бирингизни тушунишингиз ва қўллаб-қувватлашингиз. Хавотир олманг, ҳеч бир қўрқинчли воқеа бўлаётгани йўқ. Шунчаки, сиз ОТА бўлаяпсиз ва бу сиздан ҳеч қандай куч талаб қилмайди: болани 9 ой кўтариб юрмайсиз, бошқоронғиликдан қийналмайсиз, туғуруқ азобини тортмайсиз… Ҳомиладорлик даврида бажаришингиз керак бўлган энг асосий иш — ўзингизни қўлга олиш ва рафиқангизга ёрдам бериш. Сабрли бўлишни ва аёлингизга ён босишни ўрганинг.

Қизиқарли мақола: Диққат! Ҳомиладор аёлга айтиладиган асоссиз маслаҳатлар

Экспертлар: Акмал ТОШЕВ, гинеколог ва руҳшунос Лутфулла ТУРСУНОВ.
Манба: Darakchi.uz