Ҳайз олди синдромида аёллар ҳар ойда, маълум бир вақтда ўзларини ёмон ҳис қиладилар. Асаблари бузилади, кўп нарсалар ёқмайди. Баъзиларнинг юзига ҳуснбузар тошади. Кўкраги, оёқлари оғрийди. Овқатларнинг мазаси билинмайди, лекин кўп овқат еб юборади, ширинликларни хоҳлайди.
35 ёшдан кейин бу ҳолат аёлларда оғир кечади. Кўп туғиш, аборт, хусусан, патологик абортлар, юқумли касалликлар, асаб бузилиши ҳайз олди синдромининг ривожланишига сабаб бўлади.
Ҳайз олди синдроми мураккаб патологик симптомлар комплекси бўлиб, ҳайз келишидан олдин хуруж қила бошлайди.
Навбатдаги ҳайз кўришдан 10-12 кун олдин юқорида айтиб ўтилган аломатлар вақти-вақти билан такрорланиб туради. Кўпчилик аёлларда ҳайз кўргандан кейин бу аломатлар ўтиб кетади.
Тадқиқотчиларнинг аксарияти ҳайз олди синдромига эстроген ва прогестерон гормонлари мувозанатининг бузилиши сабаб бўлади деган фикрни айтадилар. Одатда бу гормонлар уйғун ишлайди, лекин ҳайз келишидан олдин битта гормон кўп, бошқаси кам ишлаб чиқарилади. Шу туфайли мувозанат бузилиб, тана хасталанади. Эстрогенлар кўп ишлаб чиқарилган даврда аёллар жиззаки, ҳатто тажовузкор бўлиб қолишади. Прогестерон улуши ошганда ҳол қурийди, кайфият ўзгариб туради, гоҳо тушкунлик ҳолати пайдо бўлади. Бу даврда аёл семиришга мойил бўлади.
Ҳайз олди синдромининг турлари
Асабий-руҳий тури. Аёлнинг асаблари бузилаверса, йиғлоқи бўлиб қолади. Оддий гап-сўзларни кўтара олмайди, ўзини гўё ёлғиз сезади. ҳидлар ёқмайди. Хотира пасаяди. Ваҳима пайдо бўлади. Сут безлари дағаллашади ва ҳоказо. Кўпинча ёш жувон тушкунликка тушса, ёши ўтган аёл тажовузкор бўлиб қолади.
Шишли тури. Сут безлари шишиб, безиллайди. Юз кўпчийди. Болдир, кўл бармоқлари шишади, семиради. ҳол қурийди, кўп терлайди, тери қичийди ва ҳоказо.
Цефалгик тури. Бош мигрендагига ўхшаб оғрийди. Аёл асабий бўлиб қолади, кўнгли айниб, қусади. Товушларга, ҳидларга жуда сезгир бўлиб қолади, боши айланади.
Кризли тури. Узоқ вақт даволанмай юрганда келиб чиқади. қон босими кўтарилади, юрак тез уради. Аёл кўп терлайди, ваҳима пайдо бўлади. Юқорида айтиб ўтилган аломатлар пайдо бўлганда аёл киши албатта шифокорга бориб, унинг маслаҳатлари билан даволаниши керак.
Фойдали муолажа
Ҳайз олди синдроми бор аёлларга парҳез буюрилади. А, В, Е витаминлар гуруҳини тутган поливитаминлар тавсия этилади. Улар ўсимлик ёғи, кўк қалампир, балиқ, дуккаклиларда кўп бўлади.
Минерал моддалар – калий, магний, руҳ, марганец (мева ва сабзавотларда кўп) буюрилади. Калийга бой маҳсулотлар (кишмиш, баргак) тавсия қилинади. Клетчатка кўп тутган маҳсулотлар еб туриш, оқсилларни камроқ истеъмол қилиш керак, чунки оқсилли маҳсулотлар организмнинг минерал тузларга бўлган эҳтиёжини оширади. Кофеин бўлган ичимликларни ҳам камроқ ичган маъқул.
Доимо бир вақтда тўғри овқатланиш керак, шунда моддалар алмашинуви яхши бўлиб, ҳайз олди синдроми аломатлари камаяди. Енгилроқ жисмоний машқлар қилиш, пиёда юриш, сузиш керак.
Тавсиялар
- Ҳайздан 5 кун олдин суюқликни камроқ ичинг. Шўр овқатларни камроқ енг (1 суткада 3 г туз тана учун етарли). Чунки туз организмда суюқликни кўп тутиб туради ва ҳайз олди синдромига туртки бўлади. Суюқлик қовоқларни салқитади, мия тўқималарида йиғилиб, бош оғришига сабаб бўлади.
- Шахсий ҳаётдан кўнгил тўлмаслиги, қаттиқ сиқилиш, асабнинг бузилиши ҳайз олди синдромининг ривожланишига сабаб бўлади. Шунинг учун кайфият бузилганда қизилпойча, валериана ва арслонқуйруқ препаратларидан бирортасини ичиш керак.
- Гормонлар билан даволаниш, яхши самара беради. Масалан, бўйида бўлдирмайдиган таблеткаларни шифокор маслаҳати билан ичиш мумкин.
Ҳайз олди синдромини даволаш учун узоқ вақт керак бўлади. Шунинг учун аёллар сабр ва қунт билан даволанишлари керак. Агар вақтида даволанмаса, ёш ўтиши билан бу дард бошқа касалликларни келтириб чиқариши мумкин.
Манба: Tib.uz
Мени ёшим 39да турмушга чикмаганман ноябр ойида хайз келган эди декабр ойида келмади нима килай