Соғлом оила - соғлом келажак

Гормон нима? Энг муҳим гормонлар ҳақида

Гормон у биологик юқори фаол модда бўлиб, ички секреция безлари томонидан ишлаб чиқарилади. Гормонлар фаоллиги ва миқдори бир қанча омилларга боғлиқ. Ҳатто, жуда оддий кўринган кун соатлари ва овақтланиш тартиби ҳам уларга таъсир этиши мумкин.

gormon nima

Жараён ўзгариши

cБу ҳам бежиз эмас. Зотан бу ўзгариш ортида жиддий муаммо бўлиши айни ҳақиқатдир. Қуйидаги белгиларни мутахассислар гормонал ҳолат ўзгариши билан боғлашади:

  • ташқи кўринишдаги ўзгаришлар;
  • кўриш қобилиятининг тез сусайиб бориши;
  • тери соҳасида қичишиш ёки қизиллик пайдо бўлиши;
  • теридаги туклар сони ортиб, қалинлашиши мумкин;
  • ёшига нисбатан каттароқ кўриниш;
  • сурункали ҳолсизлик, тушкун кайфият ҳам шулар жумласидандир.

Чораси

Дастлаб шифокор умумий аҳволингизни ўрганади. Шундан сўнг қон таҳлили ёрдамида гормонлар ҳолати ва миқдори текширилади. Бироқ гормонал терапияни бошлашдан аввал организмнинг бошқа асосий аъзолари – буйрак, жигар, буйрак ости бези кабилар ҳам текширилиши лозим. Шунингдек, қалқонсимон без фаолиятини ҳам унутмайлик. Керакли таҳлиллардан кейингина зарур муолажа белгиланади. Муолажа ҳар бир аёл учун индивидуал бўлиши мумкин. Энг муҳими эса гормонал ҳолат ўзгаришида мустақил даволаниш мумкин эмас! Шунингдек, шифокор буюрган дори воситани айтилган муддатгача қабул қилиш, тартибини бузмасликка ҳам эътибор беринг.

Эстроген — жозибадорлик сири

Мазкур гормон аёллар назокати, нафислиги ҳамда қомати учун маъсулдир. Эстроген ўз ичига эстрон, эстродиол ва эстриол гормонларини мужассам қилган. Унинг аксарият миқдорини тухумдонлар ишлаб чиқаради. Қолган қисми эса буйрак ости безларига тааллуқли. Дарвоқе, эстроген эркаклар организмида ҳам оз миқдорда ишлаб чиқарилади.

Вазифаси: эстрогеннинг етарлича ишлаб чиқилиши ҳеч бир муболағасиз аёлга яхши кайфият бағишлайди. Қадди-қомат кўркамлиги, бўкса, кўкраклар тузилиши қолаверса, мушаклар тонусининг ошишида ҳам унинг ўрни катта.

Камайиб кетса: жозиба йўқолади, эркакшода бўлиб қолади аёл. Иккиламчи жинсий безлар (кўкрак безлари) гипоплазия (кичрайиши) учрайди. Шунингдек, қўлтиқ ости ва қовуғ усти туклари тўкилиши юз беради.

Кўпайиб кетса: тухумдон ва бачадонда ҳавфли ўсмалар келтириб чиқариш мумкин.

Меъёри: аёл ташқи кўринишининг чиройли ривожланиши, тери эластиклиги, ҳайз цикли ҳамда кайфият яхшиланади. Нерв тизимига ижобий таъсир этиб, ҳомиладорлик юз бериш эҳтимоли ортади.

Тестестерон — жисмоний қувват

Аслида бу эркакларнинг асосий жинсий гормонидир. Аммо буйрак ости бези ҳамда тухумдонларида ишлаб чиқиладиган оз миқдори аёлга жисмоний фаоллик учун керак бўлади. Аёл организми ёғ тўқималарида тестестерон эстрогенга айланади.

Вазифаси: қизлар балоғат ёшига етганида кўкрак ўлчамининг меъёрида ривожланиши учун хизмат қилади.

Камайиб кетса: жинсий фаоллик сусайишига олиб келади.

Кўпайиб кетса: эстроген миқдори камаяди, тукларнинг пайдо бўлиши (қоринда, кўкрак, юз ва сонларда) эркаклардаги каби юз беради, овоз дағаллашиши, ҳайз циклининг бузилиши ёки умуман тўхтаб қолиши ҳамда бепуштликни келтириб чиқаради.

Меъёри: аёл репродуктив тизими фаолиятини меъёрда бўлади.

Окситоцин — туғруқ вақти кўмакчимиз

Фойдали ва муҳим гормонлардан бири бўлибгина қолмай, аёлларнинг оналик бахтига эришишида беминнат ёрдамчидир.

Вазифаси: туғруқ вақти бачадон мушакларини стимуллаштириб, тўлғоқ жараёнини назорат қилади. Эмизикли аёлларда сут ажралишини таъминлайди. Оналик ҳиссининг юзага келиши, қўрқув ва хавотирга берилмаслик, ёғ тўқималари парчаланишида ҳам иштирок этади.

Камайиб кетса: қонда окситоциннинг камайиб кетиши аёлни асабий, тажанг ва жиззаки қилиб қўйиши мумкин. Шу билан бирга туғруқ ва туғруқдан кейинги давр бузилишлари ҳам шу сабаб содир бўлади.

Кўпайиб кетса: тез-тез қон босимингиз тушиб кетиб, бош оғриқлари ёки ҳолсизликни юзага келши мумкин.

Меъёри: туғруқ фаолиятида иштирок этади. Туғруқдан сўнг бачадон қисқариши юз беришини биласиз. Бу жараён айниқса бола эмизиш вақти фаоллашади. Эмизиш вақти окситоцин миқдори кўп ажралиб, бачадон қисқариши кучаяди.

Тироксин ва трийодтиронин — моддалар алмашинуви сардори

Қалқонсимон без гормонларидан бири бўлиб, организмда моддалар алмашинуви тезлигига маъсулдир. Асаб тизими, репродуктив саломатлик, юрак қон-томир, ошқозон ичаклар ҳамда тери соғломлигига ижобий таъсир этади.

Вазифаси: қонда холестерин миқдорининг ортиб кетмаслигига қарши курашади, ақлий фаолиятни ошириб, фаҳмлаш қобилиятини ривожлантиради.

Камайиб кетса: хотира сусайиши, диққатни жамлай олмаслик, тана вазнининг ортиб бориши, меҳнат унумдорлигини пасайишига олиб келади. Шунингдек, ҳайз циклининг бузилиши, қабзият ривожланиши, оғизда таҳир таъм сезилиш, ҳансираш, юрак қисқаришининг камайиши, тери қуруқлашиши,соч тўкилиши , уйқусизлик ва бефарқлик кузатилиши мумкин.

Кўпайиб кетса:моддалар алмашинуви кучайиши ҳисобига озғинлик юзага келади. Қалтираш, терлаш, юрак уриб кетиши, иштаҳа очилиб кетиши, тери рангининг қорайиши, кўз ёшланиши, ишиши ва ташқарига чиқиб қолиши келтирилади.

Меъёри: моддалар алмашинуви меъёрда бўлиб, организмнинг табиий жараёни бузилмайди.

Инсулин — қандли диабет назоратчиси

Мазкур гормон ошқозон ости безида ишлаб чиқилиб, кўпгина алмашинув жараёнларида иштирок этади. Айнан инсулин қонда глюкоза миқдорини назорат қилиб, ҳужайралар ичига киргазади.

Вазифаси: қонда глюкоза миқдорини меъёрда ушлаб туришга хизмат қилади.

Камайиб кетса: инсулиннинг камайиб кетиши қандли диабетнинг биринчи турини келтириб чиқариши мумкин. Кўпайиб кетса: илк белгилари сифатида қўрқув, ҳадик ҳиссининг пайдо бўлиши, кўз қорачиғининг катталашиши, бош оғриқлари кузатилиши мумкин. Қонда инсулин миқдорининг ортиб кетиши сабабларининг асосийси эса ошқозон ости бези ўсмаси билан боғланади. Бунда бемор доимо очлик ҳиссини туяди. Шунингдек термаламайди.

Меъёри: углеводлар алмашинуви меъёрда бўлади.

Соматотроп гормон — чиройли қомат

Бу гормон соматропин организм тўқималарининг ўсиши, пайлар мустаҳкамланиши, қомат ихчамлиги учун маъсул.

Вазифаси: гипофизнинг олд қисмида ишлаб чиқилиб, иммунитет таъсирининг ошиши, истеъмол қилинаётган маҳсулотлар таркибидаги кальций суякларга сўрилишини таъминлайди. Оқсил алмашинуви орқали танани нормал даражада ривожланишини таъминлайди. Мазкур гормон болаликда бўй ўсиши учун муҳим саналади.

Камайиб кетиши: болаларда бўй ўсмалиги яъни паканаликни келтириб чиқарса, катталарда ҳаддан ташқари озайиб кетишни келтириб чиқариши мумкин.

Кўпайиб кетса: гигантизм ва акромелония (бўй ўлчамининг ҳаддан ташқари ўсиб кетиши) га олиб келади. Бунинг асосий сабаби эса гипофиздаги ўсмалар ҳисобланади.

Меъёри: тана аъзолари нормал ривожланади.

Прогестерон — гормонлар онаси

Аёлларда ҳайз циклининг иккинчи ярмида ҳосил бўлиб, тухумдонда сариқ танача ривожланади, ҳомиладорликда эса плацента юзага келиши билан номоён бўлади.

Вазифаси: бошқа гормонлар билан бирга аёл саломатлигига маъсул бўлиб, фарзанд кўриш учун организмни тайёрлаб боради. Камайиб кетса: ҳайз цикли фазасида прогестерон миқдори дам ошиб, дам камайиб туради. Овуляция вақти камайиб кетиши ҳомиладорлик юзага келмаслигига сабаб бўлиши мумкин. Шунингдек, аёл ҳомиладор бўлгач, тақчиллик рўй берса, ҳомила тушиши мумкин.

Кўпайиб кетса: аксарият ҳолларда буйрак ости бези, тухумдон фаолиятидаги ўзгаришлар ёки касалликлар асоратида ортади.

Проклатин — даракчи ва назоратчи

Мазкур гормон гипофизда ишлаб чиқилиб, ҳомиладорлик вақти эндометрияда ҳосил бўлади.

Вазифаси: сут безлари фаолияти ва сут келишини назорат қилади.

Камайиб кетса: лактация жарарёнига таъсир этиб, сут безлари фаолияти сустлашади.

Кўпайиб кетса: ҳайз циклининг бузилиш, овуляция юз бермаслиги, сут безларидан ажралма келиши, юз ва курак соҳасида тук пайдо бўлиши ҳамда тошмалар кузатилади. Ҳомиладорликнинг саккизинчи ҳафтасидан проклатин миқдори ортади ва бу мазкур давр учун меъёр ҳисобланади.

Меъёри: лактация ҳамда ҳайз цикли меъёрда кечади.

Гормонал таҳлил топшириш қоидалари

Қон таркибида гормонлар миқдори қай даражада эканлигини аниқлаш учун унинг турига қараб таҳлил текширувлари ўтказилади. Бунда ҳар бир гормон вазифасидан келиб чиқиб, куннинг қайси қисмида таҳлил намунасини олиш муҳимдир. ҳусусан:

  • Самототроп гормони – эрта наҳорда топширилади;
  • Тироксин ва тиройидтиронин – ҳайз циклига боғлиқ бўлмаган ҳолда эрта наҳорда топширилади;
  • Эстроген ва прогестерон учун – шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда гормонал терапия муолажасини тўхтагандан сўнг икки ҳафта ўтиб, мурожаат қилиш мумкин;
  • Проклатин миқдорини аниқлаш учун – ҳайз циклининг 3-4-5 кунлари;
  • Тестестерон гормони – исталган вақт олиниши мумкин;
  • Инсулин миқдорини текшириш учун эса – бемор қандли диабетга таҳмин қиланаётган бўлса, ўтказилади;

Гормонлар миқдорини аниқлашда муҳим қоидани ёдда тутинг: ҳар қандай гормон текшируви оч қоринга ўтказилиб, тишлар ювилмаслиги керак. Шунингдек, таҳлилдан бир кун аввал спиртли ичимликлар, сут ва ёғли маҳсулотлар чекланиши шарт.

Дилфуза АРТИКОВА, тиббиёт фанлари номзоди.
«Суғдиёна» газетаси.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте, как обрабатываются ваши данные комментариев.