Эртакларда кичкинтойларга “тишча”ларни сеҳргар олиб келади, ҳаётда эса бу вазифани бўлажак она бажаради. Ахир, ҳомиладор аёл икки инсоннинг соғлиғига жавобгар бўлади. Ҳомиладорликнинг 40-кунидан бошлаб, туғилажак боланинг тишлари шакллана бошлайди. Уларнинг мустаҳкам ва соғлом бўлиши, асосан, бўлажак она тишларини тўғри парвариш қилишига ҳамда унинг саломатлигига боғлиқ бўлади.
“Учта тишим қурбон бўлди…”
Ҳомиладор аёлларнинг тишлари билан боғлиқ муаммо шифокорларни доим ташвишга солган. Кариес билан касалланиш хавфи 18-20 ёшида биринчи фарзандини дунёга келтирган аёлларда 3,6 фоиз бўлса, 21-25 ёшларда туққанларда 5,4 фоизни ташкил қилади. Илк фарзандини 26-30 ёшида бағрига босганларда кариес хавфи 2,4 фоиз, 31-35 ёшда туққанларда эса 2,9 фоиздир. Иккинчи ҳомиладорлик вақтида бу хавф 2,3-3,5 фоизга ортади, учинчисида эса 0,4-,4-1 фоиз қўшилади. Бир қараганда, бу рақамлар у қадар ҳам ваҳимали эмас, бироқ ҳомиладор бўлгунга қадар кўпчилик аёлларнинг тишларида 90 фоиз кариес бўлади. Иккинчи ҳомиладорликдан сўнг бу кўрсаткич 96 фоизга етади, учинчи фарзандни дунёга келтиргач эса онанинг тишлари 100 фоиз касалланиб бўлади. Фарзандли бўлмаган аёлларнинг ўрта ҳисобда олтита тиши шикастланган бўлса, фарзандли аёлларнинг эса ўндан ортиқ тишини даволаш шарт.
“Ҳар бир фарзанд учун учта тишинг қурбон бўлади”, деган гап беҳуда айтилмаган экан, дейишингиз мумкин. Лекин ҳар бир аёл ҳомиладорлик даври ҳеч бир йўқотишларсиз ўтишини истайди. Ўттиз иккита дуримизни омон сақлаш ўз қўлимизда эканлигини биласизми? Асосий қоида шуки, стоматолог кўригига 6 ойда бир марта бориш шарт. Биз эса нима қиламиз?! Туни билан тишимиз оғриб, лунжимиз шишиб кетганидан кейингина стоматолог шифокор борлигини эслаймиз.
Энг хатарли палла
Бўлажак оналарда милк ва тиш билан боғлиқ муаммоларнинг юзага келишига иммунитет пасайиши ҳамда сўлакда бактерияларга қаршилик хусусияти камайиши сабаб бўлади. Бундай қулай шароитдан фойдаланиб, зарарли бактериялар кўпая бошлайди. Тиш орасида қолиб кетган овқат қолдиқлари уларга янада кўпроқ ёрдам беради. Натижада, микроблар тиш эмалига ёпишиб, унда зарарли моддалар қатлами юзага келади. Ҳомиладор аёллар организми шундоқ ҳам заиф бўлиб турганида тишдаги муаммолар кариес билан касалланиш эҳтимолини оширади.
Ҳомиладорликнинг 6-ҳафтасида кичкинтой тишлари шакллана бошлайди, муддат катталашгани сари улар янада фаолроқ ўсади. Буларнинг барчаси кальций моддасини талаб қилади. Агар бўлажак она организмида кальций захираси бўлмаса, ҳомила унинг тишларидан ўзига керакли элементларни сўриб ола бошлайди. Шундан кейин улар ҳам емирилади. Бу каби салбий оқибатлар юз бермаслиги учун ҳомиладор аёл бир кунда 1500 мг. кальций қабул қилиши керак.
Албатта, бўлажак она фарзанди учун ҳамма нарсага тайёр бўлади, ҳаттоки ўз соғлиғини қурбон қилишга ҳам. Лекин она ўз суяги ва тишларидаги кальцийни фарзандига бераётганида ҳам бу модда унинг ўзига керакли миқдорда мавжуд бўлмайди. Оқибатда эса болакайдаги сут тишларининг эмали юпқа ҳамда рахитга мойил бўлиши мумкин. Қолаверса, онани яқин келажакда кариес ва остеопороз кутаётган бўлади.
Маслаҳат: Аёл стоматологик саломатлигига ҳомиладорлигининг 6-ҳафтасида катта эътибор бериши лозим. Бу вақтда боланинг суяклари ва тишларига таъмал тоши қўйилади. Шунингдек, мазкур даврда бўлажак оналарни тишлари безовта қила бошлайди — ўта сезувчан ва мўрт бўлиб қолади.
Гингвитга қарши чоралар
Милкларнинг яллиғланиши гингвит саналади. Худди тиш каби милклар учун ҳам ҳомиладорликнинг 9 ойи оғир кечади. Бу вақтда милк бўш, шишган ва касалликка мойил бўлиб қолади. Милк қонашига баъзан унинг шиллиқ қаватига тиш шёткасини теккизишнинг ўзи кифоя. Гингвитнинг юзага келишига яна ўша иммунитет пасайиши ва сўлакнинг бактерияларга қарши курашиш хусусияти йўқолиши сабаб бўлади. Бундан ташқари А (ретинол) ҳамда С (аскорбин килотаси) витаминларининг камайиши ҳам аҳамиятга эга.
Маслаҳат: милклар янада мустаҳкам бўлиши учун оғиз бўшлиғини истеъмол содаси ёки водород перексидида (у ёки бу моддадан бир чой қошиқ ва бир стакан қайнаган сувли аралашма) чайиш тавсия этилади.
Ширинликка ружу қўйманг!
Имкон қадар ширин, унли ва крахмалли егуликлардан ўзингизни тийинг. Шоколадлар, қовурилган картошка ва булочкалар кариес ҳамда милк касалликларини келтириб чиқаради!
Кальцийни қаердан топиш мумкин?
Бу керакли минерал модда балиқ гўшти, қаттиқ ва оқ пишлоқ, консерваланган сардина, бодом, сельдерей, сут, петрушка, баргак, йогурт, пиёз, сметана, кунгабоқар, исмалоқ, творог, салат барги, тухум ва сабзида кўп бўлади.
Шунингдек, таркибида кальций ва фосфор бўлган витаминларни қабул қилинг. Яна қайнатилган тухумнинг пўстлоғидан ҳам фойдаланса бўлади. Бунинг учун уни қуруқ товада қовуриб, майдалаш керак. Тайёр бўлган кукунни биринчи ёки иккнчи таомга қўшиш ҳамда ўзини сув билан ичиш мумкин. Кунига 2-3 маҳал 0,3-0,5 граммдан қабул қилиш лозим.
Милклар ҳам уқаланадими?
Бир кунда бир марта хоҳ эрталаб, хоҳ кечаси милкларни юмшоқ тиш шёткасида уқалашни одат қилинг.
Оддий тиш шёткасини юмшатиш учун 50 даража ҳароратли иссиқ сувда чайинг ва бармоқларингиз билан шёткани янада юмшатинг.
Оғиз бўшлиғини сув билан чайинг. Милкларни уқалаш жараёнида тиш шёткасини тез-тез сувда намлаш лозим.
Аввалига милкларнинг ташқи тарафини, кейин эса тил ва танглай қисмларини уқаланг. Сўнг секин-асталик билан силанг. Уқалаш ҳаракатларини 2-3 дақиқа давом эттиринг. Яхшиси, бу юмушни қўшиқ эшитиб бажарган маъқул, чунки бир ашуланинг давомийлиги камида 3 дақиқа бўлади.
Сўнг ўсимлик ёғига бош бармоғингизни ботириб, ўша бармоқда милкларни уқаланг. Бу муолажадан сўнг мойчечакли илиқ дамламада оғиз бўшлиғини чайинг.
Ўз соғлиғингизга бефарқ бўлманг, ахир, икки инсон учун жавобгарсиз!
Ушбу мақолани ҳам ўқинг: Ҳомиладорликда қандай ётиш керак?
Эксперт: Ширин ОБИДОВА, cтоматолог.
Жуналист: Дилноза МИРТОЛИПОВА.
Манба: «Суғдиёна» газетаси.