Соғлом оила - соғлом келажак

Ҳомиладор аёллар учун хавфсиз саёҳатнинг 9 та асосий қоидаси

Одатда ҳомиладор аёлларга яхши дам олишни, витаминларни кўпроқ истеъмол қилишни, кўпроқ сайрга чиқиб, ижобий ҳиссиётларни олишни маслаҳат беришади. Албатта, уйда диванда ётиб ёки офисда ишда бунга эришиш амримаҳол. Демак, таътилга чиқиш ва муҳитни ўзгартириш керак. Аммо бўлғуси онага кўп нарсалар тўғрисида олдиндан қайғуриш зарур бўлади.

sayohat va homiladorlik

Гинекологдан рухсат сўранг

Авваламбор, йўлланма ва чипталар сотиб олишдан олдин, сизга қараётган гинеколог ҳузурига бориб, ундан саёҳатга рухсат олиш зарур. Одатда, агар ҳомиладорлик нормал кечаётган бўлса, бунда ғовлар учрамайди. Тўғри, агар сиз иккинчи триместрга етмаган бўлсангиз ёки ундан ўтган бўлсангиз, унда уйдан узоққа кетмаганингиз яхши.

Қулай вақтни танланг

Саёҳатлар учун қулай вақт ҳомиладорликнинг 14 дан 28 гача бўлган ҳафтаси ҳисобланади. Бу даврда сизни токсикоз қийнамайди, қорнингиз ҳам халақит бермайди, шунингдек бола ташлаш хавфи камайиб, вақтидан олдин туғиб қўйиш хавфи бўлмайди. Бундай хулосаларни фақат гинекологингиз қилиши мумкин, албатта.

Максимум хордиқ, минимум хорғинлик

Ҳомиладор аёл учун саёҳат экстремал бўлмаслиги (ҳеч қандай байдаркалар, алпинизм ва кўп кунлик юришларга ўрин йўқ) ва инсонпарварлик миссиясига ўхшамаслиги (ҳозирча Африка, Осиё ва Лотин Америкаси сизсиз ҳам ишларини битказишади) зарур. Масимум хордиқ ва минимум хорғинлик – ана шулар танламоқчи бўлган йўналишингизнинг асосини ташкил этиши керак бўлган тамойиллардир.

Йўлга нима олиш керак

Саёҳатга, албатта охирги анализлар ва бошқа тадқиқотлар натижаларини, тиббий картадан кўчирма, гинекологингизнинг алоқа телефонларини олишингиз зарур. Ўзингиз билан қабул қилаётган дори-дармонларингизни (маҳаллий дорихоналарнинг ассортиментига умид боғламаган маъқул) олишни унутманг. Бунинг устига хорижда сиздан ўзингизда ресептсиз сотиб олинадиган дорига ресепт сўрашлари мумкин.

Суғурта

Ҳомиладор аёлларга ёрдам сизнинг сайёҳлик суғуртангизга кириш-кирмаслигини текшириб кўринг. Агар кирмаса, бошқа суғурта компаниясини топишга ҳаракат қилинг. Омадингиз чопмаса, бунга хафа бўлиб ўтирманг. Суғуртачилар хавфли гуруҳга кирувчи мижозлар билан мулоқот қилмасликка ҳаракат қилишади.

Чиптадан тежаб қолманг

Энг қийини – хордиқ чиқарадиган жойга эсон-омон етиб олиш. Чиптадан тежаб қолманг. Агар поездда жўнасангиз фақат купега чипта олинг, агар машинада кетсангиз, унда салон кенгроқ бўлиши керак.
Самолётлар ҳақида эса алоҳида тўхталиб ўтамиз! Кўпгина авиакомпаниялар ҳомиласи етти ойдан ошган ҳомиладор аёлларга чипта сотишдан бош тортишсада, парвозлар тўлғоқни муддатидан олдин қўзғата олмайди. Аммо барибир баъзи хавфсизлик чораларини кўришга тўғри келади.

Самолёт бортида ўзини тутиш қоидалари

Парвоз пайтида организмингиз суюқликни тез йўқотади, бу сиз учун ҳам, ҳомилангиз учун ҳам хавфли. Шу боис ҳар соатда ярим литрдан сув ёки шарбат ичишингизга тўғри келади. Сизни бизнес-синф ҳожатхонасига қўйишлари тўғрисида стюардессалар билан олдиндан келишиб олинг, у ерда навбатлар бўлмайди.

Эҳтиёт бўлинг, микроблар!

Умумий сочиқлардан фойдаланманг, ўзингиз билан қоғоз сочиқларни олинг. Самолётдаги тоза ҳаво – бу нисбий тушунча. Бошқача қилиб айтганда, кимдир салон охирида аксирган бўлса, тез орада микроблар сизгача етиб келишига ишонаверинг. Шунинг учун 8 қатламли дока ниқобни тақиб олинг. У бегона микроблардан муҳофаза қилиб қолмасдан, тиқилинчлардан қочиш имконини ҳам беради, чунки кўпгина фуқаролар ниқобдаги одам юқумли касаллик манбаи эканига ишончлари комил.

Ўзингиз билан олинадиган буюмлар

Янги муҳитга ўтиш учун ўзингиз билан иссиқ ва кенг кийимлар, орқангизга қўйиш учун кичикроқ ёстиқ ва бўйнингизни ушлаб турувчи махсус «ёқа»ни олинг. Ҳар доим хавфсизлик камаридан фойдаланинг, аммо уни қорнингиз устидан эмас, унинг остидан тақинг. Умуман олганда эса, транспортда ўзингиз учун қулай жойларни, навбатсиз ўтишни ва меҳмонхонада ёқмаган хонани алмаштириб беришларини талаб қилинг. Хордиқ сизда фақат ижобий ҳисларни туғдириши керак.

Манба: Generation.uz
Таржима: Dnk.uz

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте, как обрабатываются ваши данные комментариев.