Соғлом оила - соғлом келажак

Эмизикли ва ҳомиладор аёллар косметикаси қандай бўлиши керак?

Баъзи ҳомиладор ва эмизикли аёллар тирноғини ўстириб, катта одам дош бериши қийин бўлган ўткир ҳидли атир-упалар суриб олади.
Бунинг она сутига, у орқали болага ҳеч қандай таъсири йўқми?

homiladorlikda kosmetika

Гулнора ҲОДИЕВА, олий тоифали педиатр:

Бу илмий жиҳатдан исботланмаган. Аммо унутмаслик керакки, ҳар нарсанинг меъёри ва вақти бор. Чақалоқ она ҳидини танийди. Ортиқча сепилган атир болани безовта қилиши мумкин. Тўлиқ табиий маҳсулотлардан тайёрланмаган упа-элик эса аллергияга мойил ҳомиланинг таъсирчанлигини оширади. Соч бўёғига келсак, у она териси учун биринчи ўринда хавф туғдиради. ­Сунъий бўёқлар соч илдизида тўпланиб бориб, ҳатто саратон касаллигини пайдо қилиши ҳам мумкин. Чунки бош қанча ювилган тақдирда ҳам ранг тўлиқ кетмайди, унинг бир қисми бош терисига сўрилади.

Тирноқ ўстириш ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Узун тирноқлар бола парваришидаги аёл учун умуман мос келмайди. Фарзандингизнинг кийимларини алмаштириш, уқалаш ёки чўмилтириш вақтида терисига зарар етказиб қўйишингиз ҳеч гап эмас.

Ҳомиладор ва эмизикли аёлдаги ҳар қандай ўзгариш болага ҳам таъсир қилади, албатта. Шуни ҳисобга олиб, оналарга пардоз воситаларидан бутунлай воз кечмаган ҳолда уларни бироз қисқартиришни, имкон қадар табиий маҳсулотлардан фойдаланишни маслаҳат бераман.

Манба: «Оила даврасида» газетаси.

Сохранить