Бу мавзу юзасидан суҳбат қуришни кўпчилик аёллар ёқтирмайди, унинг ўрнига жимгина ёстиққа бош қўйиб йиғлаш афзалроқдек. Унутманг, ҳомила нобуд бўлди дегани ҳаёт тугагани билан баробар эмас… Тўғри, гапириш осондир, бироқ келгуси сафар ҳаммаси яхши бўлишига ишонинг! Бу сизни юпатиш учун таскин сўзлари эмас, балки статистика!
Табиий танланиш
Баъзан табиатнинг ўзи туғма нуқсон ва ривожланишдан ортда қолаётган ҳомилани яшаб кетишга қодир эмаслигини билган ҳолда организмдан итариб ташлашга уринади.
Ҳаётий воқеа
Яқин танишларимдан бири 8 ҳафталик ҳомиладорлик даврида боласидан айрилиб қолганди. Ўша вақтда у эндигина 26 ёшда эди. Шифокорлар кўригидан ўтганида ҳомила тушишига гормонал фоннинг ўзгариши сабаб бўлган дея ташхис қўйилди. Йиллар давомида бор умиди ва топган-тутганини сарфлаб, фақат даволанди. Аммо доим асабий ва руҳий тушкун ҳолатда юрарди. Ҳайриятки, 15 йил ўтиб, 41 ёшида паҳлавондек (чақалоқнинг вазни 4,1 килограмм эди) ўғилли бўлди. Бу вақт орасида эри билан қилмаган чораси қолмаганди.
Гормонал фон қачон тикланади?
Ҳомила нобуд бўлгач, иккинчи марта яна бу бахтни туйиш учун узоқ вақт кутиш шарт эмас! Чунки ҳомиладорлик муддатига етмай тугагач аёл организмидаги гормонал ўзгаришларни кўпи билан бир йил ичида тўғирлаш имкони борлигини исталган шифокор гинеколог тасдиқлай олади. Гормонлар ишлаб чиқарилиши мия билан боғлиқ бўлганлиги учун ҳар қанча дори ичилса ҳам, аёлнинг руҳиятида қўрқув ва ҳавотир бўлса, ҳеч бир даво ижобий таъсир кўрсатмаслиги мумкин.
Ҳомиладор бўлишга шошилманг!
Ҳомила тушиши кузатилган аёлларнинг айримлари эса тезроқ яна ҳомиладор бўлиш учун шошади. Баъзан эса ҳомиладор бўлишнинг уддасидан чиқишса ҳам, кўп ҳолларда уни сақлаб қолиш қўлларидан келмайди. Чунки ниҳояга етмаган ҳомиладорлик гормонал фоннинг бузилишига сабаб бўлади. Организм ўзини тиклашга улгурмасдан туриб, яна оналикка даъвогарлик қила олмайди. Аёлнинг ҳолатига кўра шифокор ҳомиладорликдан сақловчи гормонал таблеткалар буюриши мумкин. Улар ҳомиладорликдан сақлаш билан бирга, гормонал ўзгаришларга ижобий таъсир кўрсатади. Ярим йил давомида ҳомиладорликдан сақланиш шарт! Контратсепсия воситаси ёки усулини гинеколог шифокор тавсиясига кўра танлаган маъқул.
Ҳомила тушишига сабаблар
Бола тушиши ҳомиладорликнинг қайси даврида юз берганига қараб сабаблар бир-биридан фарқ қилади, баъзан ўхшаш ҳолатлар ҳам кузатилади. Асосийси, сизда бу ҳолат нима туфайли юз берганини аниқлашдир.
Ҳомиладорликнинг 6 ҳафтасигача ҳомила тушиши
Бу даврда ҳомила тушиши сабаблари номаълум бўлиши мумкин. Чунки аёлда ҳеч қандай касалликлар аниқланмайди. Ҳомиладорлик юз берган даврда аёл дори қабул қилган, хасталанган ёки эркак спиртли ичимлик истеъмол қилган, тамаки чеккан бўлиши мумкин. Буларнинг барчаси ҳомилага салбий таъсир кўрсатмай қолмайди, албатта.
Ҳомиладорликнинг эрта даврида нобуд бўлган эмбрионларнинг 70 фоизига генетик бузилишлар сабаб бўлади. Генетик ўзгаришлар одатда ота-онадан, ёки уларнинг генлари яхши бирикмаганидан юзага келади. Хромосомаларида нуқсонлар кузатилган ҳомила кейинчалик ногирон ёки ирсий касалликлар билан туғилиш эҳтимоли бўлади. Бунда ўзига хос табиий танлов юз бериб, табиат нуқсонли гўдак дунёга келишига йўл қўймайди.
Ҳомиладорликнинг 6 — 12 ҳафтаси ичида ҳомила тушиши
Эндокрин бузилишлар — аёл организмида эркакларга хос жинсий гормонларнинг ҳаддан ошиқлиги, аёллар жинсий гормонининг етишмаслиги, қалқонсимон без фаолиятидаги ўзгаришлар саналади. Одатда санаб ўтилганларнинг барчаси ҳомиладорлик юз беришига тўсқинлик қилади, лекин мўъжиза юз бериб, ҳомиладорлик кузатилса, эмбрион керакли даражада бачадон ичида ўрнашиб ололмаслиги мумкин. Бундан ташқари, бачадон ичи тонуси ошиб, ҳомилани ташқарига итарилиши ҳолати ҳам юз бериши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Жинсий йўл билан юқадиган инфекциялар ҳам ҳомиланинг тушишига сабаб бўлади.
Ҳомиладорлик давридаги турли касалликлар — оддийгина шамоллашдан тортиб салмонеллезгача ҳомиланинг нуқсонли бўлишига олиб келиш эҳтимоли борлиги учун табиатнинг ўзи бу ишни ҳал этади.
- Бачадон яллиғланиши — грипп, ангина каби касалликларнинг асорати, гинекологик хасталиклар ва абортлар ҳам ҳомила ривожланишига тўсқинлик қилиши мумкин.
- Иммун тизими — одатда қони манфий резус омилли бўлган аёлларда ҳомиладорлик даврида қон таркибида эмбрионга қарши антитаначалар пайдо бўлиб, болани организмдан чиқариб ташлашга интилади. Бироқ бу ҳолатни олдиндан билиш мумкинлиги сабаб, резус омили манфий аёлларга ҳомиладорлик даврида қўллаб-қувватлайдиган дори-дармонлардан ёрдамида фарзандни эсон-омон дунёга келтириш имконияти мавжуд.
- Анотомик нуқсонлар — бачадон ривожланишдан ортда қолиши ёки туғма нуқсонлар ҳомиладор бўлишга имкон бермайди, бу бахт юз берсада, сақлаб қолишда катта тўсқинликни юзага келтириши мумкин.
Ҳомиладорликнинг 12 — 22 ҳафтаси ичида ҳомила тушиши
Ҳомиланинг бу даврда нобуд бўлишининг сабаблари эрта даврникидан деярли фарқ қилмайди. Бироқ бу ҳафталарда кўпинча бачадон бўйни заифлиги туфайли ривожланаётган, катталашган ҳомилани ушлаб қололмай, тушириб қўяди. Ҳомиладорлик давомида мунтазам шифокор кўригидан ўтиб юрган аёлда бу каби ҳолат юз берса, жарроҳлик амалиёти ёрдамида туғиш вақтига қадар бачадон бўйнини «ёпиб» қўйиш имконияти бўлади. Бу эса ҳомилани сақлаб қолиш демакдир.
Ҳомиладорликнинг 22 ҳафтасидан сўнг ҳомила тушиши
Бу вақтга келиб, шифокорлар ҳомила нобуд бўлиши ҳақида эмас, балки эрта туғруқ жараёни борасида бош қотира бошлашади. Одатда, 28 ҳафтадан ўтиб туғилган гўдакларнинг яшаб кетиш имконияти юқори бўлади.
Ҳушёр бўлинг!
Шифокорга мурожаат қилинг:
- Кўкрак безлари катталашишидан тўхтаса;
- қонли ажралмалар кела бошласа;
- ҳомила қимирлаши кузатилмаса;
- аёл кўнгил айниш ва уйқусирашни сезмаса.
Аниқ ташҳис ҳомиладор аёл вагинал ҳамда ултра товуш текширувидан ўтказилганидан кейин қўйилади.
Энди нима бўлади?
Баъзан организм ривожланишдан тўхтаган ҳомилани чиқариб ташлайди, яъни бола тушиши содир бўлади. Бу қанчалик мантиққа тўғри келмасин, лекин аёл учун бу ижобий якун ҳисобланади. Ҳомила бачадонда қолганида эса тиббий ёрдамга зарурат туғилади.
Шифокор бачадон қисқаришини келтириб чиқарувчи махсус препаратларни тайинлаши ва ҳомиланинг сунъий туғилишини таъминлайди. Бунда тиббий ёрдам қанчалик тез кўрсатилса, шунчалик яхши. Агар ҳалок бўлган ҳомила бачадонда 6-7 ҳафта қолиб кетса, бу томир ичида диссеминирланган қон қуюлиши ривожланади. Яъни қон ўзининг қуюлиш хусусиятини йўқотиб, қон кетиш хавфини оширади.
Ҳозирда шифокорлар бачадон қисқаришини юзага келтирувчи дори-дармонлар қабул қилиш билан ҳомилани сунъий туғдириб олишни энг самарали усуллардан деб ҳисоблашади. Баъзан тезда чора кўриш талаб этиладиган вазиятларда бачадонни жарроҳлик йўли билан тозалаш мумкин. Бачадон ички аъзо ҳисоблангани учун шифокор жарроҳлик амалиётини ўз сезгисига таянган ҳолда амалга оширади. Нобуд бўлган ҳомиланинг тўқималари гистологик ва ситогенетик текширувга юборилади.
Хавотир
Жарроҳлик амалиёти асоратсиз ўтиши учун муолажа давомида ёки ундан сўнг УТТда аёлнинг бачадони кўрилади. Бу амалиётлардан сўнг аёлга ётоқ тартибига амал қилиш ҳамда витаминлар, антибиотиклар ва гормонал дорилар билан даволаниш буюрилади. 2 ҳафтадан сўнг қайта УТТ ўтказилиб, бачадоннинг қисқариш жараёни кузатилади.
Инсондан инсон яралиши МЎЪЖИЗА. Умид ва ишонч билан сиз учун аталган ҳаётнинг улкан туҳфасини кутишдан чарчаманг!
Ҳомиладорликда кузатилиб, ҳомилага жиддий хавф туғдириши мумкин бўлган омиллар ҳақида МАНА БУ ЕРДАН маълумот олишингиз мумкин.
Муаллиф: Муяссар НАЗИРОВА, тиббиёт фанлари номзоди, акушер-гинеколог.
Журналист: Дилноза МИРТОЛИПОВА.
Манба: «Суғдиёна» газетаси.