Соғлом оила - соғлом келажак

Ҳайз цикли бузилиши  хавфлими?

Аёллар кўпинча ҳайз циклининг бузилиш билан акушер-гинекологларга мурожаат этишади. Статистик маълумотларга кўра, бу касаллик аёлларнинг 35 % изида кузатилади. Бундан ташқари, 70 % аёлларда умри давомида бир марта бўлса ҳам ҳайз циклининг бузилиши аниқланади (Бу ҳолат туғруқдан сўнг, стрессларда, иқлим ўзгарганда келиб  чиқади).

Нима учун ҳайз кузатилади?

Бачадон ички шиллиқ қавати уч қаватдан иборат. Одатда маълум гормонал ўзгаришлар натижасида бачадон шиллиқ қавати катталашиб, тухум ҳужайрани бириктириб олишга шай туради. Агар тухум ҳужайра уруғланмаса, бачадон ички қавати «ҳеч нарсага ярамаганлиги боис» кўчиб туша бошлайди. Натижада қон кетиш кузатилади. 20 соатдан сўнг қон кетиш интенсивлиги пасаяди. Одатда бачадон ички қавати қайта тикланиши 36 соатдан кейин кузатилади.

hayz kelmasligi

Маълумот ўрнида…

Аёлларда ҳайз цикли давомийлиги ўртача 21 -31 кунни ташкил қилади. Одатда ҳайз цикли  12 — 14 ёшда бошланади. Айрим ҳолларда қизларда бу цикл мунтазам бўлмаслиги мумкин. Биринчи туғруқдан сўнг цикл мунтазам кўринишни олади. Агар ҳайз кунлари орасидаги ўзгариш 2-3 кун олдинга ёки 2-3 кун ортга чўзилса, бу ҳайз цикли бузилганлигини билдирмайди. Агар ҳайз кунлари орасидаги муддат 40-60 кунни ташкил қилса ёки 21-25 кунга қисқарса цикл бузилганлигини тахмин қилиш мумкин.

Ҳайз цикли бузилиши  хавфлими?

Кўпчилик аёлларни шу савол қийнаса керак? Чунки айрим аёллар бу масалада шифокорга мурожаат қилишга эринишади. «Яна ўзи жойига тушади!» деб бепарво бўлишади. Шу боис ҳайз цикли бу­зилиши асоратларига алоҳида тўхталишга қарор қилдик:

  • бепуштликка олиб келиши мумкин;
  • иш қобилиятининг пасайиши келиб чиқади;
  • айрим жиддий касалликларнинг бирламчи белгиси ҳайз цикли бузилиши бўлиши мумкин;
  • эндокрин касалликларга олиб келади;
  • эрта менопауза бошланишига сабаб бўлади.

Ҳайз цикли қайси кўринишларда бузилиши мумкин?

hayz kam kelishi

  • Метроррагия – мунтазам бўлмаган равишда бачадондан қон кетиши;
  • Полименоррея — ҳар 21 кунда ҳайз цикли такрорланиши;
  • Ҳайз цикли орасида қон кетишлар;
  • Менопауза даврида қон кетиш- менопаузадан сўнг 1-2 йил давомида қон кетиши.

Ҳайз цикли нима учун бузилади?

  • Ташқи омиллар – стресс, озиқланиш рационининг ўзгариши, иқлим ўзгариши;
  • Ички аъзолар касалликлари;
  • Тухумдонлар касалликлари;
  • Жинсий гормонларни ишлаб чиқарувчи гипоталамо-гипофизар тизим назорати бузилиши;
  • Эндометрий (бачадон ички шиллиқ қавати) полипи;
  • Бачадоннинг яллиғланиш касалликлари ;
  • Эндометриоз касаллиги;
  • Саратон касаллиги;
  • Абортлар ва бачадон шиллиқ қаватини қирдириш;
  • Тухумдонларни операция қилдириш;
  • Жигар касалликлари;
  • Қон ивиш тизими касалликлари;

Медикаментоз – дори-дармонлар таъсирида келиб чиқади. Масалан: гормонал дорилар, кортикостероидлар, антикоагулянтлар, транквилизаторлар, антидепрессантлар, бачадон ичи спиралларининг қўлланилиши бачадондан қон кетишига олиб келади.

Ҳайз цикли бузилиши турлари

Альгодисменорея

Ҳайз циклининг бузилиши бўлиб, асосан 14-44 ёшда келиб чиқади. Белгилари: ҳайз кунлари симилловчи ва хуружсимон оғриқлар қорин пастида кузатилади. Шу билан бирга кўнгил айниш, қусиш, бош оғриқлари, ичнинг суюқ ўтиши келиб чиқади.

 Дисменорея

hayz ko‘rish kechikishi

Ҳайз циклининг муддатидан олдин кузатилиши ёки муддатидан кечроқ юз беришидир.  Бу ҳолат кўпинча хизмат сафарларида бўладиган аёлларда келиб чиқади. Иқлим ва кун тарибининг ўзгариши аёл организмига салбий таъсир зилади.

Олигоаменоре

Ҳайз циклининг жуда кам кузатилиши, бепуштлик, тухумдонлар катталашиши, танада туклар кўпайиши, тана вазнининг ортиши билан характерланади. Бу ҳолат тухумдонларнинг кистоз касаллигида келиб чиқади.

 Аменорея

Ҳайз цикли бузилишининг оғир кўриниши ҳисобланаиб, 6 ой ёки ундан ҳам кўпроқ муддатда ҳайз цикли кузатилмайди. Одатда бу ҳолат ҳомиладорлик, туғруқ, менопауза билан боғлиқ ҳолатда келиб чиқади. Агар аменорея 17-18 ёшда ҳеч бир сабабсиз келиб чиқса дарҳол шифокорга мурожаат этиш лозим.

Кун тартиби ҳам ҳайз циклига таъсир қиладими?

Асабий зўриқишлар, аёлларнинг ишини ўз­гартириши, яшаш жойини ўзгартириши, яқин кишисидан жудо бў­лиш, жисмоний зў­риқишлар, турли оздирувчи пар­ҳезлар, вазннинг ортиши ёки вазннинг камайиши ҳайз циклини бузиши мумкин.

Организмдаги гормонал ўзгаришларга нима сабаб бўлади?

Охирги йилларда аёллар организмидаги гормонал ўзгаришларга жинсий ҳаётнинг бузилиши (аёлларнинг хориж сафарларида бўлиши, эркакларнинг хориж сафарларида узоқ муддат қолиб кетиши) ва гормонал контрацептив воситаларини нотўғри қўллаш са­баб бўлмоқда. Аёл бошидан ўтказган ҳар бир аборт бепуштликка, ҳайз циклининг бузилишига, саратон касалликларнинг ривожланиш хавфининг ортишига олиб келишини унутмаслик лозим.

Қандай ташхис қўйилади?

Аёл ташқи кўринишига эътибор бериш-бунда аёлларда гормонлар бузилишига оид белгилар пайдо бў­лади. Масалан: қалқонсимон без катталашиши, жигар ва талоқ катталашиши, тери ранги ўзгариши, аёлнинг асабий бўлиб қолиши ва б.

Даволашда нималарга эътибор бериш лозим?

hayz ko‘p kelishi

Даволашда асосий касалликни бартараф этишга эътибор берилиши лозим. Агар ҳайз цикли бачадон полиплари таъсирида бузилган бўлса, хирургик даво, яллиғланиш касалликлари натижасида бузилиш келиб чиққан бўлса антибиотиклар тайинланади. Бундан ташқари:

Гинекологик кўрик:

  • Қиндан суртма олиб текшириш;
  • Жинсий аъзоларни УТТ текшириш;
  • Қон таҳлили;
  • Қонда гормонлар миқдорини аниқлаш;
  • МРТ – жинсий аъзоларни шу усулда текшириш.

Ҳайз даврида овқатланиш рацион қандай бўлиши лозим?

  • Қабул қилинадиган суюқлик миқдорини камайтириш лозим;
  • Сут маҳсулотларини кўпайтириш керак — творог, кефир, сут, сметана.
  • Бу кунларда тузланган карам, ошқовоқ, помидор, товуқ гўшти, мол жигарини истеъмол қилиш ижобий таъсир қилади;
  • Олма, малина, гилос, шпинат. Санаб ўтилган ушбу маҳсулотлар қон томирларнинг торайишига ва қоннинг камроқ кетишига олиб келади.

Мутахассис: Шаҳло Рустамова, шифокор.
Манба: «Бекажон» газетаси.