Соғлом оила - соғлом келажак

Мендаги Гепатит B аёлим ва туғилажак фарзандимга ҳам юқиши мумкинми?

Савол:

Болалигимда 13 ёшимда вирусли гепатит B билан оғриганман. Ҳозир ёшим 24 да. Билишимча бу касаллик қонда бир умр қолар экан. Вирусни ўзими, вирусга қарши антителами, мен унчалик фарқига бормайман.

Саволим ушбу вирус менинг турмуш ўртоғимга юқиши мумкинми ва ҳомиладорлик ёки туғруқ вақтида бу вирус фарзандимга ўтиши эҳтимоли қанча? Фарзандим ҳам шу касаллик билан оғрийдими?

Gepatit B, Гепатит Б

Жавоб:

Ёшлигингизда гепатитнинг қайси тури билан оғриганингизни билиш жуда муҳим. Гепатит B билан оғриганингизга ишончингиз комилми?

Негаки вирусли гепатит парентерал, яъни қон орқали (гемотрансфузия, жинсий алоқа) юқади. Агар Сиз оддий сариқ касаллиги (гепатит А) билан оғриган бўлсангиз (у асосан «ифлос қўллар» орқали юқади) хавотирга ўрин йўқ. Гепатит А осон тузалади ва сурункали турга ўтмайди.

Гепатит B дан эса тузалишнинг иложиси йўқ. Бу вирус бутун ҳаётингиз давомида сиз билан қолади ва сиз атрофдагиларни айтиб ўтилган йўллар орқали зарарлашингиз мумкин. Сиз иммунофермент (ИФА) усулида гепатит B антигени (HbSAg) га қон таҳлили топширишингиз керак бўлади. Агар у мусбат чиқса, демак турмуш ўртоғингизни ҳам жинсий йўл ёки маиший буюмлар орқали зарарлашингиз мумкин. Шу сабабли турмуш ўртоғингиз ҳам қон таҳлили топшириши шарт. Агар Гепатит B вируси антигени чиқмаса эмлатиб олгани маъқул.

Фарзандингизни мавжуд вирус билан зарарланиши эса ҳомиладорликнинг иккинчи ярмида қонда гепатит B вируси миқдори (консентрацияси) нинг кескин ортиб кетиши кузатилса ёки туғруқ пайтида (вертикал) зарарланиши мумкин. Шу сабабли янги туғилган чақалоқлар тезлик билан махсус иммуноглобулин билан эмланади. Бундай ҳимоянинг эффективлиги 95% ни ташкил этади. Ҳомиладорлик пайтида эса айниқса иккинчи ярмида даврий равишда қонни HbSAg га текширтириб туришингиз сўралади. Бу пайтда вирусга қарши препаратларни олиш мумкин бўлмаганлиги сабабли жигар тўқимасини яхшиловчи (гепатопротекторлар) ва организмни умумий қуввати (иммунитет) ни оширувчи препаратларни ичиб туриш тавсия этилади.

Манба: Gepamed.uz