Соғлом оила - соғлом келажак

Эрта климакс хавфлими?

Климакс – физиологик жараён бўлиб, аёл организмининг қариши натижасида келиб чиқади. Бу даврда организмда гормонал фон ўзгаради. Грек тилидан таржима қилинганда, «климакс» «зинапоя» сўзини англатади. Ҳозирги даврда климакс жараёнининг ёшариши кузатилмоқда. Ҳали 35-40 ёшдаги аёлларда ҳам бу ҳолат кузатилмоқда. Бу даврда бошланган климакс эрта климакс дейилади. Климакс касаллик бўлмасдан, балки табиий жараёндир.

klimaks

Климакс – аёл умри давомидаги жинсий тизим фаолиятининг ёшга мос сўниши билан ифодаланадиган жараёндир. Шунингдек, бу жараённи менопауза деб ҳам аташади.

Бу даврда аёлларнинг фарзанд кўриш қобилияти чекланади, ҳайз циклининг тўлиқ тугаши ёки мунтазам кузатилмаслиги билан характерланади. Климакс жараёни, одатда 50 ёшларда келиб чиқади. Бироқ, бу давр турли ёшда ҳам келиб чиқиши мумкин. Климакс жараёни айрим аёлларда жуда оғир ўтади. Уларда артериал қон босимининг кўтарилиб ё тушиб туриши, асабийчанлик кузатилади.

Климакс нима учун келиб чиқади?

Одатда климакс 40 ёшдан сўнг бошланади. Бу ёшда аёл организмида прогестерон ишлаб чиқарилиши камаяди. 45 ёшдан сўнг аёлларда эстрогенлар ишлаб чиқарилиши ҳам камаяди. Натижада ҳайз цикли бузилади, кейинчалик батамом тўхтайди. Бу климакс даври бошланишидир.

Климакс даври белгилари қандай?

Бирданига қизиб кетиш – климактерик даврдаги аёлларнинг ярмида кузатиладиган ҳолат. Бунда аёларда бирданига танасининг юқори қисмининг қизиб кетиши кузатилади. Бундан ташқари, юзларининг ва бўйнининг қизариши аниқланади. Одатда бу ҳолат бир неча дақиқа давом этади. Бу ҳолат айрим аёлларда умуман кузатилмаслиги мумкин, баъзиларида суткасига 50 мартадан зиёд келиб чиқади.

Тананинг бирданига қизиб кетиши, кўпинча, аёлларни кечаси безовта қилади. Натижада, аёлларининг уйқуси бузилади. Уйқунинг бузилиши толиқишга, кайфиятнинг тушишига сабаб бўлади. Бу ҳолатдан сўнг терлаш кузатилади. Терлаш шу даражада кучли бўладики, аёл пешанасини ҳам реза-реза тер босади. Либосларида ҳам тер доғлари пайдо бўлади.

  • Уйқусизлик – аёл кечаси узоқ вақт давомида ухлай олмайди.
  • Бош оғриқ – аёлларда доимий равишда безовталик, депрессия кузатилади. Шу тариқа бош оғриқ келиб чиқади. Бош оғриқ асосан, бошнинг пешана, чакка соҳаларида аниқланади.
  • Паришонхотирлик ёки хотиранинг сусайиши;
  • Эмоционал ҳолатнинг ўзгариб туриши;
  • Кайфиятнинг ўзгариб туриши;
  • Асабийчанлик;
  • Сурункали чарчоқ;
  • Уйқучанлик;
  • Ҳайз циклининг ўзгариши;
  • Кўп терлаш.

Юқоридаги белгилар келиб чиққач, ҳайз цикли тўлиқ тўхтатишигача бўлган муддат бир неча йилни ташкил қилади. Климакс даврида аёллар асосий эътиборни контрацепцияга қаратишлари лозим. Чунки бу даврда аёлларнинг жинсий қобилияти пасайса ҳам тухумдонлар ўз фаолиятини сақлаб қолади. Бу даврда кутилмаганда аёллар ҳомиладор бўлиб қолишлари мумкин. Чунки аёллар бу даврда ҳайз циклининг тўхташини циклнинг мунтазам бўлмаслигига йўйишади. Натижада, аксарият аёллар шу даврда ҳомиладор бўлиб қолишларини кечки муддатларда пайқашади. Бу даврда ҳам аёлларда соғлом фарзандни дунёга келтириш имкони мавжуд.

Эрта климакс белгилари кузатилса…

Эрта климакснинг илк белгилари кузатилиши билан аёллар гинеколог, онколог, эндокринолог кўригидан ўтишлари лозим. Шунингдек, қондаги гормонлар миқдори ҳам текширилиши керак.

Эрта климакс жараёнини қандай аниқлаш мумкин?

  • Гинеколог кўриги;
  • Қонда гормонлар миқдорини аниқлаш.

Эрта климакс нимаси билан хавфли?

Эрта климакс оғир ўтади, узоқ давом этади. Уларда терининг эрта қариши, ажинлар, пигмент доғлар пайдо бўлиши, кўкрак безлари шакли ўзгариши, қориннинг ёнбош соҳаларида, қоринда, сонларда, думбаларда ортиқча ёғ қатлами пайдо бўлиши кузатилади.

Шунингдек, аёлларда инфаркт ривожланиш хавфи олти мартага ошади. Атеросклероз ва юрак қон-томир тизими касаликларига мойиллик келиб чиқади. Аксарият аёлларда бу даврда қандли диабет касаллиги аниқланади. Гормонлар алмашинуви бузилиши саратон касаллигига, жумладан, кўкрак бези саратони касаллиги келиб чиқишига сабаб бўлади. Шу боис, аёллар йилига икки марта гинеколог кўригидан ўтишлари ва маммография текшируви тавсия этилади. Бу даврда шунингдек, аёлларда остеопороз келиб чиқиш хавфи ҳам ортади.

Аёлларга маслаҳат

  • Овқатланиш рационига денгиз маҳсулотлари, мевалар, сут, пишлоқ, сабзавотлар, кўкатлар, макарон ва таркибида углевод сақловчи маҳсулотлар киритилиши лозим;
  • Таомномада ширинликлар, тузланган, дудланган, ёғли таомлар олиб ташланади;
  • Тоза ҳавода сайр қилиш;
  • Климакс даврининг енгил ўтишини таъминлаш учун гормонотерапияни қўллаш мақсадга мувофиқ.

Ҳа, ҳар бир аёл организмида кечаётган ўзгаришларга эътиборли бўлиб шифокор маслаҳатига таянган ҳолда даво муолажаларини олиб боришлари кутилган натижани беради. Улардан ўз соғлиқларига беэътибор бўлмасликларини сўраб қоламиз.

Мутахассис: Ирода Каримова, акушер-гинеколог.
Манба: «Учқудуқ» газетаси.

Мақола сизга ёқдими? Ундай бўлса, баҳоланг!
1 баҳо2 баҳо3 баҳо4 баҳо5 баҳо

Загрузка...

Телеграмдаги расмий каналимизга аъзо бўлинг!

Аъзо бўлиш
loading...