Соғлом оила - соғлом келажак

Эркакларда ўрта ёш инқирози

Турмуш ўртоғим яқинда 38 ёшни қаршилади. Сўнгги вақтларда кескин ўзгарган, тез асабийлашади, тушкунликка тушишию кайфияти кўтарилиб кетиши ҳам осон. Ёш йигитларга ўхшаб кийинишга ҳаракат қилади. Ёшингизга ярашмади, десам, асабийлашади. У кишидаги бу ўзгаришларга қандай муносабат билдиришни билмайман. Бир тарафдан, кап-катта эркак, аммо ҳаракатлари ўсмир болани ёдга солади. Уларга қараб, эркакларда ҳам климаксга ўхшаган ҳолат бўлармикин, деб ўйланиб қолдим. Муносабатларимиз тобора ёмонлашиб кетишининг олдини олиш учун нима қилай?

orta yosh inqirozi

— Ўрта ёш инқирози — махсус атама бўлиб, хоҳ аёл, хоҳ эркак ҳаётидаги ўтиш нуқтасини билдиради. Бу ҳолатга тушган кишида руҳий ўзгаришлар: депрессия, кайфиятнинг тез тез ўзгариб туриши кузатилиши билан бирга, умуман кутилмаган ишлар ҳам қилиши мумкин. Эркакларда ўрта ёш инқирози 35-45 ёшларда содир бўлади. Бу ёшда киши ўз ҳаётига назар ташлаб, ҳаётий тажрибасини янгидан баҳолай бошлайди. Қарасаки, ёшликдаги имкониятларнинг кўпи бой берилган, қарилик эса эшик қоқиб турибди ва буни ўзгартириб бўлмайди.

Ўрта ёш инқирози аломатлари

  • Табиатан сокин бўлган эркак бироз сурбетлашиши ёки қувноқ феъллилар эса ўзи билан ўзи бўлиб қолиши мумкин.
  • Касбидан кўнгли тўлмайди. Аммо шунга қарамай, ўйламасдан пул сарфлашни одат қилиши ҳам мумкин.
  • Дўстлар. Ёшлигини эслаб, ўзини ўсмирлардек тута бошлаши мумкин. Жумладан дўстлар билан улфатчилик ҳам кўпаяди. Оила аъзоларига ва ўз масъулиятига эътибор бермай қўяди. Шу билан бирга, ичкиликка ҳам ружу қўйиш хавфи юқори.
  • Ҳаётида бошқа аёллар ҳам пайдо бўлиши мумкин. Инсон организми абадий машина эмас, у ҳам баъзан «бузилади». Бу ёшга кирган эркак эса одатда анчайин зарарли одатларга эга ва эски касалликлари ҳам секин-аста ўзини ёдга солади. Эркак жинсий қуввати ҳам секин-аста заифлашаётганини ҳис қила бошлайди.
  • Асабийлашиш, уйқусизлик, иштаҳасизлик ёки аксинча, кўп овқат ейиш муаммолари юзага келади.
  • Ҳаёти ўзи орзу қилгандек бўлмагани учун айбдорларни қидира бошлайди.

Бу сатрларни ўқиб туриб, қўрқиб кетманг, чунки бу ҳолатлар ҳамма эркакларда ҳам бўлавермайди. Яъни ҳар бир эркакда индивидуал ҳолатда кечади. Аммо турмуш ўртоғингиз бу даврни бошидан кечираётган бўлса, жанжал кўтаришга, уни айблашга шошилманг. Бутун оқилалигингизни йиғиб, ақл билан иш тутинг.

Дард изламанг, даво қилинг!

Эркак киши ўзи ҳам нимадир ўзгараётганини ҳис қилади, унда ўрта ёш инқирози даври эканини таъкидлашга ҳожат йўқ. Унинг руҳиятида ички тўқнашув юзага келган, ташқи тарафдан яна бир ихтилоф юзага келтиришингиз уни синдириши мумкин. Жуфтингизни ҳар қандай ҳолатда ҳам қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигингизни ҳис қилдиринг. Бу оғир жараёнда уни ёлғиз қолдирманг. Иложи борича зарарли одатлардан узоқроқ тутишга ҳаракат қилинг.

Қандай қилиб?

Албатта, «шу ёшда ҳам ақли кирмаган бўлса», деб хафа бўлишингиз мумкин. Аммо уни айблашдан ўзингизни тийинг. Аксинча, унга кўпроқ эътибор беринг, ҳаракатларини назорат қилинг. Бироқ турмуш ўртоғингиз сизнинг назоратингиз остида эканлигини сезмасин. Бу даврни ҳар иккингиз учун фойдали паллага айлантиришингиз мумкин. Масалан, биргаликда спорт билан шуғуллана бошланг, аввалига бу оддий эрталабки бадантарбия бўлсин, кейинчалик ҳар иккингизга фойдали спорт тури билан шуғулланиш мумкин.

Фарзандларингиз улғайиб қолган. Уларни бобо ва бувилариникига жўнатиб, иккингиз учун кутилмаган кечалар уюштиринг. Турмуш ўртоғингиз қайсидир хусусиятингизни танқид қилса, у билан сокин ўтириб, айбловларини тинглаб, тўғирлаш истагингиз борлигини билдиринг. Сиз ҳам унинг ўзингизга ёқмайдиган тарафини ўзгартиришини илтимос қилишингиз мумкин. Айбламанг!

Шунингдек, фарзандларингиз билан дала ҳовлига чиқиб келиш ёки биргаликда бирор иш билан шуғулланишни таклиф қилишингиз мумкин. Худди шундай маросимни дўстларингиз билан ҳам уюштиринг. Шунда турмуш ўртоғингизнинг эътибори ташқарига эмас, оила аъзоларига қаратилади.

Ёдингизда бўлсин! Аёл эри учун доимо сирли бўлиши керак. Бу сирлиликни маҳоратингизга кўра, пиширилган овқатдан тортиб, тўшаккача олиб боришингиз мумкин. Оқилалигингиз билан муносабатларни нафақат сақлаб қоласиз, балки уларни мустаҳкамлашга ҳам эришасиз.

Ушбу мақолаларни ҳам ўқинг:

Эксперт: Азизбек АХРОРОВ, руҳшунос.
Журналист: Мадина ЗАРИФ
Манба: «Суғдиёна» газетаси.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте, как обрабатываются ваши данные комментариев.