Соғлом оила - соғлом келажак

Эркаклар климакси ҳақида нималар биласиз?

Климакс даври фақат аёлларда бўлади, деганлар адашади. Нега дейсизми? Чунки бундай ҳолат эркакларда ҳам кузатилиб, бу даврда эркаклар климаксининг физиологик ва патологик турлари аёллар климаксидан тубдан фарқ қилар экан. Келинг, тўлиқроқ маълумот олиш учун «Малҳам» халқ табобати маркази раҳбари, профессор Абдуқодир САТТАРОВга юзланиб, ушбу хасталик ҳақида билиб олсак.

—   Климакс «климактерий» сўзидан олинган бўлиб, грекчада «зинапоя» деган маънони англатади. Бу даврни қарилик ва ёшликни бир-биридан ажратиб турувчи поғона деб ҳисоблаш мумкин. Худди шунинг учун климакс (менопауза) даврида аёл ва эркак ўз танасида рўй бераётган ўзгаришлар сабаб, баъзан тушкун, баъзида қувноқ, гоҳ ҳаммага заҳрини сочса, гоҳида эса атрофидагиларга беэътибор бўлиб қолади.

Эркаклар климакси

Тестостерон гормони қанчалик муҳим?

Тестостерон эркаклардаги асосий жинсий гормон бўлиб, жинсий аъзолар ва суяк-мушак тизимининг рисоладагидек ривожланиши, тукларнинг чиқиши, иккиламчи жинсий белгиларнинг пайдо бўлиши, жинсий майлнинг уйғониши учун масъул ҳисобланади. Қисқача айтганда, тестостерон эркакнинг эркаклик гормонидир.

Эркак организмида тестостерон гормонининг камайиб кетиши туфайли моддалар алмашинуви бузилади, жинсий майл сусаяди, жинсий ожизлик белгилари пайдо бўлади.

Гормонал бузилишлар тестостерон ишлаб чиқарилиши камайишига олиб келувчи сабаблардан биридир. Гормонал бузилишлар натижасида сперматогенез (сперма ҳосил бўлиши) ҳам бузилади. Баъзида бу жараён эркакларда сут безларининг катталашиши, мояк ва простата бези ҳажмининг кичрайишига ҳам олиб келади.

Баъзан айрим дори препаратлари қабул қилиш, инфекциялар, жароҳат ёки жарроҳлик операциялари туфайли моякнинг зарарланиши туфайли ҳам тестостерон ишлаб чиқарилиши камайиши мумкин. Бундан ташқари, узоқ давом этган руҳий тушкунлик, стресс ҳам шундай ҳолатга олиб келади. Шу ўринда барқарор жинсий ҳаёт кечириш ҳам муҳим аҳамиятга эга эканлигини унутмаслик лозим.

Ҳеч қандай таҳлилларсиз ҳам андропауза яқинлашаётганини сезса бўлади. Жинсий ожизликнинг бузилиши, жинсий майлнинг ва спермада репродуктив хусусиятнинг камайиши ушбу ҳолатнинг асосий белгилари ҳисобланади.

Қизиғи шундаки, юқорида айтиб ўтганимиздек, баъзи эркаклар климакс даврида таниб бўлмайдиган даражада ўзгаради, яъни аввалдан жаҳлдор, серзарда бўлган эркаклар бирданига ювош тортиб қолиши, мусичадек беозор эркаклар эса дуч келганга заҳрини сочадиган, ғазабнок одамга айланиши мумкин. Баъзан улар арзимаган руҳий таъсирларга ҳам берилувчан бўлиб қолишадики, буни билмаганлар уни қарилик психозига ёки неврологик касалликка чалинган дейиши ҳеч гап эмас.

Қайси босқичда бўлмасин, андропаузани даволаш даркор. Бу, энг аввало, эркакнинг ўзи учун керак. Оз бўлса-да, тестостерон даражасининг нормаллашуви ва бу гормон ишлаб чиқарилишининг изга тушиши эркакда ўзига бўлган ишончнинг ортишига хизмат қилади. Бу эса эркак учун энг муҳимидир.

Яна шуни унутмангки, айрим эркакларда андропауза, яъни климакс кўпинча 50-60 ёшларда бошланади. Бу давр организм ҳолатига қараб, турлича кечади. Масалан, соғлом ва бақувват эркакларда климакс нисбатан енгилроқ, сурункали касалликлар билан оғриганларда эса бироз оғирроқ ўтиши мумкин. Бу пайтда эркаклар ақлий ва жисмоний толиқишни ҳис этишади. Баъзиларида тушкунлик ва ҳафсаласизлик кузатилади, яъни уларда яшашга мойиллик ва аёлларга бўлган қизиқиш йўқолади. Бошқа гуруҳ эркаклар эса климакс даврида мигрен (бош оғриғи хуружи) ва қабзият (ич қотиши)дан азият чекишади. Аксарият эркакларда бу даврда қон айланиши ёмонлашиб, кўпгина жиддий хасталиклар юзага келиши мумкин. Шунингдек, бош айланиши, кислород етишмаслиги, кўкракнинг чап томонида тез-тез санчиқ туриши, асабийлик ва хотира пасайиши ҳам ёши ўтаётган эркакларни жиддий безовта қилади. Шундай аломатлар кузатилганда бемор уролог-андролог билан маслаҳатлашиб, тегишли даво чораларини кўриши зарур.

Эркаклар климаксига нима сабаб бўлади?

Климакс фақатгина аёлларга хос деб ўйласангиз, адашасиз. Бундай ҳолат эркакларда ҳам бўлади ва у андропауза деб аталади. Аёллар ва эркаклар климаксининг фарқи шундаки, андропаузадан кейин ҳам эркакларда репродуктив фаолият сақланиб қолади.

Андропаузанинг асосий белгиси эркаклик жинсий гормони бўлмиш тестостерон ишлаб чиқарилишининг камайишидир. Одатда, 30 ёшдан бошлаб тестостерон ишлаб чиқарилиши йилига 1-2 фоиздан камайиб боради. Андропаузага чалинган эркаклар ўртача 45 ёшда бўлади.

Эркаклар климакси турлари

Эркаклар климакси физиологик ва патологик турларга бўлинади. Физиологик климакс кексайиш пайтида аста-секинлик билан деярли сезиларсиз кечиши унинг хос белгисидир.

Патологик климакс эса кўпинча асабнинг кучли бузилиши, оғир стресс ҳолатга тушиб қолиш, уйқусизлик, тез чарчаш, бирданига семириб кетиш ҳоллари ва гормонал бузилишлар юз беришидир. Климакснинг бу турида юрак ва қон-томир касалликлари кўп учрайди. Тўсатдан юз қизариб кетиши, қўл-оёқларнинг увишиши ва музлаши, шунингдек, неврастения ҳамда истерия (тажанглик, серзардалик, ўзига ишонмаслик) ҳоллари кузатилади. Умуман, климакс даврида, асосан, жинсий безлар, шунингдек, буйрак усти, гипофиз, қалқонсимон без ва сперма ишлаб чиқарувчи мояк тўқималари атрофияга учрайди, ёғ қавати қалинлашади.

Андропаузанинг узоққа чўзилиши эркак организмидаги патологик жараёнлар билан боғлиқ. Лекин аксар ҳолларда эркаклардаги климакс даври узоқ давом этмайди. Айримларда бу жараён 1-2 йил, патологик ҳолатлар билан кечганда эса 4 йилгача чўзилиши мумкин. Худди шунинг учун 40-45 ёшдан ўтган эркаклар, энг аввало, ўзида кечаётган ҳолатни мутахассис шифокорга билдириб, климакснинг физиологик ва патологик эканлигини аниқлаши ҳамда зарур муолажаларни олиши керак.

Эркаклар ўзида климакс даври енгил кечиши учун қуйидаги тавсияларга риоя этиши лозим:

  • Ҳар куни таомлар таркибида А, С, Е, В гуруҳидаги барча дармондорилар бўлишини таъминлаш;
  • вақти-вақти билан қувват берувчи гиёҳлар (масалан, женьшень ёки лимон ўти) дамламаларидан ичиб туриш;
  • эрталаб камида 15 дақиқа жисмоний машқ билан шуғулланиш;
  • тўйиб ухлаш;
  • ортиқча вазндан қутулиш;
  • чекишни, спиртли ичимликлар ичишни ташлаш;
  • уйқудан олдин тоза ҳавода ярим соатча сайр қилиш;
  • жинсий алоқани узоқ вақтга тўхтатиб қўймаслик.

Булардан ташқари, тез-тез уролог қабулида бўлиб, пешоб йўллари ва простата бези фаолиятини текширтириб туриш зарур. Чунки климакс даврида сийдик чиқариш йўллари ва жинсий аъзоларда ўзгаришлар юз бериши кузатилади.

Нималарга риоя қилиш керак?

Ҳар бир аёл ёки эркак климакс даврига қадам қўймасидан илгарироқ (яъни 35 ёшдан кейин) тез-тез мутахассис шифокор кўригидан ўтиб туриши лозим. Чунки тиббий текширувлар жинсий аъзолардаги яллиғланиш хасталикларини аниқлабгина қолмай, улар зўрайиб, саратонга айланишининг олдини олади. Климакс аломатлари рўй берганда мутахассис шифокор ҳамда невропатолог маслаҳатларига амал қилиш лозим. Шундагина климакс даври енгил кечиши мумкин.

Бундай вақтда инсон ўз организмидаги хавотирли импульсларни «эшитмаслиги» ва бунинг ўрнига фаол ҳаракатда бўлиши зарур. Шунингдек, климакс даврида муттасил меҳнат билан банд бўлиш, спорт билан шуғулланиш, аччиқ ва шўр таомлардан воз кечиш лозим.

Кўпчилик климакс пайтида дори-дармон ичишга шошилади. Тўғри, бугун таркибида эстроген гормони сақлайдиган юзлаб дорилар мавжуд. Лекин уларни шифокор рухсатисиз ичиш оғир оқибатларга олиб келади. Масалан, аёлга бу дорилар ёқмаса, кўкрак безлари фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши ёки жинсий аъзоларда эндигина пайдо бўлаётган ўсмаларни ривожлантириб юбориши мумкин. Эркакларда эса билиб-билмай ичилган дорилар юрак-қон томирлари ва асаб толаларига зарар етказиши эҳтимоли юқори. Демак, бундай вақтда аёлу эркак дори-дармон ичмасдан туриб ҳам ўз организмини назорат қилиши, ҳар қандай ҳолатда хотиржам бўлиб, вақтида дам олиши, ўзини руҳий ва жисмоний зўриқишлардан асрамоғи керак.

Мавзуга алоқадор мақола: Андропауза қандай аниқлаш мумкин?

Эксперт: Абдуқодир САТТАРОВ,  профессор
Манба: «Ҳордиқ» газетаси.
Сайт: Dnk.uz

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте, как обрабатываются ваши данные комментариев.