Никоҳдан кейинги қовушишдан асосий мақсад оилада фарзанд дунёга келтиришдир. Бу эса эркак зиммасига катта масъулият юклайди, яъни у сперма (уруғ) юқори сифатли бўлишига эришиши лозим.
Билиш муҳимки, ирсий хомашё (сперматозоидлар) ниҳоятда инжиқ бўлиб, жинсий ҳаётдаги арзимаган хатоликлар ҳам унинг сифатига путур етказади. Айтайлик, жинсий яқинликни хоҳлаб турган эркак 3-4 кунгача ўз истакларини сўндириб турса, шу сабр-қаноатнинг ўзиёқ уруғнинг сифат жиҳатдан етилишига хизмат қилар экан.
Кучли асаб бузилиши, қаттиқ чарчоқ, яхши овқатланмаслик, ҳатто экологиянинг ёмонлашиши каби сабаблар ҳам сперма оқимини «бўғади». Олимларнинг аниқлашича, эркакнинг уруғ ҳужайралари 75 кун давомида тўла шаклланиб бўларкан.
Жинсий ҳаёт учун фойдали танаффус
Жинсий ҳаёт давомида эркак ва аёл онгли равишда маълум тартиб-қоидаларга амал қилгани маъқул. Масалан, эркак 4-5 кун тўшакда ўзини «жиловлай» олса, жинсий ҳужайралар сифати яхшиланишига эришади. Танаффусли кунлар давомида овқатланишга алоҳида аҳамият бериш керак. Цитрус мевалар, булғор қалампири, исмалоқ ва помидорни кундалик таомномага албатта киритинг. Ҳўл мевалар (айниқса, анжир ва лимон), шунингдек, C, E витаминлари, таркибида рух (цинк) мавжуд маҳсулотлар истеъмол қилинганда жинсий ҳужайралар етилиши учун зарур бўлган тестостерон гормонининг ажралиши яхшиланади, уруғ сифати ҳам аъло даражада туради.
Шуни ҳам унутмангки, ўта ёғли гўшт (масалан, гамбургерлар) ва кучли қовурилган таомлар сперматозоидлар ҳаракатчанлигига салбий таъсир кўрсатиши аниқланган.
Антибиотиклар ва жинсий муносабат
Касалликка чалинганда антибиотиклар қабул қилишга шошилманг. Чунки улар аста-секинлик билан бутун организмга таъсир кўрсатиб, жинсий қобилиятни сусайтиради. 6-8 ҳафта давомида антибиотиклар ичиб юрилганда уруғ сифати ва ҳаракатчанлигини ёмонлаштиради.
Антидепрессантлар, тамаки ва алкоголь маҳсулотларининг зарари ҳам бундан кам эмас. Алкоголь аввало мижоз сустлигини келтириб чиқаради.
[su_quote]Инглиз олимлари ўтказган тажрибаларга кўра, бир кун давомида икки шиша пиво ичган эркак бепушт саналар экан.[/su_quote]
Тамаки чекиш ҳам уруғ сифатига салбий таъсир қилиши исботланган. Масалан, кашандаларнинг уруғ ҳужайралари чекмайдиган эркакларникига қараганда икки баравар кучсиз бўлишини шифокор ва олимлар кўп маротаба таъкидлашган.
Ноутбукни тиззага қўйиб ишламанг!
Айтайлик, йўлакдаги ўриндиқда ёки машинада кетаётиб, ноутбукни тиззангизга қўйганча ишлаяпсиз. Аслида бу одат яхши эмаслигини билиб олинг. Негаки ноутбукдан тараладиган нур ва иссиқлик жинсий аъзога таъсир кўрсатиб, унинг мўътадил ҳароратига зиён етказади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ёрғоқ (жинсий аъзо)даги ҳарорат қорин бўшлиғидаги ҳароратдан 3 даража паст бўлиши табиий ҳисобланаркан. Демак, иложи борича ноутбукни тиззага эмас, столга қўйиб ишлашга ҳаракат қилинг.
Шим чўнтагидаги телефон
Қўл телефонларини шим чўнтагида олиб юрмасдан махсус ғилофларга солиб, камарга осиб қўйганингиз маъқул. Тор жинси шим, сиқиб турадиган трусилар ҳам жинсий фаолиятни ёмонлаштиришини эътибордан четда қолдирманг. Саунага камроқ тушинг, ҳатто иссиқ ванналарда чўмилиш ҳам сперматозоидлар сифатига путур етказади.
Эҳтиёт бўлинг: тепки, уреаплазмоз..
Уруғ тизимчаси веналари варикоз кенгайганда сперматозоидлар сони камаяди, ҳаракатчанлиги сусаяди. Тепки (паротит)га чалиниш ҳам худди шундай таъсирга эга.
Жинсий инфекциялар (айниқса, уреаплазмоз ва хламидиоз)ни юқтириб олишдан сақланинг. Олимларнинг аниқлашича, уреаплазмоз охир-оқибат фарзанд кўрмасликка олиб боради.
Гормонал ўзгаришлар, жинсий аъзоларнинг туғма нуқсонлари ҳам жинсий фаолиятда салбий ҳолатларни юзага келтиради.
Унутмангки, эркакнинг ёши ўтиши билан жинсий ҳужайралар ишлаб чиқарилиши секинлашади. Шунинг учун ҳам шифокорингиз билан маслаҳатлашган ҳолда фойдали муолажаларни қўллаб туринг. Зарур витамин ва минераллар, шифобахш гиёҳлар асосидаги дамламалари бу борада сизга ёрдам бериши мумкин.
Алиев Акром, андролог-уролог.